Демократик давлатларда интернетдаги изоҳлар учун ким жавобгар?
Ижтимоий тармоқда саҳифасига пост ёзиб қолдираётган фойдаланувчи (журналист, блогер ва бошқа) фикрларининг тўғри-нотўғри, асосли ё хато, туҳмат, умуман чин ёки ёлғонлиги учун ўзи жавобгар. Бироқ муаллиф пости тагига ёзиб қолдирилган изоҳлар учун ким жавобгар? Шу кунларда ушбу масала қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Шунинг оқибатида мазкур ҳолат миллий қонунчилигимизнинг «бўш» жойларини кўрсатиб қўйди. Демак, халқаро ва хориж амалиётини ўрганиб таҳлил қилишга эҳтиёж бор. Қуйида айрим давлатлар қонунчилигида қатъий белгилаб қўйилган тартиб-тамойиллар ҳақида сўз юритамиз.
Германия қонунчилигида бу «Ахборот ва коммуникация хизматлари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади. Унга кўра, Интернет фойдаланувчилари таркибий хизмат кўрсатувчи провайдерлар, кириш хизматларини кўрсатувчи провайдерлар ҳамда саҳифа эгаси бўлган фойдаланувчиларга ажратилади.
Шундан келиб чиқиб, уларнинг жавобгарлик масаласи ҳам турлича белгиланган. Бунда таркибий хизмат кўрсатувчи провайдер фақат ўзи киритган маълумотлар учунгина жавобган, кириш хизматларини кўрсатувчи провайдерлар эса унданда камроқ жавобгарликка эга. Улар орасида саҳифа эгалари (ҳост провайдерлар) энг кўп жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Саҳифа эгаларининг бошқа шахслар изоҳлари учун жавобгарлиги «техник имконият мавжудлиги» ҳамда «жойлаштирилган маълумотни билиш» орқали белгиланади. Саҳифа эгаларининг техник имкониятлари мавжуд бўлса, ноқонуний маълумотларни ўчириш ёки уларга чеклов ўрнатиши лозим.
Францияда «Алоқа эркинлиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Унда Интернет фойдаланувчилари ўз саҳифаларида эълон қилинган бошқа шахсларнинг тақиқланган изоҳлари, материалларини суд ёки манфаатдор учинчи шахсларнинг талаби билан дарҳол ўчириши лозимлиги белгиланган.
Жанубий Кореяда ёлғон ахборот натижасида зарар етказган ёки зарар етказилишига сабаб бўлган ҳар бир шахс жавобгардир. Қолаверса, Корея Фуқаролик кодексида «биргаликдаги жавобгарлик» тушунчаси мавжуд. Судлар мазкур нормалар асосида Интернет фойдаланувчиларнинг ўз саҳифаларидаги учинчи шахслар томонидан қилинган туҳмат ва бошқа ёлғон ахборотларни оқилона муддатда ўчириб юбориши кераклиги, акс ҳолда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини уқтиради.
Швецияда 1998 йилдаёқ «Электрон ахборот доскалари учун жавобгарлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Ушбу қонун билан Интернет саҳифалари эгаларига ноқонуний ёки муаллифлик ҳуқуқини бузувчи маълумотларни зудлик билан олиб ташлаш мажбурияти юкланди. Табиийки, мазкур мажбурият саҳифа эгаларининг ўз аъзолари фаолиятини доимий кузатиб боришини тақозо этади.
Буюк Британия Интернет орқали қилинадиган туҳматлар учун ҳуқуқий ечимларни ўрнатган дунёдаги биринчи давлатлардан бири ҳисобланади. Буюк Британиянинг 1996 йилги «Туҳмат тўғрисида»ги қонунига биноан, туҳмат тўғрисидаги ишда шахс қуйидаги ҳолатларда жавобгар бўлмаслиги қайд қилинган:
- шахс шикоят қилинган баёнотнинг муаллифи, муҳаррири ёки ношири бўлмаса;
- шахс эълон қилган маълумотларига етарлича эътибор қаратган бўлса ва туҳматга оид маълумотларни тарқатганини ёки шундай маълумот тарқатилишига сабабчи бўлганини билмаса.
Бундан ташқари, Британиянинг 2013 йилдаги «Туҳмат тўғрисида»ги қонунига кўра, суд туҳмат учун унинг муаллифи, муҳаррири ёки ношири бўлмаган шахсга нисбатан иш қўзғатиш ҳуқуқига эга эмас.
Агар суд туҳмат тўғрисидаги баёнотнинг муаллифи, муҳаррири ёки ноширига нисбатан иш қўзғатиш мантиқий асоссиз деб ҳисобласа, туҳмат учун жавобгарлик бошқа шахсга юклатилиши мумкин.
Канаданинг «Туҳмат тўғрисида»ги Қонунига биноан эса, умумий қоидага кўра инсон фақат ўзининг туҳмат материаллари учун жавоб беради. Шунга қарамасдан буни истисно қилувчи бир қатор ҳолатлар ҳам мавжуд.
Унга кўра, саҳифа эгаси ўз номидан туҳмат қилиш учун бошқа шахсга ваколат берса ёки шунга қасд қилса, ёки учинчи шахс томонидан қилинган туҳмат саҳифа эгаси эълон қилган постнинг яққол натижасида келиб чиқса, саҳифа эгаси улар учун жавобгар ҳисобланади.
Хориж тажрибасидан англашиладики, аксар ривожланган давлатларда учинчи шахслар томонидан қолдирилган қонунга зид изоҳлар учун у ёки бу даражада саҳифанинг эгасига жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон қонунчилиги бу борада анча либерал, кескин ва қатъий чекловлар қўйилмаган. Аммо тарқатилаётган ахборот учун масъулият ва жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Интернет фойдаланувчилари шарҳларга нисбатан ҳушёрликни фақат жавобгарликдан қўрқиб эмас, ижтимоий мажбурият сифатида зиммасига олиши энг мақбул йўл саналади. Тармоқдаги баҳсларнинг ташаббускори ва иштирокчиси сифатида қонунларга ва ўзгаларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ эканини эслатиб ўтиш жоиз.
Х. Раджапов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter