Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бунга фақат йиғлаш керак» — депутат Расул Кушербаев Мусулмонлар идораси ходимидан шикоят қилди

«Бунга фақат йиғлаш керак» — депутат Расул Кушербаев Мусулмонлар идораси ходимидан шикоят қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистон мусулмонлар идораси ходимининг қилмиши ҳақида чиқиш қилди. Депутатнинг айтишича, идора ходими ёлғон кўрсатма берган. Унинг ёлғони фош бўлгандан сўнг, одоб чегарасидан чиқиб, атрофдагиларни ҳақорат қилган.

Қуйида депутат Расул Кушербаевнинг фикрларини тўлиқ келтирамиз:

«Ҳар хил идоралар бор, уларнинг орасида номи улуғлари ҳам бор. У ерларда иккиюзламачи ходимлар ишлаяпти, деб ўйламайсиз. Лекин бор экан. Мисол учун, жудаям ҳурмат қиладиган — Мусулмонлар идораси. Идорада шундай иккиюзламачи одамлар ишлар экан. Ҳайрон қолдим, ёқамни ушладим. Бўлган гапни бўлмаган, бўлмаган гапни бўлган, деб гувоҳлик беряпти. Аудиоёзувлари қўйиб берилганидан кейин, уни ёлғонлари ошкор бўлди. Яна юзингизга қараб туриб, «Сенлар мунофиқ экансанлар, яширинча овозимни ёзиб олибсанлар», – деб айтяпти.

Барака топгур, ўзинг ёлғон гувоҳлик берганинг учун мунофиқ эмасмисан? Агар шундай даргоҳда шу каби инсонлар бўлса, биз кимга, қаерга ишонамиз?

Мен у идорани шаънига, номига ёмон гап айтмоқчи эмасман. Афсуски, иккиюзламачи, мунофиқлар борлигини улуғ даргоҳда кўриб, тўғриси, қўрқиб кетдим!

Яқинда бир йигит чиқиб, интернетда ўз дардини айтиб қолди: Ҳаж ва Умра зиёратининг монополияси — тўсиқлар, бюрократия, коррупция ишлари ҳақида гапириб берди. Очиғи, бунга фақат йиғлаш керак. Бир вақтлар «Йиғла Туркистон» деган шеър бўлар эди.

Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,

Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон. (Ҳамза Ҳакимзода)

Шу шеър долзарб бўлиб қолди. Аҳволимизга йиғлаш керак. Халқ, одамлар кўриб турибди. Лекин қонунни қўлловчилар, халққа хизмат қилиши керак бўлганлар халқни устига чиқиб олиб, калака қилиб, нима бўлса устидан мағзава ағдариб қулоғи тинч, бемалол яшаб юрибди. Бунга фақат йиғлаш керак!», дейди у.

Депутат Расул Кушербаев ўз чиқишида воқеа қачон ва қаерда бўлгани, айнан Мусулмонлар идорасининг қайси ходими бу ишни қилганига аниқлик киритмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг