Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Собиқ «обком»нинг ўғли, Қашқадарёнинг эрка «шаҳзода»си Даврон Ғойиповни эслаб...

Собиқ «обком»нинг ўғли, Қашқадарёнинг эрка «шаҳзода»си Даврон Ғойиповни эслаб...

Кўп қолди дилда армоним,

Дардим кўп йўқдир дармоним,

Таъриф айлай достоним,

Қуриган боғ-у бустоним,

Етиб келди зимистоним,

Хазон бўлган баҳор оним,

Йиқилди тахт-у сомоним,

Ўтди беш кунлик давроним.

Ҳа, ҳеч кимга вафо қилмаган беш кунлик давру даврон ҳақидаги нолаларни ижро этган Даврон Ғойипов энди орамизда йўқ. У ўз вақтида собиқ «обком»нинг ўғли, Қашқадарёнинг эрка «шаҳзода»си бўлган бўлса, асли ижодда ўзбек рокерларининг қироли, собиқ иттифоқнинг ёрқин юлдузи эди.

Бугун унинг ижод йўли ҳақида ўйларканман, беихтиёр олис ўтмишдаги «гуллаган» ижодий даврлари ёдга тушади. Эсимда, ўша пайтлар ҳар бир овоз ёзиш жойларида унинг қўшиқлари янграр, аудиокасетталарига буюртмалар навбатма-навбат бўлар эди.

Ўзбек тўйлари унинг «Эй Санам», «Қайтма» каби қўшиқларисиз ўтмасди. Ҳашаматли ресторанларда «элита давралар» ҳам унинг хит қўшиқларини буюртма қилар эди. Лекин у ҳечам телевидениеда кўриниш бермас, унинг ташқи кўриниши билан эса, аудиокассеталар ғилофидаги расмлар орқали танишган эдик. Унинг кўриниши ижодига мутаносиб, тасаввурда қанақадир мавҳум, сирли туюлар, расмларда у космонавтлар либосида, имиджи ҳам ўта замонавий эди. Ижоди ҳам, кўриниши ҳам гуёки ўзга олам вакилларига ўхшарди.

Ҳали ўзбек санъатида қўлда тор олиб, қўшиқ куйлаш урфда бўлган пайтлар, барчани ҳайратга солиб, янги рок йўналишида ижод қилиш, унга катта машҳурлик олиб келган эди. Унинг қўшиқларидаги жонли чалинган гитара, басс, гармония, нолалар, ҳаммаси оригинал, ҳаммаси ўзига хос эди. Ўша пайтлар унинг концертлари аншлаг бўлар, профессионал ижро, жонли вокал ва саҳнадаги рақслар ҳаммаси бетаркор эди.

Шунақа мўжизакор ижоди билан Даврон Ғойиповнинг «Оригинал»и, ўзининг қўшиқлари билан бутун собиқ СССРни, ҳатто ўша даврлар жаҳон юлдузи бўлган Алла Пугачёванинг эътирофига сазовор бўлганди.

Ўшанда қаршилик «шаҳзода» яратган қўшиқлар сабаб, «Примадонна» Алла шахсан ўзи унинг олдига ташриф айлаган экан.

Ахир ўша даврларда «Кўзларинг», «Керак эмас», «Шошмагин» каби шедевр қўшиқларни ижод қилишнинг ўзи мўъжиза эди-да. Ҳатто техника ривожланган айни вақт ҳам бу каби қўшиқларни ижро этиш имконсиздек. Унинг бугун ретрога айланган мўъжизали асарлари, гўё ўз замонидан илгарилаб яратилгандек, кейинги авлод учун ҳам аталгандек. Афсус, у энди орамизда йўқ, лекин келажак авлод қалбида, у сеҳрли нолалари билан тоабад яшаб қолаверади.

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг