Денгиз қароқчилари капитанни ўлдириб, кемани ўғирлаб кетишди
Венесуэла миллий ассамблея депутати Омар Гонсалес Пуэрто-ла-Крус рўпарасида Посуэлос бухтасида денгиз қароқчилари грек байроғи остида «Сан-Рамон» кемасига ҳужум қилиб, унинг капитанини ўлдирганини ОАВга маълум қилди.
Порт жойлашган Ансоатеги штати депутати Гонсалеснинг таъкидлашича, бу мазкур ҳудудда денгиз қароқчиларининг юк кемасига биринчи ҳужуми ҳисобланади. Илгари асосан кичик сайёҳлик кемаси ва яхталар ҳужумга дучор бўлган.
24 февраль кечаси олти нафар қуролли жиноятчи тезюрар қайиқда турган кемага яқинлашган ва альпинистлар аслаҳа-анжомлари ёрдамида бортга чиқиб олишган. Кема экипажи — Колумбия фуқароси бўлган капитандан ташқари яна етти нафар колумбиялик, икки нафар венесуэлалик ва кубалик асир олинган.
«Миш-мишларга қараганда кема сейфида 36 минг долларча катта пул маблағи бўлган. Денгиз қароқчилари экипажни асир олишгач, капитандан пуллар қаерда сақланишини қайта-қайта сўрашган. Охирида бошига қарата ўқ узишган», — дейди депутат кема эгаси адвокати маълумотларига таяниб. Депутатнинг сўзларини «Semana» нашри келтирган.
Унинг айтишича, ўғирлик пайтида кемада бўлган соҳил хавфсизлик ходими яраланган, яна бир экипаж аъзоси, электр устаси ҳужум вақтида кемадан сакраган ва ҳалигича топилгани йўқ.
«Сан-Рамон» 65 кундан бери Пуэрто-ла-Крусда турибди, ҳукумат контрабанда гумони билан уни тўхтатган, бироқ ҳужум вақтида кеманинг кетиш учун ҳужжати бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter