Дам олиш кунлари сони кўпайтирилиши мумкин
Дам олиш вақти — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан холи бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақт саналади. Дам олиш кунлари ходимга ишдан чалғиши ва оила даврасида ҳордиқ чиқариши учун берилади.
Меҳнат қонунчилиги бўйича 1 январь — Янги йил, 8 март — Хотин-қизлар куни, 21 март — Наврўз байрами, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 8 декабрь — Конституция куни, шунингдек, Рўза ҳайит ҳамда Қурбон ҳайит байрамларининг биринчи кунлари байрам кунлари саналади.
Лекин агар дам олиш куни якшанба кунига тўғри келиб қолса, унда навбатдаги иш куни дам олиш куни сифатида эълон қилинадими? Дам олиш куни ишга чиқиш сўралганлар ёки шунга мажбур этилганлар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида шу каби саволлар депутатлар томонидан ўртага ташлашди.
Таъкидланишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги кунга кўчирилиши белгиланяпти. Бу дегани қонунчиликда белгиланган байрам кунлари агар якшанба кунига тўғри келса, унда душанба куни дам олиш кунига қўшиб берилади.
Депутатларнинг айтишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг кабул килиниши амалиётга қатор қулайликларни яратади. Бунда бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанати таъминланади, уларнинг ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиниши ортиб, томонларнинг меҳнат натижадорлигига қизиқиши рағбатлантирилади.
Манба: parliament.gov.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter