Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дастурларим сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни ечишга қаратилган...» — Президент стипендияси совриндори Арман Нурниязов билан суҳбат

«Дастурларим сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларни ечишга қаратилган...» — Президент стипендияси совриндори Арман Нурниязов билан суҳбат

Арман Нурниязов (ўнгда).

Куни кеча Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали талабаси Арман Нурниязов Президент стипендияси совриндори бўлганлиги ҳақида хабар берилган эди.

«Among youth» лойиҳаси доирасида у билан математика фанига қизиқиши, ахборот технологиялари соҳасини нега танлагани, илмий ишлари ва шу каби бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

«Ота-онам болаликдан оддий арифметик амаллар ёрдамида мисоллар ишлашни ўргатгатишган...»

Аниқ фанларга, айниқса математика фанига бўлган қизиқишим мактабга бормасимдан олдин пайдо бўлган. Чунки уйда ота-онам болаликдан оддий арифметик амаллар ёрдамида мисоллар ишлашни ўргатгатишган. Натижада менда бу фанга бўлган иштиёқ ўша вақтдан кучайиб борди. Кейинчалик мактабда ва академик лицейдаги устозларимнинг чуқур билимлари мени математика ва физика фанларига бўлган меҳримни янада оширган. Ушбу қизиқишлар ортидан кўплаб фан олимпиадалари ва танловларда иштирок этдим ва совринли ўринларни қўлга киритганман.

Хусусан, 2018 йил олий математика ва физика фанлари олимпиадаси, 1005 нафар талаба иштирок этган олий таълим муассасалари ўртасидаги «Масофавий математика — 2020» республика онлайн олимпиадаларида 1 ўринга сазовор бўлдим. Қолаверса, 2019 йил «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланганман.

Айнан ахборот технологиялари соҳасини танлашимга эса бир қанча сабабларни айтишим мумкин. Биринчидан ҳозирги вақтда ахборот технологиялари соҳаси жадал ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам мазкур соҳа мутахассисларига бўлган талаб юқори. Шу билан бирга ўзимда бу соҳага оид масалалар учун ечим топишга бўлган қизиқишим айнан шу соҳани танлашимга асосий сабаблардан бири. Юқорида таъкидлаб ўтган аниқ фанлардан ўзлаштирган билимларим ҳозир ахборот технологиялари соҳасида ҳам жуда фойдали бўлмоқда.

«Сув ресурсларини мониторинг қилиш ва уларни тўғри бошқаришда ёрдам беради...»

Сиз яратаётган ихтиро албатта қандайдир муаммо ечимига қаратилган бўлиши ёки камида инсонларга қулайлик яратиши лозим. Шу нуқтаи назардан мен ҳам яратаётган ҳар бир ихтироларимга жиддий аҳамият қаратаман. Масалан ҳозиргача «Гуруч етиштириш фермер хўжаликларини бошқариш тизими» дастурий мажмуаси ва «Ер ости сувлари мониторинги» дастури учун муаллифлик гувоҳномаларини қўлга киритдим. Бу дастурлар юртимизда сув ресурслари билан боғлиқ бўлган муаммоларни ечишга қаратилган. Яъни улар қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларини мониторинг қилиш ва уларни тўғри бошқаришда ёрдам беради.

Бироқ, асосан устозларим билан биргаликда техника йўналишининг «ЭҲМ, компьютер тармоқларининг математик ва дастурий таъминоти» бўйича илмий ишлар олиб борамиз.

Ҳозирги кунда геоахборот технологиялари ёрдамида тахмин қилинган, дунёнинг энг асосий глобал муаммосига айланган Орол денгизи муаммоларини ўрганиш ва уларнинг олдини олиш бўйича илимй изланишлар қиляпмиз. Келгусида ушбу соҳадаги муаммоларни ечишга мўлжалланган бир нечта дастурий маҳсулотлар яратиш ниятидаман.

«Соҳада учраши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этади...»

Ахборот технологиялари соҳаси вакили бўлсам-да, бўш вақтларимда бадиий китоблар ўқиб туришга ҳаракат қиламан. Масалан, охирги марта Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Ибройим Юсуповнинг шеърлар тўпламини катта қизиқиш билан ўқидим. Очиғи китобда берилган шеърларни мутолаа қилиш дунёқарашимни оширди ва ҳаётий тажриба берди. 

Ўйлашимча бугун мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожи учун кўп ишлар амалга оширилмоқда ва бир сўз билан ёшларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Албатта бундай шароитларнинг яратилиши соҳада учраши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этади. Биз ёшлар эса, фақатгина шундай ажойиб имкониятлардан оқилона фойдаланиб юртимиз ахборот технологияларини ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Келажакда ўзим ҳам ота-онам ва устозларим берган билимларни мустаҳкамлаб, танлаган йўналиш бўйича етук мутахассис бўлиб етишиш ва мамлакатимиз равнақи учун ҳизмат қилишни мақсад қилиб олганман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг