Бухорода эр хотинини таёқ билан уриб ўлдириб қўйди
Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги Мирзақалъа маҳалласида қотиллик содир этилди. Бунда эр хотинини таёқ билан уриб ўлдирди, дея «Xabar.uz»га маълум қилмоқда маҳалла фуқароларидан бири.
Маълум бўлишича, қотиллик жорий йилнинг 14 июль куни содир этилган. Мирзақалъа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Каримовнинг сўзига кўра, ушбу оила нотинч оилалар рўйхатида турган.
«Бу эр-хотин яқин қариндош бўлишган. Салкам 20 йиллик никоҳда яшаб келган жуфтлик ўртасида уч нафар фарзанд бор. Болаларнинг каттаси ва кенжаси ногирон бўлиб, улар уйда таълим олиб келишган. Фақатгина ўртанча фарзанд соғлом ва жорий йилда мактабни битирди. Оилада доимий уруш, жанжал, келишмовчилик. Шунда ҳам доимий назоратимизда бўлган. Афсуски, бу жанжаллар охири қотиллик билан якун топди»,— дейди маҳалла раиси.
Шавкат Каримовнинг сўзига кўра, бундан бир йилча олдин марҳума Х.Ш. оилавий оғир шароит туфайли турмуш ўртоғи Б.Б.дан сўроқсиз ҳолда шу оилага тегишли бўлган бир бош қорамолни сотган ва пулларни болалари ва рўзғор ташвишларига сарфлаб юборган. Шу боис, эр хотини ва фарзандларини ташлаб, ўз акасининг хонадонида яшаб келган.
«Бир-бирларидан алоҳида яшаб келишса ҳам ўрталаридаги жанжаллари янаям кучайган эди. Маҳалла оқсоқоллари ҳам, фаоллар ҳам жуда кўп панд-насиҳат қилишган, маслаҳат бериб келишди. Ҳар қанча уриниш бўлмасин, барибир, оилада хотиржамлик йўқ эди», — сўзида давом этади маҳалла раиси.
Ҳолатга кўра, фуқаро Б.Б. турмуш ўртоғи Х.Ш. билан ҳар доимгидек фарзандлари кўз олдида қаттиқ тортишувга борган. Хотинини ҳақорат қилган, сўккан ва камситган. Хўрликка чидай олмаган Х.Ш. ҳовли юзида бўлган таёқ билан эри Б.Б.нинг орқа томонидан урган. Жаҳлланган Б.Б. хотинининг қўлидан таёқни юлқиб олиб, унинг бош орқа қисмига зарб билан туширган. Х.Ш. болалари кўзи ўнгида воқеа жойида вафот этган.
«Фуқаро Б.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу жиноят билан айбланганлар ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди вилоят ИИБ масъул ходими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter