«Buyuk Kelajak» экспертлари тадбиркорлар платформасини ташкил этиш таклифини беришди
Тошкент халқаро Вестминстер университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Buyuk Kelajak» экспертларининг ўзаро ҳамкорлик платформасини шакллантириш мавзусига бағишланган конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Конференцияда Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти ҳамда АҚШ, Европа, Япония ва Россияда фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик олимлар ва турли соҳа экспертлари иштирок этишди. «Buyuk Kelajak» экспертларининг айримлари тадбирда бевосита иштирок этган бўлсалар, бошқалари видео-конференция орқали қатнашдилар.
Конференция иштирокчилари кўплаб масалаларни муҳокама қилиб, фикр алмашдилар, жумладан, турли соҳаларга доир аниқ таклифлар, истаклар билдирдилар. Жумладан, экспертлар юртимиздаги ҳукумат виртуал қабулхоналари, порталларини фақат мурожаат ва шикоятларни қабул қилувчи платформа эмас, балки тушаётган саволлар жавобни ҳам акс эттирувчи ахборот тизимига айлантириш вақти келганини айтишди. Шунда маълум муаммо билан мурожаат қилишни истаган фуқаро худди шу масала бўйича олдинроқ мурожаат қилган фуқарога берилган жавоб билан танишиб, ўзини қийнаётган масалага ойдинлик киритиб олиши, портал фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи манбага айланиши мумкинлиги таъкидланди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари, ўз навбатида, бугунги кунда илм-фанга эътибор кучайганини, тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш масаласи долзарб эканлигини инобатга олган ҳолда илмий-текшириш муассасалари ходимларини маркетинг асосларига ўргатиш зарурлиги ҳақида гапиришди.
Илм-фан натижаларини бозорга олиб чиқиш, уни харидорини топиш анчайин мушкул экани, айрим ҳолларда эса уларни умуман сотиш имконияти йўқлиги боис, энди илмий ишланмаларни муайян буюртмачиларнинг таклифларига биноан яратиш тизимини ишга тушириш лозимлиги қайд этилди. Бунда олимлар, тадқиқотчилардан маркетолог бўлиш ҳам талаб этилади. Айнан олимларни шу соҳада билимга эга бўлишлари учун хорижлик экспертларни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Хорижда фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик мутахассислар билан ўтказилган илк конференция унумли, сермаҳсул бўлди. Муҳими, инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Buyuk Kelajak» экспертлари ўртасида ҳамкорлик платформаси яратилди, ҳамкорликнинг режа ва мақсадлари белгиланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter