COVID-19га қарши 19 тавсия ёхуд уй шароитида даволаниш учун йўриқнома
COVID-19 билан оғриган беморлар учун уй шароитида даволаниш бўйича ушбу йўриқнома @rashidusmonovlivechat шифокор-табиблари томонидан узоқ муддатли изланишлар, тажрибалар ҳамда ўзаро маслаҳат ва мулоҳазалар асосида тузилиб, сиз азизларга тақдим қилинмоқда.
Тавсиялар аввало табобатнинг олтин қоидаси — 6 зарурий омил (ситтаи зарурия) асосида тартибланди:
1) Тоза ҳаво.
Арчали, тоғли худудда бўлсангиз, бунинг фойдаси катта. Ҳеч бўлмаса, уйингиз, ҳовлингиздаги арча олдида нафас олиш, фаввора, кичик сув пуркагич (фонтанча) ёнида ўтириб нафас олиш ўпка учун фойдали.
- эрта тонгда туриб, ўпкадаги балғамларни туфлаб ташлаб, атиргулдан нафас олиш ҳатто ўпка саратонини олдини олади.
- Исириқ (хазориспанд, гармала) тутатилганда унинг таркибидаги кўплаб алкалоид моддалар ҳаводаги ва инсон нафас йўлларидаги вирусларни нобуд қилиши исботланган. Шу сабаб исириқни тез-тез тутатиб обдон ҳидлаш ва хоналарга тутатиш тавсия этилади.
- ҳудди шундай куст ал-ҳиндийни ҳам тутатиб ҳидлаш мумкин.
2) Ейиш ва ичиш.
Таом қонни суюлтирувчи ва ўпка учун фойдали бўлиши керак. Булар қуйидагилар:
- Нўхати кўп солинган товуқ шўрва (товуқ иложи борича хонадонники), илитилган тухум, қари хўроз гўштидан шўрва тавсия этилади. Иситма бор вақтда таом ейилмайди (агар бемор гўдак бўлса, ҳарорат тушгунча эмизилмай турилади). Чунки ҳарорат юқорилаб кетиши мумкин. Бундай вақтда фақат суюқлик, қорин жуда очиб кетса қоқирим (1 пиёла қатиққа 1 пиёла қайноқ сув, озгина туз қўшиб) ичиш.
- Мастава, мошхўрда каби таомларга қатиқ, мурч, ҳўл кашнич қўшиб ичиш фойдали бўлади.
- Қонни суюлтириш ва дармондори (витамин)ларга бўлган эҳтиёжларни қондириш мақсадида наъматак дамламасини ширинликсиз дамлаб ичиш (айниқса, қулоқ ва томоқ оғриқлари учун), анжир қоқисини дамлаб ичиш ўпка ва жигар тиқилмаларини очиш, ўпкадаги балғамларни кўчириш учун тавсия этилади.
- Олча қоқисининг қайнатмасини иссиқ-иссиқ ҳолатда иситма вақтида ичиш, ҳароратни тушириш ва заҳарларни тер ва пешоб орқали чиқиб кетиши учун синалган даво.
- Қора чойга новвот қўшиб истеъмол қилиш йўталда фойдали.
3) Уйқу ва уйғоқлик.
Кунига 7-9 соатлик уйқу – организмни тез тиклаш ва иммун тизимини кўтаришнинг энг арзон ва оддий усулларидан ҳисобланади. Уйқунинг етарли бўлмаслиги табиий қувват (иммунитет)нинг тушишига олиб келади.
4) Ҳаракат ва сукун (тўхташ, тин олиш).
Ўпкани ҳимоя қилувчи нафас машқлари, арғимчоқ учиш ўпка фаолияти учун жуда фойдали ҳисобланади («Тиб қонунлари»нинг 1-китоби «Бадантарбия» фаслидан).
5) Ушланиб қолиш ва танани тозалаш (ихтибос ва истифроғ).
Ўпка қон томирлари ва тўқималарига қуюқ хилтлар, хоссатан қуюқ балғам ва бузуқ қон тиқилиши мумкин. Бундай ҳолатда нафас олиш қийинлиги, нафас қисиши кузатилиши мумкин. Бунда, тиб қоидаси бўйича, ўша суюқлик (хилт)ларни ўпкадан бошқа томонга тортиш йўли билан бартараф этилади. Бунда қон олишнинг қуйидаги икки усули фойда беради:
- иккала билак венасидан тахминан 100 мл миқдорда қон олдириб ташлаш.
- икки курак ораси (паравертебрал) соҳасининг 7-8 жойига, айниқса оғриқ бой жойларини тилиб қортиқ (банка) қўйиб, қон олиш (ҳижомаи бошарт). Бу тадбир Алихонтўра Соғунийнинг «Шифоул-илал» асарида ҳам таъкидланган.
Эслатма: қон олдиришдан аввал беморнинг қон босими ўлчанади. Бир бўлак нонни анор сувига ботириб еб олинади. Қон олдиргач, анор суви ёки озгина узум сиркаси истеъмол қилиш, ғалаёнга келган қонни тинчлантириб, тоза қон ҳосил бўлишига ёрдам беради.
6) Руҳиятга таъсир қилувчи омиллар (аворизи нафсония).
Ғам-қайғу, руҳан чўкишлик, тушкунлик, айниқса ваҳима каби ҳолатлар ички қувват (иммунитет)ни кескин тушиб кетишига сабаб бўлади. Тиббий манбаларда ваҳимага тушган кишининг қон таркиби ўзгариб, организмни заҳарланишига олиб келиши мумкин, дейилади. Шунинг учун, руҳиятни кўтариб, тузалишга аниқ ишонч билан, ихлос билан касалликни енгишга киришиш керак.
Дори-дармонлар:
- Қуст ал-ҳиндий («Тиббун-набавий» асарида таъкидланган). Капсула кўринишидаги дорини 2 капсуладан 3 маҳал, 5 кун, кукун ҳолатдагисини 1 чой қошиқдан 3 маҳал, 5 кун ичиш. Даволаш давомийлиги касалликка қараб яна узайтирилиши мумкин. Ушбу дори соғлом кишиларда ҳам ички қувват (иммунитет)ни ошириб, вирусли касалликка чалинмасликка сабаб бўлади.
-
- Қора седана ёғи. Тилчанинг шишиб кетиши, фарингит, томоқдаги ёқимсиз туйғуни йўқотиш учун бурунга 2-3 томчидан 3 маҳал томизиш («Тиббун Набавий» асарида таъкидланган). Ёғ ҳалқум (томоққа) оқиб тушишининг ҳавфли жойи йўқ. Иситма кўтарилса, вақтинча томизмай турилади (чунки иситма вақтида ёғни ичга қабул қилиш ҳам, ташқи томондан терига суртиш ҳам тана ҳароратининг ошишига олиб келиши мумкин).
- Гулқанд. Бу табобатда ички қувват (иммунитет)ни ошириш учун ўта самарали доридир. Уни яқин-яқин вақтгача деярли барча хонадонларда тайёрлаб келишган. Ота-боболаримиз бу ҳақида яхши эслашади. Уни қизилгул ва шакарни тенг миқдорда олиб, яхшилаб эзиб, иложи бўлса сопол идишда 40 кун давомида ёз чилласида офтобга қўйиб тайёрланади (буни офтоби гулқанд дейилади). Тайёрлашнинг иложи бўлмаганда, офтобга қўйиб ўтирмай, тезроқ беморга берилаверади.
- Қашқарбеда (донник), тол пўсти, лимон, малина, наъматак кабилар қонни суюлтириш учун тавсия қилинади.
- Зуфо (иссоп), чучукмия (корень солодки), долчин, андиз (девясил), гулхайри илдизи (корень алтейки) дамлаб ичиш ўпка фаолияти (функцияси)ни яхшилайди.
- Ялпиз қайнатмаси (мята перечная), озуқа содали сувда ингаляция қилиш ва томоқни тез-тез чайиб туриш.
- Сачратқи (Цикорий) дамламасини юқори иситмада ичиш тавсия этилади (1 чой қошиқ сачратқидан тайёрланган 100 мл дамламани 2 маҳал 15 кун давомида қабул қилиш). Сачратқининг мизожи совуқ бўлгани учун 1/2 ч.қ. асал қўшиш мумкин.
- Арпа суви (кашкоб, ячменный отвар) юқори иситмаларни нормаллаштириш ва балғамларни кўчириш хусусиятларига эга. Бунинг учун 1 пиёла арпани яхшилаб ювиб, 3 литр сувга солиб, 1 литр қолгунча милтиллатиб қайнатилади, сўнг сузиб олиниб беморга ичирилади.
- Сано (санои Маккий, Александровский лист). Санонинг 1/6 нисбати миқдорида қизилгул, топилмаса, атиргул барги қўшиб дамланади. Дамламани тайёрлаш учун 1 чой қошиқдан 1 ош қошиққача бўлган миқдорда сано барглари олинади, дамланади ва тиндирилиб ётишдан олдин 50 мл ичилади. Ёки дорихоналарда тайёр ҳолдаги сано ўсимлигидан олинган сенадексин дорисидан ични юргизиш мақсадида ётишдан олдин катталар учун 1 таблетка, болалар учун 1/2 таблетка етарли миқдорда сув билан ичилади. Бу тадбир иситмага сабаб бўлган ғайритабиий хилтларни суришга ёрдам беради.
- Кўкрак қафаси соҳасини 1 пиёла сувга 1 чой қошиқ ош (чайная) содасини солиб эритилган илиқ сувда сочиқни ҳўллаб терини қизартириб, ишқалаб артиш.
- Муҳитни ишқорлаштириш: 1 пиёла натрий бикарбонати (ош содаси)ни ваннага солиб, илиқ сувда бутун гавдани кўмиб 10-15 дақиқа давомида ётиш. 1 литр сувга 1 қошиқ ош (чайная) содаси солиб ҳуқна (клизма) қилиш. Бу икки усул ўпкада қон айланишини кучайтиради, муҳитни ишқорлайди. Бу усуллар Ибн Синода астма касаллигини даволашда келган, амалиётда эса пневмония ва бронхитларни даволашда ҳам самарасини кўрсатган.
Қўшимча аҳамиятли маҳсулотлар:
- Брокколи ўсимлиги таркибида бета-каротин, селен, А, С, Е витаминлари, калий, рух (цинк), олтингугурт ва кўплаб аминокислоталар бўлгани сабаб танадаги заҳарларни (токсинларни), эркин радикалларни чиқарувчи (детоксикант) ҳисобланади.
- Зарчава (куркума) инфекцион интоксикацияда заҳарларни (токсинларни) организмдан чиқариб юборишга ёрдам беради.
Барча касалликлар учун тавсия қилинадиган ушбу бешталик (топ 5) вирусли касалликларда ҳам қўл келади («Тиббун-Набавий»дан):
- Пархез (шифонинг боши);
- Седана ёғи (саратондан бошқага шифо);
- Асал (иккита катта шифолардан бири);
- Қон олдириш (ҳижома, фасд, зулук қўйиш).
- ИЛОҲИЙ ДАВОЛАР: садақа, истиғфор, руқия, силаи раҳм.
Келинг, энди барча тавсияларимизни тартиблаб жамлайлик:
- Барча ўткир респиратор вирусли касалликлардаги каби ушбу коронавирус касаллигида ҳам беморларга кўп миқдорда суюқлик ичиш тавсия этилади: минерал сувлар, лимон, малина, наъматак дамламаси, чойлар, ялпиз, анжир дамлама ва компотлар. Имкон қадар оз-оздан тоза сув ва асал, наввот солинган дамлама чойларни кун давомида галма-гал ичиш тавсия қилинади. Суюқлик ичишнинг имкони бўлмаган ҳоллардагина беморларга вена қон томирига 5% глюкоза 200 мл ва 5% аскорбин кислотаси 4 мл юборилади. Интоксикация (заҳарланиш) юқори бўлган ҳолларда, бемор суюқлик қабул қилолмаган ҳолларда венага реосорбилакт 200 мл ёки L-лизина эсцинат 5 мл томчилаб юбориш тавсия этилади. Албатта, ушбу вирусли касалликда ўпка шишини олдини олиш учун қон томирга кўп суюқлик юбориш тавсия этилмайди. Бироқ баъзи беморларда кучли интоксикация ҳисобига иштаҳанинг буғилиши кучайиб, суюқлик ичишга ҳам ҳоли бўлмай қолганда қон томирга оз миқдорда бўлса ҳам қонни суюлтирувчи, танага қувват берувчи, заҳарларни кеткизувчи керакли дори-дармонларни юбориб туриш керак бўлади.
- Қора седана, хоҳ уруғини асалга қориштириб, хоҳ ёғини ёки капсуласини асал суви билан ҳар таомланишдан ярим соат олдин истеъмол қилинг. Қора седана кўплаб патоген микроорганизмларга, жумладан вирусларга ҳалокатли таъсир кўрсатиш хусусиятига эга. У иммун тизимини кучли рағбатлантириш эвазига организмнинг касалликка қарши чидамлигини табиий йўл билан кучайишига сабаб бўлади. Замонавий тиббиётда бу касалликка қарши махсус антивирус дори воситалари тавсия этилади, бироқ ушбу вирусни бутунлай йўқ қилувчи самараси тасдиқланган дори ишлаб чиқарилмаган. Таъсири тасдиқланган препаратлар эса ҳозирда жуда танқис бўлиб турибди. Биламизки, ушбу вирусли касалликда қўшимча патоген бактериал инфекция қўшилиши эвазига оғир турдаги пневмония ва бошқа асоратлар кузатилмоқда. Ушбу қўшимча инфекцияга қарши азитромицин ва бошқа маълум антибактериал препаратлар самарали қўлланмоқда. Бироқ уй шароитида даволанишда биз табиий ва ҳавфсизроқ ҳамда самарали бўлган қора седана билан даволанишни тавсия қиламиз. Касаллик оғир кечгандагина шифокор тавсияси ва назорати билан азитрамицин каби антибиотикларни қабул қилишни тавсия қиламиз.
- Асал ва прополис каби асалари маҳсулотларидан унумли фойдаланиш лозим. Бунда тоза тоғ асалини юқорида айтиб ўтилган суюқликлар, дамлама ва чойларга қўшиб кун давомида оз-оздан ичиш тавсия этилади.
- Куст ал-ҳиндий кукуни ёки тайёр капсулаларидан 2-3 ҳафта (касаллик) давомида, кунига 1-2 тадан 2-3 маҳалгача (ҳолатга қараб) овқатдан ярим соат олдин ичиш тавсия этилади. Куст ал-ҳиндий томоқ оғриқларида, турли шамоллашларда, хоссатан плеврит ва пневмонияда самарали таъсирга эга ("Тиббун-Набавий" асарида келган).
- Занжабил, қалампирмунчоқ, зарчава (куркума)дан фойдаланиш. Зарчава (куркума)ни 1/3 чой қошиқдан кунига икки маҳал овқатдан олдин 200 мл қайнаган илиқ сув билан ичинг. Бу танани турли хил заҳарлардан тозалайди.
- Ерқалампир (хрен) илдизи, шалғом, турп, мурч, саримсоқпиёз ва шу каби иштаҳани ва димоғларни очувчи, балғам кўчирувчи ҳамда танани қиздириб, терлатувчи табиий ва содда дориларни меъёрида истеъмол қилиш вирус билан курашишда сизга катта ёрдам бериши мумкин.
- Витамин С дармондорисини юқори миқдорда таблетка, инъекция ёки табиий маҳсулотлар кўринишида қабул қилинг. Ушбу витамин антиоксидант (танамизда ҳосил бўладиган эркин радикаллар ва бошқа чиқинди моддаларнинг оксидловчи таъсирини нейтралловчи – зарарсизлантирувчи) ҳисобланади ва организмнинг инфекцияга қарши курашишида ёрдам беради.
- Магний микроэлементи ҳам кучли цитокин реакциясини пасайтиришда ва тушкунликка тушишни олдини олишда аҳамиятли ҳисобланади. Ушбу кимёвий унсур (элемент)ни таблетка ёки инъекция кўринишида қабул қилишингиз мумкин ёки магнийга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Магний ундирилган буғдойда, қора буғдой (гречка), бодом каби маҳсулотларда юқори миқдорда бўлиши аниқланган.
- Ҳозирда танада Д дармондориси миқдори қанча кам бўлса шунчалик касаллик оғир кечиши исботланган. Витамин Д ни капсула, таблетка, томчи кўринишида бир суткада катталар учун 1000-3000 МЕ (қариялар ва ҳомиладорлар учун ҳам), болалар учун эса 500-1500 МЕ гача қабул қилиш мумкин. Қуёш нуридан ҳам фойдаланишни унутманг!
- Оқсилга бой (гўштли, дуккакли) таомлар иммун ҳужайралар ва уларнинг аксилтаначалари, иммуноглобулин ва бошқа ҳаёт учун муҳим моддалар ишлаб чиқарилишида керакли ҳомашё бўлиб хизмат қилади. Бироқ кўплаб касалликларда танамиздаги қувват асосан, касалликни енгишга сарфланади. Таомни ҳазм қилиш учун ҳам қувват зарур. Шу сабаб қувватни тежаш мақсадида касалликда иштаҳамиз бўғилиши табиий ҳол, бунда ҳазми қийин бўлган таомлар, айниқса палов, гўшт ва ёғли таомларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
- Томоқ ва бурун мойчечак (рамашка) дамламаси, тузли сув, исириқ қайнатмаси, фурациллин эритмаси ва бошқа антисептиклар билан кун давомида тез-тез чайиб турилса вирусли инфекциянинг кириш йўллари, инфекция ўчоқлари ювиб санация (тозалаган) қилинган бўлади.
- Кучли диурез, яъни тез-тез пешоб чиқариш орқали танадан чиқинди ва токсинларни чиқариб юборишга ҳаракат қилиш керак.
- Кўп терлаш орқали танадаги токсинлар чиқариб юборилади, юқори ҳарорат туфайли танамиздаги вирусларни нобуд бўлишига эришамиз ҳамда терлагандан сўнг, танамиз иссиқликни чиқариб юбориб, ўз ҳароратини меъёрга келтиради.
- Мисвок билан тишларни тозалаш ва мисвокдан сўлакка ажралган моддаларни сўлакка қўшиб озроқ қисмини ютиб юбориш ҳам фойдали. Чунки мисвок таркибида кўплаб антисептик моддалар мавжуд. Қолаверса мисвок ошқозон-ичак учун ҳам фойдалидир. Бу борада мисвокни майда қилиб тўғраб, сувда қайнатиб ичиш ҳам тавсия этилади.
- Тўйиб ухлаш иммун тизимини, қолаверса бутун организмни тикланиши учун қулай фурсат ҳисобланади, шу сабаб танамиз уйқуга тортяптими, демак яхшилаб ухлаб олиш керак.
- Нафас олиш машқлари танамизни кислородга тўйинтиради, бу дегани аъзоларимиз керакли маромда яхши ишлаши учун етарли миқдорда кислород билан таъминланган бўлади. Чуқур нафас олиб, чуқур нафас чиқариш учун махсус “Бутейко” нафас машқларини бажаришни ёки кўпроқ Қуръон ўқишни тавсия қиламиз.
- Юқумли (инфекцион) иситма вақтида жисмоний ҳаракатларни камайтириш, зўриқишларни олдини олиш керак бўлади. Чунки жисмоний зўриқишда қон айланиши тезлашади ва инфекция, шу жумладан вируслар, қон орқали бутун тана аъзоларига тарқалиши мумкин. Шунинг учун, юқори ҳарорат билан кечаётган интоксикация даврида ётоқ тартиби (режими)ни лозим тутиш керак. Албатта, бунда тўшакка бутунлай “михланиб” қолмаслик керак. Вақт-вақти билан ўриндан туриб енгил гимнастик ҳаракатларни бажариб туриш тавсия этилади.
- Танада, кўкрак қафаси, бел ва оёқларда оғриқлар пайдо бўлиши асосан мушакларда йиғилиб қолган заҳарлар (токсинлар) ҳисобига бўлади. Табобат қоидаси бўйича, тананинг қайси худудида шамоллаш (неврит, миалгия ва б.) бўлса, иситма вақтида ўша ерда оғриқ бўлади. Бу ҳолатда ҳижомада қўлланадиган банкалардан фойдаланиб қортиқли уқалаш (“баночный массаж”) ўтказиш мумкин. Барча оғриқли соҳаларга седана ёғини суриб (иситма йўқ вақтида!), банкали массаж ўтказилганда тез орада баданда роҳат пайдо бўлади, баданни қисиб турган "занжирли қафас"лардан шу йўсинда қутилса бўлади. Шунингдек, танадаги оғриқларни кетказиш (ҳамда иситмани тушириш, қонни суюлтириш) мақсадида замонавий тиббиётда ностероид яллиғланишга қарши дори воситалари (ацетилсалицил кислотаси, нимесулид, диклофенак кабилар) таблетка, қиём, шамча, кукун, инъекция шаклида қўлланилади. Бироқ беморнинг умумий аҳволи қониқарли бўлганда иситмани туширишга уринмасликни тавсия қиламиз, зарур ҳолдагина ушбу дори воситаларидан фойдаланишингиз мумкин.
- Қуръони Карим тиловати. Аллоҳ таоло Ўз Каломида Қуръонни шифо эканлигини учта оятда такрорлаган. Шу сабабли, Аллоҳдан Қуръон ила шифо беришини қаттиқ сўранг ва ният қилинг. Намозларингиздан ташқари кун давомида имкон қадар Қуръони Каримни тажвид билан, шошмасдан чуқур нафас олиб-чиқаришлар билан ўқишга ҳаракат қилинг. Бунда узун оятларни, жумладан Оят ал-Курси, Бақара сураси, Ясин сураси ёки ўзингиз кўп ўқиб юрган сураларингизни кун давомида такрор-такрор ўқишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шундай қилиб, Аллоҳнинг Каломига муҳаббат қўйиш билан бирга, Қуръон тиловатида чуқур нафас олиб, чуқур нафас чиқаришлар, араб ҳарфларини ўз маҳражидан чиқаришда пайдо бўладиган шифобахш хосиятлар орқали ўпкаларингиз тириклик (ҳаво) сиғимини оширишга, руҳий қувват орқали иммун тизимингизни вирусга қарши зарба бериш қувватини кучайтиришга эришишингиз мумкин бўлади.
Аллоҳ дардингизга шифои комил ато этсин!
Йўриқномани тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшган барча мутахассислар ҳаққига дуо қилишларинингизни сўраб қоламиз.
Унутманг, касалликни олдини олиш уни даволашдан кўра осонроқдир! Ўзингизни ва яқинларингизни асранг!
Ҳар дарднинг давоси бор. Бемор бўлганингизда албатта шифосини изланг ва даволанинг. Даволанишни қанча эрта бошласангиз шунча тез ва асоратсиз тузалишингиз мумкин.
Инсонларга кўп манфаатли бўлиши учун ушбу йўриқномани барча яқинларингизга улашинг, Аллоҳнинг изни ила шифо топишсин!
©Йўриқномани тузувчилар:
- Шуҳрат Иброҳим ўғли (Шерназаров) - жарроҳ шифокор, умумий амалиёт шифокори, мануал терапевт, табобатшунос.
- Нодир Абдусамад (Алимов) - қулоқ, томоқ ва бурун касалликлари шифокори.
- Алижон Исроилжон ўғли (Сатторов) - шифокор кардиолог, Ибн Сино халқаро жамғармасининг аъзоси, табиб.
- Мираббос Равшан ўғли (Ҳамидов) - Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Табобат Академиясининг аъзоси, табиб.
- Рашид Ражаб ўғли (Усмонов) - соғлом ҳаёт ва спорт тарғиботчиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter