Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга нима мақсадда келганини айтди
Тошкентга ташриф билан келган Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигининг қатор соҳалардаги истиқболлари ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Муштарак мақсадларимиз сари бир қанча қадамлар ташлаяпмиз. Кичик бизнесни ривожлантириш учун янги инвестиция фондини ташкил этдик. Шунингдек, «яшил» технологиялар ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқдамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Британиянинг 10 дан ортиқ университетлари фаолият юритмоқда. Биз эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан бу кўрсаткични қандай ошириш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашдик. Шубҳасиз, иш ўринлари сонини кўпайтириш, савдо, бизнесни кенгайтириш ва «яшил» технологияларни жорий этиш бизнинг манфаатларимизга мос келади», дейди Дэвид Кэмерон.
Вазир Ўзбекистонга нима мақсадда келгани ҳақида ҳам фикр билдирган.
«Ўзбекистон ўз йўли ва тараққиётини белгилаб олган. Бугун биз бу ерда таълим, бизнес ва савдо соҳаларидаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантиш ва бир қатор масалаларда биргаликда қандай ишларни амалга оширишимиз мумкинлиги ҳақида фикр алмашиш учун йиғилдик», дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter