Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Диққат, совуқ! Қишлоқдаги қишлов муаммолари

Диққат, совуқ! Қишлоқдаги қишлов муаммолари

Фото:«Precision Cutting Services»

Келинг, космик кемалар фазони кезиб юрган тараққиёт пайтида мен сизга унчалик хуш келмайдиган муаммо ҳақида гапириб бераман. Дунёнинг исталган гўшасини жонли эфирда кўриш мумкин бўлган ижтимоий тармоқларни ҳамда ўзида миллионлаб тасвирларни жамлаган видеохостингларни ўчириб... менга қулоқ тутинг.

Яқинда ёмғир ёғди (ёғса ёғибди-да, дерсиз) ва ўзи билан олам-олам муаммоларни ҳам бошлаб келди. Қўққисдан совуқ тушди. Совуқ деса, кўз ўнгимда гуриллаб ёнаётган печка ёки ичида чўғи «бозиллаб» туган сандал келади (ибтидоий романтика). Аммо қишлоқда ана шу печкага ўтин ёки кўмир топиб бериш катта маъсулият, маблағни талаб этади. Ҳамма гап мана шунда.

Ҳар йил совуқ тушгач, қишлоқда яшовчи оддий оиланинг ҳаётида ҳам «кичик» синов бошланади. Биринчидан, қишда сени уйингни ҳеч ким иситиб бермайди. Иккинчидан, бир қишга етадиган кўмир сотиб олиш учун анча-мунча пул керак.

Битта йўли қолади — дарахт кесиш. Бахтимизга қишлоғимиз сердарахт, ёнғоқлар қучоғингга сиғмайди, катта далаларнинг четини қатор тутлар эгаллаган. Лайлакқор уриб турганда, болтани кўтариб, далага чиқасан. Одамларни кўзини шамғалат қилиб, битта дарахтни кесасан. Икки кундан кейин яна биттасини... Уйингда чой қайнаган, печнинг устида овқат пишган. Болаларинг танасига иссиқ кирганидан хурсанд. Ташқарига чиққинг келмайди, совуқ «чақиб олади». «Қиш ўчоғи тор» деган гап бор-ку.

Икки-уч йил шу тахлит давом этади. Онда-сонда пиллачилик бўйича масъул бўлган ва одамлардан ҳар мавсум пул йиғиб олиб, жиғилдонига уришдан бошқасига ярамайдиган масъуллар, экология хавф остида эканлигидан ваъз ўқиб, ўзи қаҳратонни шаҳарда ўтказиб келадиган «Тошкентбой»лардан бошқа ҳеч ким мушугингни пишт демайди…

Қор ёғаверади, ер музлайди, дарахт кесилади, печкага ўт қаланади… Бу —худди Ер қуёш атрофини ҳар йили айланганидек, мунтазам давом этадиган жараён.

Қишлоқ тобора яланғочлашиб бораётгани, йил қуруқ келиб, лалмикор далалар тош ерга айланиб, ҳеч кимга керак бўлмай қолаётгани, саёзлашган дарёнинг четида шолипоялар йўқолиб, тонна-тонна тош-қумлар машинага ортилиб, пулланаётгани сен ва ҳамқишлоқларингни дарахт кесишига алоқаси йўқдек туюлади.

Аслида, барча қулай коммунал шароитлардан маҳрум инсонга булар ҳақида ваъз ўқиш адолатдан эмас.

Шаҳарлик юртдошингни уйида гази, иситиш тизими бор. Унинг кўзига сен табиат душмани бўлиб кўринасан. Баъзилар сенинг арра ва болтангни ёмонлаб, ҳашаки машқлар ҳам ёзади, «жабр остидаги она табиатни» мадҳ этади.

Аммо сенга уларнинг оҳ-воҳлари бир тийин. Сенга уйингни тезроқ исиши муҳим. Қўлингда болта, дарахт кесишга кетяпсан, чунки кечадан совуқ тушди. Мен сени айблай олмайман.

Мен оддий халқнинг муаммосига бефарқ, сени дарахт кесишдан қайтариб, бошқа мақбул йўлни кўрсатиш қўлидан келмаган маҳаллий масъулларни айблайман.

Далада сийраклашиб қолган дарахтларни ҳимоя қилишни уддасидан чиқмаётган экоинспекция вакилларини айблайман.

Қишлоққа труба ётқизиб қўйиб, лекин неча йиллардан бери газ бермаётганларни, одамлар қийналаётганини кўрса-да, ўзи шаҳарда беғам қишлаб юрганларни айблайман.

Жамиятдаги муаммоларга ўз ечимини бермаётган аҳли илмни айблайман.

Ва ниҳоят, шунча вақт журналист сифатида журъатсизлик қилиб, миқ этмаганим учун ўзимни айблайман.

  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг