Бу ёқда сув исроф бўлса кимни мукофотлаймиз? (фото)
Менда ичимлик сувидан самарали фойдаланиш борасида таклиф бор. Қизиқ, сув хўжалиги раҳбарлари ҳам шуни ўйлашаяптимикан?!
Ўзбекистон ҳукумати сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида қарор чиқарди.
Қарор билан вазирлик низоми, «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низом ва вазирлик фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар тасдиқланди.
«Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси» кўкрак нишони билан сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимлари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ходимлари тақдирланади.
Меҳнаткаш, фидойи, илғор ходимлар ҳар йилнинг 20 мартига қадар вазир буйруғи билан мукофотланади.
Меҳнат сафари билан Фарғона водийси вилоятларида бўлганимда кўнгилни хижил қиладиган айрим ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Айниқса Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги 3 та маҳалланинг («Солижонобод», «Шомирза», «Истиқбол» маҳалла фуқаролар йиғинларида) биттадан кўчасида олинган суратлар болалигимда қишлоқда соатлаб уйга, молларга сув ташиган даврларимни ёдимга солди. Хуллас, «бошқа маҳаллаларда ҳам ичимлик суви шундай «беминнат» оқиб ётадими?» деган саволимга шу ерлик одамлардан «кўпида шунақа» деган жавобни олдим.
Қуйидаги суратларга яхшилаб назар солсангиз илғайсиз — биронтасида ҳам сувни тўхтатадиган жўмрак йўқ, сабаби оддий — булоқ сувини ёпиб турса қуриши ё бошқа ерга қочиши мумкин. Оғзини ёпиб бўлмайди деб шунча сувни боши йўқ, охири йўқ ариққа оқизиш оқилликми?
Келинг, бир ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз
Мисол учун сиз суратда кўриб турган энг кичик крандан бир дақиқада 3 литр, катталаридан эса 12-15 литр сув чиқади. Бу ердаги 10 та катта-кичик крандан бир кунда 95040 литр, бир ҳафтада 665 280 литр, бир ойда 2 851 200 литр, бир йилда эса 34 214 400 литр сув чиқмоқда. Шунча сувнинг 75 фоизи исроф бўлаётир. Бу камина айланган битта кўчадаги аҳвол холос.
Исрофнинг жавобини ким беради?! Медал олишни кўнглига тугаётган раҳбарларни шу муаммо кўпроқ ўйлантириши керак. Сувнинг катталари мамлакатимиздаги шу каби исрофгарчиликларнинг олдини олса ва сувдан оқилона фойдаланиш ҳақида бош қотирса, қанча одамнинг мушкулини осон қилган бўларди.
Шу ўринда каминада бир таклиф бор: булоқли маҳаллаларда болалар ёзда ва керак бўлса қишда чўмилиб, жоиз бўлса сузиш билан шуғулланиши учун бассейнлар қурилса, ортиқча сув махсус ҳовузларда тўпланиб, мотор билан ичимлик сувига муҳтож маҳаллаларга жўнатилса, бўлаётган катта исрофгарчиликлар бироз бўлса ҳам бартараф этилган бўлар эди.
Сув иншоотларини қуриб даромад олиш таклифи тадбиркорларга ҳам ёқса керак.
Абдуқодир Мўминов,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter