«Бунёдкор» нима сабабдан Бабаянни кафилликка олгани ошкор бўлди
Самвел Бабаяннинг «Локомотив» клуби президенти маслаҳатчиси этиб тайинлангани ҳақида хабар берилгач, футбол мухлислари орасида турли мунозаралар юзага келди.
Чунки, у ЎФФ (ҳозирда ЎФА) Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилганди.
Ҳатто унинг ҳужжатлари прокуратурага топширилгани айтилганди. Аммо Бош прокуратура матбуот хизмати: «Самвел Бабаянга нисбатан ҳеч қандай, ҳеч бир жиноий таъқиб масаласи йўқ»лигини билдирди.
Аслида эса, Бабаян 15 кун ичида оқлангани ошкор бўлди. Буни Ўзбекистон футбол ассоциацияси расман маълум қилди.
ЎФАнинг хабарида мураббийга тайинланган жазо 2018 йилнинг 1 февралида «Бунёдкор» клубининг Бабаянни кафилликка олиши ҳақидаги хатига асосан бекор қилингани айтилгач, футбол оммасида яна саволлар юзага келди: Нега айнан «Бунёдкор» кафил бўлди? Бу хат борми ўзи?
«Бунёдкор» клубининг кафиллик хати бор экан. «Tribuna.uz» сайти ушбу хат нусхасини эълон қилди.
«Мазкур интизомий жазолар қўлланилганидан сўнг хориж матбуотида пайдо бўлган миллатчилик ғояларига тўла асоссиз фикрларига нисбатан Самвел Бабаян ўзининг ватанпарварлик позициясини ифода этиб, муаммонинг янада чуқурлашишига йўл қўймади ва ўз айбини тан олди ҳамда уни кечиришларини илтимос қилди. «Бунёдкор» клуби С.Бабаянга шахсий кафил бўлиш ташаббусини билдиради ва унга нисбатан қўлланилган интизомий чорани енгиллатишни сўрайди», — дейилади «Бунёдкор» клубининг ўша пайтдаги директори Мурод Алиев томонидан имзоланган хатда.
Дарҳақиқат, Самвел Бабаян футболдан умрбод четлатилиши ҳақидаги қарор эълон қилингач, «Armenian Report» сайти журналисти Тевос Аршакян «Самвел Бабаян миллатчилик қурбони бўлди» дея мақола эълон қилган эди.
Бабаян бу мақолага: ««Сизнинг провокацион мақолангизни ўқиб, чуқур таажжубда қолдим. Қандай маънавий ҳаққингиз борки, асл вазиятни билмай туриб, бизнинг Ватанимизда миллатчилик борлиги ҳақида ёзасиз! Мен, Бабаян Самвел, бу буюк давлатнинг фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Мен ўзбек маҳалласида туғилганман ва менинг биринчи сўзларим ўзбекча бўлган», деб жавоб қайтарган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter