Давлат чегарасини кесиб ўтишда ундириладиган айрим йиғимларни тўлаш муддати узайтирилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 03.10.2023 йилдаги 522-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назорат тартиботларини соддалаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
2024 йил 1 январдан бошлаб республикага кириб келаётган ва транзит ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказишда, чегара ўтказиш пунктларида ундирилиши белгиланган йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш имконияти яратилади, чет давлатлар автотранспорт воситаларининг республика ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзит учун йиғим ҳамда божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш учун божхона йиғими бундан мустасно.
Йиғимлар миллий валютада тўланади.
Йиғимларни тўлаш учун ҳисобварақлар «E-tranzit» тизимида шаклланади ва уларни QR-код орқали тўлаш имконияти яратилади.
Йиғимлар қуйидаги муддатлар ичида тўланиши лозим:
- божхона назоратидаги товарлар юкланган автотранспорт воситалари учун - етказиб бериш муддати доирасида;
- қолган барча ҳолатларда чегарани кесиб ўтгандан сўнг 10 календарь кун давомида;
Йиғимларни тўлаш муддатлари бузилган тақдирда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1/300 миқдорда бўлган пеня тўланади. Шу билан бирга:
- тўланмаган йиғимлари ҳамда пенялари мавжуд автотранспорт воситаларининг республика ҳудудидан олиб чиқилиши ва ҳаракатланиши тақиқланади;
- йиғимларни тўлаш муддатини бир календарь йил давомида бир маротаба бузган шахсларга йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш имконияти тақдим этилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 04.10.2023 йилдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter