Электр ва газ ускуналари даврий давлат қиёсловидан ўтказиш бепул бўлдими?
Бундан буён истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини даврий давлат қиёсловидан ўтказиш учун ҳақ тўлашмайди. Бунинг сарф-харажатлари, шунингдек, истеъмолчиларнинг ушбу ускуналарни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик тегишли равишда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотларига юклатилади.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдан кучга кирган «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Бироқ ушбу норма электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини даврий давлат қиёсловидан ўтказишдаги барча ҳолатларга татбиқ этилмайди. Нормада фақат замонавий, яъни электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимларига интеграцияланган ҳисоблагичлар хусусида сўз бормоқда. Замонавий талабларга жавоб бермайдиган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш харажатлари истеъмолчи (мулкдор) томонидан мустақил равишда тўланади.
Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари» ҳамда «Табиий газдан фойдаланиш қоидаларида яна битта шарт кўзда тутилган. Унда айтилишича, табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини таъмирлаш ва давлат қиёсловидан ўтказиш учун харажатлар уларнинг мулкдори томонидан қопланади. Демак, агар фуқаро унга ўрнатилган ҳисобга олиш ускунаси учун тўловни амалга оширган бўлса, у унинг мулкдори ҳисобланади ва уни даврий қиёсловдан ўтказиш ишлари учун ўзи тўловни амалга ошириш керак. Агар ҳисоблагич газ таъминоти ташкилоти томонидан ўрнатилган бўлса ва истеъмолчи унинг қийматини тўламаган бўлса, даврий қиёслов ҳам бепул ўтказилади.
Юқорида кўрсатилган қоидалар фақат ҳисобга олиш ускуналаридан лозим даражада фойдаланилган тақдирда ишлайди. Агар ҳисоблагичга истеъмолчининг айби билан зарар етказилган, ишдан чиқарилган ёки йўқотилган бўлса, уни алмаштириш, таъмирлаш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва ўрнатиш учун тўлов истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter