Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Смартфон батареясининг энг катта «душманлари»

Смартфон батареясининг энг катта «душманлари»

Фото: Depositphotos

Смартфонлар қувватини энг кўп ҳолатларда мессенжерлар ҳамда ижтимоий тармоқларнинг мижоз-иловалари тугатиб қўяди, деб ёзди iXBT Live.

Мессенжерлар ҳатто фон режимида ҳам янгиликлар тасмасини тинмай янгилаб, хабарларни синхронлаб, батарея қувватини камайтиришдан тўхтамайди. Маълумотлар автомат юкланишини ўчириш, фақат муҳим чатлардан хабарлар келиши созланса, қувват беҳуда сарфланишининг олди олинади.

Фойдаланувчининг ҳар қадамини тинмай кузатувчи харита-иловалар ҳам аккумуляторнинг кушандаларидан бири. Кераксиз пайтда бу иловалар учун геолокация ўчириб қўйилса, батарея қуввати тежалади.

Смартфондаги оқимли видео ва мусиқалар учун мўлжалланган иловалар кўп қувват сарфловчилар сирасига киради. Уларни ҳам эринмай созлаш, фон режимида юкланишларни ўчириш, кераксиз пайтда иловада ижро функциясини ўчириш тавсия этилади. Видео экрандан суриб қўйилган пайтда, яъни кўрилмаётган пайтида ҳам илова маълумотларни юклашда давом этаётган бўлиши мумкин.

Булутли сервислар (Google Drive ва «Яндекс.Диск» кабилар) фон режимида файлларни фаол синхронлайди. Автомат тарзда синхронлаш функцияси ўчирилса, смартфон қуввати анча тежалади.

Ўйинлар, айниқса, «оғир» ўйинлар кўп қувват талаб қилади. Фойдаланиб бўлингандан сўнг бундай иловаларни тўлиқ ёпиш, улардан келадиган хабарларни ўчириб қўйиш ортиқча энергия сарфидан халос этади.

Хулоса қилиб айтганда, иловаларнинг созламаларига эътибор бериб, уларнинг фон режимидаги фаолияти назоратга олинса, смартфон қуввати анчага етади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг