«Дамас»и билан инспекторни босиб кетган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда «Дамас» автомашинаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимини босиб кетганлиги ҳақида видеотасвир тарқалган эди.
Аниқланишича, 31 январь, чоршанба куни соат 16:35ларда Қашқадарё вилояти Китоб тумани ҳудудидан ўтувчи «Китоб-Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг 3-километрида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ ходими Н.Мусинов давлат рақам белгиси бўлмаган «Дамас» автомобили ҳайдовчисининг меъёрий ҳужжатларини текшириш мақсадида «тўхташ» ишорасини берган вақтда, ҳайдовчи тўхтамасдан транспорт воситасини ходимнинг устига бошқариб юборган.
Атрофда бўлган фуқаролар ёрдамида автомобиль остидан олиб чиқилган ЙПХ ходими Н.Мусинов шифохонага олиб борилган. Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган дастлабки маълумотга кўра, Н.Мусиновда «боши, юзи, қўли ва оёқларида шилинган, қирилган жароҳатлар» борлиги маълум қилинган.
Ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодекснинг 266 (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter