Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бунда чемпионлар улғаймоқда...

Бунда чемпионлар улғаймоқда...

Яна бир тонг отди. Ака-ука Маҳмудали ва Муҳаммадали нонуштадан сўнг эфир орқали бериладиган онлайн дарсларини бажаришди. Одатдагидай отаси Муроджон ака бошчилигида спортнинг самбо тури бўйича машғулотни бошлаб юборишди.

Пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидан бирида чақириққача бошланғич ҳарбий таълим фанидан дарс берувчи Муроджон ака Зукурбоев карантин даврида уйда қолиб, икки ўғлининг бўш вақтларини мазмунли ташкиллаштириш мақсадида ҳар куни спорт машғулотларини олиб боради.

Мана, уч йилдирки, икки ўғлим Янгийўл шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган самбо тўгараги машғулотларига мунтазам қатнашиб келади, – дейди Муроджон ака. – Отасига раҳмат, мураббийлар Муҳаммаджон Сотимов ва Асадбек Нуралиев қўл остидаги тарбияланувчиларга нафақат спортдан сабоқ беради, балки ўқувчиларнинг юриш-туриши, сочи, тирноқлари гигиенасини қатъий назорат қилиб боришади, қолаверса, болажонларнинг кундалик дафтарларини ҳам текшириб, фанларни ўзлаштириш даражасини кузатиб боришади. Шундан бўлса керак, фарзандларини ушбу тўгаракка беришни истаб келувчи ота-оналар талайгина.

Ҳа, Муроджон ака айтганидай, бугунги кунда 120 нафардан зиёд ёш спортчиларини ўзида жамлаган тўгаракка мурожаат қилувчилар кўплаб топилади. Қатъий тартиб интизом ўрнатилган жойда спорт билан шуғулланиш, таълим-тарбия олишни ким ҳам истамайди, дейсиз?!

Муҳаммаджон Сотимов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг (ҳарбий таълим) ЧЁҲТ йўналишини тамомлаб, ички ишлар тизимида фаолият юритади. Спортга бўлган меҳр, ёшлар ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни оммалаштиришга муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида мазкур тўгаракни ташкил этди. Асадбек Нуралиев билан биргаликда Янгийўл туман ва шаҳар ҳудудидаги самбога ихлоси баланд ёшларни жамлади. Хайрли ишда 9-умумтаълим мактаби раҳбарияти, туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими бош-қош бўлишди.

Тўгарак тарбияланувчилари ўтган давр мобайнида қатор спорт мусобақаларда соворинли ўринларни қўлга киритишди. Ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 2006 йилда туғилган Жаҳонгир Бахтиёров 41 кг вазнда олтин медални қўлга киритган бўлса, 5-синф ўқувчиси Маҳмудали Моҳиров 36 кг вазн тоифасида 2-ўрин, 4-синф ўқувчиси Муҳаммадали Моҳиров эса, 41 кг да 3-ўринни эгаллашди.

Жонкуяр мураббийлар карантин даврида ҳам бўш ўтиришгани йўқ. “Уйда қолинг” шиори остида тўгарак аъзоларининг ота-оналари билан телефон орқали боғланиб, шогирдларининг саломатлигидан бохабар бўлиб туришибди. Шунингдек, ташкил этилган телеграмм канали орқали навбатдаги машғулотлар бўйича видео-дарслар намойиш этиб боришмоқда. Эзгу ишнинг чегараси йўқ деб шуни айтишса керак-да!

Абдулборий Нуралиев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг