Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чингизхон, Билл Гейтс ва Рокфеллер — Сталин улардан боймиди?

Чингизхон, Билл Гейтс ва Рокфеллер — Сталин улардан боймиди?

2015 – йилда Time журнали инсоният тарихидаги энг бадавлат инсонлар рўйхатини эълон қилди. Чингизхон, Билл Гейтс ва Рокфеллер билан бир қаторда бу рўйхатда Сталин ҳам бор эди. Наҳотки собиқ иттифоқ тузуми давлати бошлиғи шу қадар бадавлат бўлган?

Давлат таъминоти
Сталиннинг мол-мулкини бутун мамлакат бойлигидан алоҳида кўриб чиқишнинг имконияти йўқ. Чунки унга бутунлай давлат таъминоти бириктирилган эди. Кўп сонли дала ҳовлилар, уйлар, квартиралар, шунингдек врачлар, ошпазлар, хизматкорлар, муаллималар хизмат ҳақи давлат томонидан тўланган. Сталин юқорида қайд этилганларнинг барчасига давлат ғазнасидан қанча харажат кетаётганини ҳатто билмаган. Ундан ташқари, Сталин ўзи билан ҳатто майда пул ҳам олиб юрмас эди.

Бир куни Сталин Боржомидаги дала ҳовлисида, грузин танишларини учратиб қолади. Танишлари суҳбат давомида озроқ пулга муҳтожликлари ҳақида гапиришади. Сталин қўл остидагиларга, шу қаторда қўриқчи ходимларга ҳам бош кийимига (шляпасига) пул йиғишни буюради. Ҳаммаси бўлиб 300 рубл йиғилади.

Сталинга ҳар доим ҳамма нарса тайёрлаб қўйилган, у кўпинча нимани неча пул туришини билмасди. Қизи Светлана Аллилуеванинг сўзларига кўра, отаси 100 рублни инқилоб давригача бўлганидек катта пул деб ҳисоблаган. «Шунинг учун у менга 2-3 минг берганда, миллион беряпман деб ҳисобларди», — тан олади Светлана.

Ойлик иш ҳаққи ва гонорарлар
Бутунлай давлат томонидан таъминланганига қарамасдан, Иосиф Виссарионович ойлик иш ҳаққини бинойидек ўз вақтида олган. Бошида бу ойлик мамлакатдаги ўртача иш ҳаққидан уч баробар кам эди. Бироқ Сталин бошқарувининг сўнгига келиб ойлик иш ҳаққи 10 минг рублга яқин суммани ташкил қилган. Ўша вақтда фақат кўзга кўринган фан арбоблари — академик ва профессорлар шунча маош оларди.

Ўрамга ўралган пулни Сталин ўзининг ёзув столида сақлаган. Сталинда уни сарфлайдиган жой йўқ эди. Ойликдан ташқари Сталин ёзувчилик меҳнати учун мунтазам гонорар олган. Унинг китоблари, жумладан, чет элларда ҳам чоп этилган.

Нақд пул ва омонат ҳисоб рақамлар
Сталин вафотидан сўнг унинг дала ховлисида раҳбарнинг мол-мулки рўйхат қилинган. Рўйхатда кийим-кечак, буюмлар ва ёзув аслаҳаларидан ташқари 900 рубл жамғарилган омонат китобчаси бор эди. Шунингдек, яна бир банк ҳисоб рақами ҳақида аниқ маълумот бор. Сталин вафотидан кейин унинг фарзандларига 30 минг рубл жамғармаси бор омонат китобчаси топширилган.

Бироқ қандайдир Колесник фамилияли тарихчининг таъкидлашича, бу Сталин бойлигининг ярми ҳам эмас. Сталин вафот этганда, унинг шахсий сейфидан 3.5 миллион рублдан ортиқ пул ва шунингдек бу маблағ ёзувчилик меҳнати учун таҳририятлар томонидан ҳар хил вақтда берилган гонорар эканини тасдиқловчи квитанциялар топилган.

Бекзод Мусурмонов таржимаси
Zarnews
(«Русская семерка»дан олинди.)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг