Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юракни мустаҳкамлаш учун қанча тухум истеъмол қилиш керак?

Юракни мустаҳкамлаш учун қанча тухум истеъмол қилиш керак?

Фото: Shutterstock/FOTODOM

Юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфини камайтириш учун ҳафтада биттадан олти донагача тухум истеъмол қилиш кифоя. Австралиянинг Монаш университети олимлари шундай хулосага келишди. Тадқиқот натижалари Nutrients журналида эълон қилинди.

Тадқиқотда жиддий юрак-қон томир касалликлари бўлмаган 70 ёшдан ошган 8 756 нафар кўнгилли иштирок этди. Олимлар уларнинг қандай овқатланишини таҳлил қилишди ва тухум истеъмолига алоҳида эътибор қаратишди. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳафтасига биттадан олтитагача тухум истеъмол қиладиган одамларда юрак хасталигидан ўлиш хавфи 29 фоизга камайган.

Бундан ташқари, ҳафтасига биттадан олтитагача тухум истеъмол қилувчилар ўртасида умумий ўлим кўрсаткичи тухумни умуман истеъмол қилмайдиганларга қараганда 17 фоиз пастлиги маълум бўлди.

Олимларнинг айтишича, товуқ тухуми ҳақли равишда фойдали озуқа саналади. 100 грамм тухумда тахминан 13 грамм оқсил мавжуд ва у организм томонидан бошқа оқсилларга нисбатан самаралироқ ўзлаштирилади. Тухум таркибида муҳим аминокислоталарнинг деярли барчаси мужассам, шунингдек, A, D, E, B12 витаминлари, биотин, селен, калций ва фосфор каби минераллар ва фолий кислотасига бой.

Тухум истеъмол қилиш — юрак-қон томир тизимини яхшилашнинг ягона чораси эмас. Ҳар хил хавфларни камайтириш учун ўсимликлардан олинувчи озиқ-овқатларни кўпроқ истеъмол қилиш ва жисмоний фаолликни ошириш ҳам олимлар томонидан тавсия қилинмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг