Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депрессиядан азият чекаётганларга мутолаа ёрдам беради

Депрессиядан азият чекаётганларга мутолаа ёрдам беради

Фото: «Newsline»

Охирги йилларда кўп (ёки умуман) китоб ўқимай қўйдик. Тўғри-да, тайёр телевизор, интернет турганида китобга йўл бўлсин...

Ҳар куни сериал қаҳрамонларига қўшилиб дард чекамиз, севимли футбол командамиз ютқазиб қўйса куюнамиз, буёқда интернет тинмай янгиликларни улашиб ётибди: кимдир ёнган, чўккан, она боласини, ўғил отасини... Хуллас, бу улкан ахборот оқими бизни қаёқларга олиб кетаётганини англашга-да вақтимиз йўқ. Юракда эса ғашлик.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда бугун сайёрамиздаги ҳар тўртинчи киши депрессия (руҳий сиқилиш)дан азият чекмоқда. Энг ёмони олдинда — ана шу ташкилотнинг прогнозларида 2020 йилда ҳар иккинчи одам депрессия чангалига тушиб қолиши айтилган. Охирги йилларда касаллик ёшариб боряпти, илгари 30 — 45 ёшдан бошлаб кузатилган бўлса, ҳозир 15 — 17 ёшлилар ҳам унинг чангалига тушмоқда.

Китоб ўқимаслигингиз жуда ёмон. Бу психолог ва психиатрларнинг фикри. Китоб ўқиса одам фикрлайди, демакки, миясини ишлатади, саводи ошади, биратўла юрагидаги ғашликдан ҳам қутулиб олади. Ўйлаб қоласан киши, бугун жамиятимизни кузатаркансан, айнан китоб етишмаётганга ўхшайди.

Хорижда китоб билан даволашни йўлга қўйишибди — библиотерапия дейишади. Мутахассисларнинг айтишича, хоҳ қоғоз, хоҳ электрон китоб бўлсин, барибир, ўқийвериш керак, шунда кайфият чоғланади, инсонда руҳий қониқиш ҳисси пайдо бўлади, ичимиздаги ҳадик ва тажовуз даф бўлади. Агар кўзингизга дам бермоқчи бўлсангиз аудиокитоблар ҳам бўлаверади.

Италиянинг Турин университети ходимлари депрессиядаги беморларнинг аҳволи библиотерапия билан даволанганда анча ўнгланганини қайд этишди. Айрим беморлар антидепрессантларни қабул қилмай қўйишди. Бу ҳолатга шифокорларнинг жавоби шу: депрессияга учраган кишилар доим “ғилоф”да юришади, китобларни ўқишаркан, гарчи бу бировлар тақдири, гарчи бу воқеалар тўқима бўлса-да, уларда эртанги кунга умид уйғонади.

Китобниям китобдан фарқи бор, албатта. Масалан, руҳий сиқилишни даволашда детектив асарлардан яхшиси йўқ. Китобда тасвирланган жиноятчи қўлга тушишига, ҳақиқат барибир қарор топишига ишонган ўқувчи реал ҳаётда ҳам шундай бўлишига ишонади ва аста-секин унинг дарди чекина бошлайди. Асарда тасвирланган кишиларнинг оғир ҳаёти, уларнинг ташвишлари олдида ўзининг муаммоси сариқ чақага ҳам арзимаслигини англаш эса инсонни ҳаётни қадрлашга, унинг ҳар бир онидан унумли фойдаланишга ундайди.

Америка коллежининг битирувчиси то умрининг охиригача ўртача бешта китоб ўқиркан. Антидепрессантларга эса бир йилда бу мамлакат аҳолиси салкам 20 миллиард доллар сарфлайди. Хулосаси ўзингизга ҳавола.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг