Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Даврон Ғойиповнинг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди

Даврон Ғойиповнинг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди

Отаси ўз жонига қасд қилган, акаси ўлдирилган, ўзи қамалиб олис ўлкаларга юборилган Даврон Ғойипов ҳақида таниқли журналист Анвар Намозов пост қолдирди.

Равшан Намозовнинг вафотидан икки ҳафта ўтмай, яна бир истеъдод эгаси Даврон Ғойипов ҳаётдан кўз юмди. Унинг отаси Рўзмат Ғойипов бир замонлар Қашқадарё «обком»и бўлган, пахта ишида айбланиб, терговга тортилган. Ҳибсга олиш учун уйига боришганида у ўз жонига қасд қилган, улкан ханжар билан бўйнидан бўғизлаган эди.

Бу пайтда замонавий эстрада билан шуғулланган Даврон Ғойипов ҳам терговга тортилади. У беш йилдан кўп вақт қамоқ жазосини ўташга мажбур бўлди. Айтишларича, Д.Ғойиповни совуқ Сибирь ўлкасига юборишган. Ашаддий мусиқачи қамоқдалик пайтида ҳам мусиқий гуруҳ тузган, қўшиқлар ижро этган экан.

Озодликка чиққач, у маълум муддат Россияда ишлади. Ўшанда Д.Ғойиповнинг кўчада мандарин сотаётгани ва «Ўзбекистонда ҳеч ким рок-н-ролл»ни тушунмайди дегани ТВ орқали кўрсатилган эди.

Кейин у Ўзбекистонга қайтди. Янги гуруҳ тузди. Қўшиқлар ёзиб, ижро этди. Аввалги мухлислари сафига янгилари қўшилди, улар сони тобора ошиб борди.

Даврон Ғойипов маълум вақт «Ўзбекнаво»да ҳам ишлаган. Бунда акаси – Тошкент аэропорти раҳбари бўлган Арслон Рўзметовнинг ёрдами катта, албатта.

Арслон Рўзметовнинг Ўзбекистон авиациясидаги хизмати катта. Аммо, бу инсон 2008 йилда қамоқда вафот этди...

Даврон Ғойипов сиёсатга аралашмас, унинг дунёси мусиқа, эстрада, рок, поп йўналиши эди. «Ёшлар» телеканали ташкил этилганида «Давр» информацион дастуридан тортиб, об-ҳаво маълумоти мусиқаларигача Д.Ғойипов ёзиб берган.

Акасининг вафотидан сўнг Даврон Ғойипов бир қадар эътибордан қолди. Ҳатто тақиққа тушди.

Шахсий ҳаёти ҳақида Д.Ғойипов гапиришни хоҳламасди…

У жонли куйлаш тарафдори эди. Бир интервьюсида фонограммада қўшиқ айтадиганларни саҳнадан супуриб ташлаш кераклигини таъкидлаганди. Бу гаплари ўзгартирилмай газетада чиққанида қувониб кетган, қайта-қайта ўқиб чиққан эди.

Сўнгги телефон қўнғироқларидан бирида у ёши ўтаётгани, чарчаб қолаётганини айтди. Аслида, энди маълум бўлишича, автоҳалокатга учраган ва саломатлигига жиддий путур етган экан. Шу туфайли ўзининг таваллуд кунини яқинлари ва дўстлари даврасида кутиб олиш унга насиб этмади.

Даврон Ғойиповнинг беқиёс санъатини, оҳанграбо мусиқасини ҳамма ҳам тушунмаслиги, қабул қилмаслиги мумкин, аммо ҳақиқий мухлислари умрлари охиригача Ғойипов феномени шинавандалари бўлиб қолаверадилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг