Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cирли хасталик тарқалишида Россия жосусларининг қўли бор – ОАВ

Cирли хасталик тарқалишида Россия жосусларининг қўли бор – ОАВ

АҚШ дипломатлари, амалдорлари ва разведкачилари «Ҳавана синдроми» деб аталган хасталикка чалинишида Россия жосусларининг алоқаси мавжуд. «The Insider» (Россия, Латвия), «Der Spiegel» (Германия) нашрлари ҳамда CBS News (АҚШ) телеканали журналистлари ҳамкорликдаги суриштирувлардан кейин шундай хулосага келган. 

Россия ҳарбий разведкачиларининг сафарларига доир маълумотларни таҳлил қилиш асносида журналистлар шубҳали ҳолатни аниқлаган. Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби тизимидаги 29155-ҳарбий қисм хизматчилари қайси шаҳарга борган бўлса, ўша ерда фаолият юритувчи АҚШ мулозимларида сирли хасталик кузатилган.

Сафар муддати ҳамда хасталик тарқалиши вақти ўртасида ҳам уйғунлик қайд этилган. Масалан, 2016-2017 йилларда Россия ҳарбий жосуслари Хитойга борган. Айни ўша вақтда АҚШнинг Хитойда фаолият юритаётган дипломатларида «Ҳавана синдроми» юзага чиққан. Грузия, Сербия, Вьетнамда ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Қўшма суриштирувда хасталик тарқалишига алоқадор деб кўрилаётган жосуслар исм-шарифлари ҳам очиқланган.

Аввал хабар берганимиздек, илк бор 2016 йили АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган. Шу сабаб номаълум хасталик Куба пойтахти номи билан аталган.

Айрим дипломатларнинг қулоғи остида кучли шовқин эшитила бошлаган, айримларининг қон босими кўтарилиб, боши оғриган, яна айримларининг кўриш ва ақлий қобилиятида бузилишлар, уйқусизлик қайд этилган.

АҚШнинг Хитой, Австрия, Россия каби мамлакатлардаги элчихоналари ходимларида ҳам айни шундай кўнгилсиз ҳолатлар кузатилган.

Сирли равишда касалланиш юзасидан турли сабаб ва тахминлар айтилган. АҚШ олимлари бир йиллик тадқиқотлардан кейин «бу нурланиш оқибати» деган хулосага келган.

NBC телекомпаниясига кўра эса, АҚШ махсус хизмати акустик ҳужум Москва томонидан уюштирилган деб ҳисоблайди. Қайд этилишича, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Россия вакилларининг телефон сўзлашувлари ва ёзишмаларига асосланиб шундай хулосага келган. Шунингдек, АҚШнинг Ҳаванадаги элчихонаси биноси яқинида Россия махсус хизматининг юқори частотали қуролларга алоқадор бўлган ходимлари ҳаракати кузатилган.

Аммо ўтган йили АҚШ миллий разведка хизмати раҳбари Эврил Ҳэйнс «Ҳавана синдроми» ҳодисасига хориж махсус хизматларининг алоқадор экани тасдиқланмаганини айтган эди.

Бу борада янги суриштирув эълон қилган «The Insider», «Der Spiegel» ҳамда CBS News журналистлари АҚШ ҳукумати бу борадаги хулосасини қайта кўриб чиқиши ва тўлақонли текширув ўтказишига ишонч билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг