Депутатликка «уриб» қўйган, журналистни ҳақоратлаган фермер депутатликдан урилди
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида мактаб ўқувчисини ўласи қилиб калтаклаган ва журналистни ҳақорат қилган депутат партия ҳамда депутатлар сафидан чиқарилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеПнинг расмий телеграм-канали маълум қилди.
Гап нимада?
Депутат Панжи Нуртоев ўғли билан биргаликда ўсмир болани ўласи қилиб калтаклаган. Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида депутат билан боғланган «Дарё» мухбирини қаттиқ ҳақорат қилган.
«Хоҳласанг, республикадаги Актамовми (ЎзЛиДеП Марказий Кенгаши раиси Актам Ҳайитов назарда тутилмоқда — «Дарё» изоҳи) деган анавига бор, спикерми? Танзила Норбоевага ҳам бор, депутатликни ҳам уриб қўйибман, сени ҳам уриб қўйибман», — деган депутат журналист билан суҳбатда.
Набирасини «ушлаб олган»
Прокуратура ахборотига кўра, 2006 йилда туғилган, Қамаши тумани ХТБ қарашли 22-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Элшод Келдиёров шу мактабнинг 8-синфида ўқувчи, вояга етмаган Ч.П. билан ўзаро телефон орқали ишқий муносабатда гаплашиб юрган. Элшод Келдиёров 2022 йил 3 ноябрдан 4 ноябрга ўтар кечаси 02:35 ларда қизнинг уйига борган ва дераза орқали унинг ётоқхонасига кирган. Шунда Панжи Нуртоев Элшод Келдиёровни қизининг ётоқхонасида ушлаб олган. П.Нуртоев ўғли Шерзод Нуртоев билан бирга вояга етмаган Э.Келдиёровни уриб, унга тан жароҳати етказган.
Шу куни тунги соат 04:00 ларда вояга етмаган Элшод Келдиёров бош мия ёпиқ шикасти, бош миянинг чайқалиши, юзининг кўп сонли тўқималари лат ейиши билан Қамаши туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳолат Қамаши туман ИИБнинг навбатчилик қисмидаги «Шакл-1» китобига рўйхатга олиниб, дастлаб терговга қадар текширув ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан олиб борилган.
Панжи Нуртоев Халқ депутатлар Қамаши туман Кенгаши депутати бўлганлиги сабабли, терговга қадар текширув ҳаракатларини давом эттириш учун тўпланган ҳужжатлар Қамаши туман прокуратураси иш юритувига ўтказилган.
Депутатликдан ҳайдалиш
Ҳолат юзасидан 5 ноябр куни Қамаши туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари туман кенгашига ЎзЛиДеПдан сайланган депутатларнинг қўшма мажлисида депутати Панжи Нуртоевнинг партия аъзоси, қолаверса, туман кенгаши депутати номига доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлари атрофлича муҳокама қилинган.
Йиғилиш иштирокчилари Панжи Нуртоев кўп йиллардан бери туманда фермерлик ҳаракати ривожига ҳисса қўйиб келаётгани, «Мирзадала Норбой» фермер хўжалиги раҳбари сифатидаги фаоллиги инобатга олган ҳолда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига илгари сурганлиги айтиб ўтилган.
«Лекин, буларнинг барчаси шу кунларда у томонидан содир этилган салбий ҳолатларни оқламаслиги кўрсатиб ўтилди. Ҳуқуқий давлатда ҳеч кимга ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқа шахсга жисмоний куч ишлатиш, ўзбошимчалик билан, қонунни қўпол тарзда бузиб, жазо қўллаш ваколати берилмаганлиги таъкидланди.
Панжи Нуртоев томонидан мактаб ўқувчиси бўлган йигитнинг ножўя хатти-ҳаракатларига жавоб тариқасида аёвсиз калтакланганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслиги айтиб ўтилди.
Қолаверса, мазкур воқеага аниқлик киритиш мақсадида унга мурожаат қилган журналистнинг саволларига берган бемаъни жавоблари, хусусан, ишлатилган ҳақоратли сўзлари нафақат унинг ўзи, оиласига, балки у аъзо бўлган партиянинг обрўсига, депутатлик шаънига жиддий доғ туширди», — дейилади партия ахборотида.
ЎзЛиДеП Қамаши туман кенгаши ўз ваколатларидан келиб чиқиб, ўзининг амалдаги қонунларга зид ҳаракатлари билан партия шаънига доғ туширгани учун O‘zLiDeP Уставига асосан Панжи Нуртоевни партия сафидан чиқариш масаласини овозга қўйган. Ушбу таклиф мажлис иштирокчилари томонидан қабул қилинди. Шунингдек, уни депутатликдан чақириб олиш борасида Халқ депутатлик Қамаши туман кенгашига тавсиянома киритиш масаласи ҳам овозга қўйилиб, иштирокчилар томонидан маъқулланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter