Голни нишонлаш аввалгидек бўлмайди. Бугун Суперлига ўйинлари бошланади
АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда бугун, 12 июнь кунидан футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг навбатдаги тур ўйинлари бошланиши муносабати билан мусобақаларни ўтказишда жорий этилган санитария талаблари ҳақида маълумот берилди.
Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 2020 йил 5 июндан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини давом эттиришга рухсат берилган.
Футбол бўйича Суперлига ўйинларини ўтказишда қуйидаги асосий талабларга риоя қилиниши лозим:
- битта учрашувдаги иштирокчиларнинг (жамоалар, ташкилотчилар ва ОАВ ходимлари) умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак;
- учрашув учун танлаб олинган барча тўплар, GPS тизимлари (Polar тизими), фишкалар, дарвозалар устунлари ҳамда тўрлари, барча экипировкалар дезинфекция қилиниши шарт!
- учрашув давомида стадионга киритилган барча шахслар карантин нормаларига (шахсий ҳимоя воситаларига) қатъий риоя қилиши шарт.
- уларга тупуриш, оғиз чайқалган сувни оммавий жойга (айниқса футбол майдонига) ташлаш каби санитария қоидаларини бузиш тақиқланади (футболчилар оғиз чайиши ҳамда оғиздаги сувни ташлаши учун алоҳида идишлар, яъни, туфдон қўйилган нуқталарни ташкил этиш тавсия этилади).
- футболчилар ва ҳакамлар ечиниш хоналари, шунингдек, автобуслар кварц лампалар билан жиҳозлаш керак (портатив кварц лампа);
- стадион ҳудудидаги барча шахслар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шарт. Фақатгина ўйин вақтида майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар ва ҳакамларда маска бўлмайди. Чигалёзди машғулотларида қатнашувчилар ҳам маскалардан фойдаланади;
- учрашув олдидан икки жамоа вакиллари ва ҳакамларнинг ўзаро қўл бериб кўришиш тадбирлари бекор қилинади;
- жамоавий расмга тушишда футболчилар ижтимоий масофа сақлайди ҳамда бир-бирига тегиниб турмайди (зиг-заг усулида);
- футболчилар голни нишонлаётганда ижтимоий масофа сақлайди ва голни жамоавий нишонлашга йўл қўйилмайди;
- карантин талабларидан келиб чиқиб, матбуот анжумани ўтказилади. Унда иштирок этаётган барча карантин талабларига қатъий риоя этиши шарт;
- матбуот анжуманида иштирок этаётган футболчи ва мураббийлар микрофон, диктофон каби воситаларга тегиниши, уларни бир жойдан бошқа жойга суриши мумкин эмас;
- учрашув стадиони алоҳида изолятор хонаси бўлиши ва мазкур хона зарурий тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган бўлиши керак;
- учрашув ўтадиган туташ бинолар ичи футболчилар келишидан 2 соат аввал дезинфекцияланиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter