Ер билан битта ўрик, ёндирилган дарахт, қиммат туршак ёхуд тўкинчилик хоргарчилик деганими? (видео)
Бу йил ўрик ҳосили яхши бўлди. Ҳовлида, йўл бўйида, кўп қаватли уйлар атрофида ўрикларнинг ер билан битта бўлиб тўкилиб ётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Ва бу шундай бўлиши керакдек табиий қараяпмиз.
Бозорда ўриклар анча арзонлашди. Аммо бу дегани ўрик оёқ ости бўлиб ётиши керак деганими? Увол, савоб, исроф деган тушунчалар биздан қанчалар йироқлашиб кетганини мана шу ҳолат яққол исботлаб турибди. Ўрикни эккан одам қўшнисига ёки атрофдагиларга териб олиш ҳақида айтишни хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳовлисида мевали дарахти йўқ қўшни эса сўрашга ор қилади, истиҳола қилади. Ҳар икки томон ҳам уволга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Кўп қаватли уйлар олдига экилган меваларга нисбатан ҳам муносабат шундай. Баъзида бозорга тушиб туршак оламан десанг йигирма минг сўмдан етмиш минг сўмгача. Шунда савол туғилади: ёзда ер билан битта бўлиб тўкилиб ётадиган ўрик-туршакнинг қишда нархи нега баландлаб кетади? Нимани хор қилсанг шунга зор бўласан, деган гап ёдингга тушади.
Эътибор беринг, ўрик пишгач ҳеч ким қадрига етмайди, яъни увол бўлади ва қишга келиб унинг ҳатто туршагига ҳам зор бўламиз. Энг қизиғи, ёзи билан увол бўлган ўрик эгалари қишда туршакни фалон пулга сотиб олади. Ўйлайсан, наҳотки мана шу ўрикни қуритиб олишнинг имкони йўқ.
Ҳар бир хонадон ўзлари туршак қуритиб олса балки бозордаги нарх-наво ҳам бунчалик кўтарилиб кетмасмиди, аҳоли туршакни бемалол оғринмай харид қилармиди? Ўрикни увол қилмаслик учун териб олиб қуритишга ёки қўшниларга тарқатишга ҳафсаласизлик ортида аслида дангасалик ётибди. Айнан мана шу исрофгарчилик, дангасалик ёзи билан сероб бўлган меваларнинг қуритилгани қишда қимматлашиб кетишига сабаб бўлади.
Динимизда ҳам бу ҳақда бот-бот таъкидланган – Қуръондан эслатма: «…Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди» (Анъом, 141). Демак, биз ейишни истамаган овқатимизни исроф қилишимиз мумкин эмас.
«Ҳосилни биргалашиб йиғиштириб олайлик!»
Яқинда уволга бефарқ бўлмаган ҳамюртимиз, Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Анваржон Шермуратов маҳалладошларига айнан шу масала бўйича таклиф ва мурожаат билан чиқди:
«Маҳалламизда йилдан-йилга мевали дарахтлар кўпайиб мевазор боққа айланаяпти. Мана ҳозир Тошкент шаҳрининг «Олимпия» маҳалласидаман. Бу йил ўрик ва бошқа мевалар жуда кўп ҳосил берди. Ҳатто шохлари эгилиб қолди», деб бошлайди ўз видеомурожаатини: «Келинглар, мана шу меваларнинг оёқ ости бўлишининг – уволнинг олдини олиш мақсадида бир акция ўтказсак. Бунга Ёшлар ишлари бўйича агентлик ҳам ўз ҳиссасини қўшса. Мана шу дарахтлардаги меваларни бир кун вақтга келишиб йиғиштириб олсак. Кимга қанча керак бўлса тарқатсак. Кўпчилик ийманади, уялади, териб олишга. Ўзимиз шу билан ташаббус билан чиқсак. Ҳар йили ҳокимият, маҳалла ҳамкорликда кўчат экамиз, энди шу кўчатларни ҳосилга киргач увол қилмасдан йиғиштириб олсак».
Жуда яхши ташаббус, шундайми? Бу фақат биргина маҳаллага тегишли эмас. Бутун юртимиздаги маҳаллаларнинг қадриятига айланиши керак. Чунки битта кўчатни экиб, у ҳосилга киргунча қанча меҳнат ва вақт кетган. Аммо афсуски дарахтларга нисбатан шафқатсизликка ҳар қадамда дуч келишимиз ҳам бор гап. Бу ҳақда ҳамюртларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали қолдирган изоҳларидан ҳам билиш мумкин.
Лайло Ўзбек: «Бир кун қаердандир келаётган эдим. Кўчамизга мевали дарахтлар экилган. Бир гуруҳ болалар дарахт шохларини эгиб, синдириб мева узишаяпти, олгани майли дарахтни эгиб синдириб ташлаяпти. Яқинлашиб ҳой болалар уят эмасми, десам кўзини лўқ қилиб кўчада ўсган-ку дейди. Майли мевасини олинглар, аммо нега дарахтга озор бердинглар десам, ҳа у одаммидики озор чекса, дейди. Негадир бизда бу борада болаларга тушунча берилмайдими, берилган тарбия бола қулоғига кирмайдими?»
Феруза Шаропова: «Икки ярим гектар ўрик боғимиз бўларди. Данагини ажратиб улгурмасдик. Кундузи ўрик териб, кечаси данагини ажратардик. Мағзини майдаланган сомонни устига тўкиб ёйиб қуритардик, қишда катта қозонда қайнатиб молга берардик. Бир донаси увол қилинмасди. Пойтахтда унақамас. Ростанам хор бўлиб ётипти».
Гулнора Рахмонова, рассом: «Гулистон» журналида ишлаб юрганимда сал қўлим бўшаса «Саодат» журналига, дугоналар олдига келардим. Бир куни дугоналаримдан бирини кекса олим киши билан суҳбатлашиб ўтирганини кўрдим. Ҳалиги олимнинг юзининг рангги тоза ўрикнинг ранггидек чиройли эди. У киши мевалар бўйича олим бўлиб ўрикни кўп истеъмол қилар эканлар. Шунда айтган бир гапи эсимда қолган: ўзбекнинг бир қарич ери бўлса, ўша ерда бир дона бўлса-да ўрик экиши керак. Ўрик инсон саломатлигининг асоси, юракнинг бақувват бўлишини таъминлайди, шу мевани еб ўсган бола юзга киради. Мен ўзим ери бор инсоннинг ҳовлисида ўрик бўлмаса, остона ҳатлаб ичкарига кирмайман, – деган эдилар. Хотирам панд бермаса, олимнинг фамилияси Муҳаммаджонов эди...»
Матлуба Қосимова: «Бизнинг Қибрайда (Тошкент вилояти) бир нобакор шохини эгиб ҳосил берган ўрик тагида чиқинди ёқибди. Баланд дарахт учигача куйган барглари қуриб ётибди. Лекин бошқа шохлари тўла ҳосил. Ҳар куни бир неча бор шу дарахт ёнидан ўтаман, ҳар сафар юрагим ачиб, беихтиёр уволи ургур, деб юбораман. Бундай одамларни ким тарбиялаган экан-а...»
Тиббиёт ўрик ҳақида нима дейди?
Ўрик таркибида 29–58 фоиз ёғ бор. Ўрик қоқи минерал ва витаминларга жуда бой. Ўрик қоқи таркибидаги темир, каротин, фосфор, магний, В5 витамини юрак ва буйрак, эндикринологик хасталиклар учун жуда фойдали ҳисобланади. Унинг атиги 100-150 грамми юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олиши ҳамда қондаги холестерин миқдорини камайтириши мумкин. Ўрик шарбати иммунитетни кучайтириб танага қувват беради.
Ўрик шарбати болаларга ичирилса, ич қотишининг олдини олади. C витамини ва токоферолнинг кони экани ҳисобига янги пишган ҳамда қуритилган ўриклар яққол антиоксидантлик хусусиятига эга. Косметик воситалар ишлаб чиқарилишида ушбу маҳсулотдан тайёрланган ёғдан фойдаланилиши эса бунинг исботи. Ундаги антиоксидантлар нафақат терига фойда, балки организм ҳужайраларидаги оксидланиш стрессига барҳам беради. Ўрик янгилигида ейилса озишга ёрдам беради.
Организмдаги ортиқча сувни бир зумда чиқариш ва ҳазм жараёнини жадаллаштириш хусусиятига эга экани сабаб ҳам ўрик парҳезда бўлганлар учун энг яхши маҳсулотлардан бири саналади.
Ўрикдан бир неча хил қоқи тайёрланади
Бу борада юртимиз олимлари ҳам ҳар йили ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мева ва узумни қайта ишлаш бўлими бошлиғи Шуҳрат Аҳмедов ўрикни қуритиш тажрибалари билан ўртоқлашди: «Илмий тадқиқот институтимизда меваларни узоқ вақт сақлаш ва қайта ишлашни ташкил қилмасдан аҳолини йил бўйи таъминлаб бўлмайди. Мамлакатимизнинг жанубий-ғарбий вилоятларида қуйидаги ўрик навлари туршакбоп ҳисобланади: «Юбилейный Навоий», «Субҳоний». Ўрикни қуритиш усулларига қараб ундан туршак, курага ва қайса олинади. Туршак – данаги билан қуритилган ўрикдир. Бизнинг ишимиз ҳосилни узишдан бошлаб уни сақлаш, навларга ажратиш, ювиш, қайноқ сувга ботириб олиш, дудлаш, қуритиш, намни мувофиқлаш, қиёмга ботириб олиш ва идишларга жойлашдан иборат.
Дастлаб меваларни катта-кичиклигига қараб навларга ажратамиз (калибровка қилинади). Биз асосан «Юбилейный Навоий» навини қуритамиз. Бунда мева сифати яхши бўлиши, чиримаган, эзилмаган, қуртламаган бўлиши лозим. Меваларни қайноқ ишқорга ботириб олиш, дудлаш, қуритиш тартиби меваларнинг етилиш даражасига боғлиқ.
Очиқ жойда қуритиш 3-4 кун давом этади. Мана бу ўзига хос иссиқхонага ўхшаш жойда қуритилган ўриклар чангдан ва қуёшдан сақлаб қуритилади. Бу табиий қуритиш дейилади, умуман қуритиш 8-10 кун давом этади. Меваси бир текис қуриб, пўсти ажралмайдиган бўлганида қуритиш тугалланади. Данагини олиб, қуритилган ўрик қайса дейилади. Қайса йирик мевадан тайёрланади, уни тайёрлаш усули туршакникидан фарқ қилмайди.
Курага иккига ёриб қуритилган ўрикдир. У ҳам йирик мевалардан тайёрланади. Яхшилаб ювилган ўрик қўлда иккига ажратилиб, данаги олинади. Мева паллалари қайноқ сувда 45-60 сония тутилади, ички томонини устга қаратиб патнисларга терилади ва олтингугурт билан дудланади. Курага офтобда 24-30 соат қуритилиши лозим. Шу даврда сояда бир текис қурийди. Ўрик қовжираб, буришиб қолмайди, витаминлари яхши сақланади, ранги ўзгармайди. Курага қуриши учун 5-7 кун керак бўлади.
Вакуум сублимация усулида қуритилганида мева 98 фоиз витаминларни сақлаб қолади. Яъни, мана бу ускуналарда меванинг намлиги тортиб олинади ва у узоқ вақт худди янги узилгандек кўринишда бўлади. Бир неча йиллардан бери олимларимиз кўргазмаларда қатнашиб келмоқда. Тадбиркорларимиз, сублимация ва қиёмга солиб пишириб қуритилган қоқи тайёрлаб ҳатто экспорт қилишмоқда. Қиёмга солиб ўзига хос қуритиш усулини уй шароитда ҳам амалга оширса бўлади. Яъни, учга икки баробарида сувга шакар солиб қиём қилинади ҳамда унга ўрикнинг эзилмайдиган, туксиз навини данаги олинган ҳолатда солиб қайнатилади. Сўнгра ўрикни қиёмдан човли ёрдамида олиб патнисга терилади, газ духовкасига қуриганча қўйиб олинади. Мана шу усулда қуритилган меваларимиз ҳам ҳозир кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мен аҳолимизга айтган бўлардимки, ўрикнинг шифобахшлигини ҳисобга олган ҳолда ундан бир неча хил туршак қуритиб олиши керак. Шунда бозорларимизда туршак арзон бўлади, исрофгарчиликка барҳам берилади».
Ҳамюртларимиз ҳам ўрикни қуритишнинг анъанавий усуллари билан ўртоқлашди:
Баҳодир Камолов боғбон, Самарқанд вилояти: «Ҳозир ҳамма жойда ўрик ғарқ пишган. Икки хил ўрик бор бири оддий сепкилдор, бири пўсти силлиқ – бизда «мойлимазолдори» дейди. Данаги аччиғи ва чучуги ҳам бор, сок тайёрлашда асосан данаги чучугидан фойдаланилади.
Ёшлигимда катта отамларнинг ҳовлисида бир туп роса узун ва катта ўриги бўларди. Биз набиралари, қўшни болалари эрта баҳор ғўра бўлганидан сариқ-қизғиш бўлиб пишгунича устига чиқиб ердик. Шу ўрикни устига бир амаким симдан сўри ҳам қилганди. Бемалол ётиб ухласа ҳам бўларди. Катта энам кўпинча ўрикларнинг шамол тўкканларини териб ўтинхонанинг томида офтобга ёйиб қўярди. У пайтлари ўтинхоналарнинг томи лойсувоқли том бўларди. Ўрикни кесмасдан бутунича данаги билан қоқ қилинарди. Қуригандан кейин тўрвага солиб қўярди. Эрта баҳор, ёзгача ҳам турарди. Қишда айнан чилла пайти совуқда шу қоқидан икки-уч ҳовуч олиб қозонга солиб қайнатиб компот қиларди. Қайнашни бошлаганда ажиб бир ифори ҳам бор эди. Косага ўрик қоқлари билан ўша шарбатдан солиб берса нон тўғраб ичардик. Биз болалар тўрвадан олиб чўнтагимизга солиб еб юрардик. Данаги ҳам қуриб ширин бўларди.
Аёллар бировникига меҳмонга борса тугунга патир-нонларни остига солиб кетишарди. Ўша пайти кампирлар узун камзул, енги узун куйлаклар, сочларига тангалар, ипак жияклар тақиб юрарди. Ўша камзулини чўнтагида чақилган ёнғоқ, қора майиз, туршакни бир халтача тикиб солиб юрарди. Биз болаларни кўрса халтачани чиқариб бир қисмдан бериб чиқарди. Ўрик юракка қувват бўлади. Айниқса туршаги шакарсиз қайнатиб ичганда фойдаси катта...»
Адолатхон: «Мен ўрикларни, ювиб данагини оламан. Сўнгра устига дока ёпиб балконга қўяман – тушгача қуёш, сўнг салқин бўлади.
Ҳар йил тайёрлайман, тоза, ишончли. Онам ҳовлида туради, роса ўрик дарахтлари кўп, лекин чумолиларнинг дастидан ҳеч туршак қилолмаяпти, бирон хил чумоли дориси фойда бермаяпти. Қаерга ёймасин чумолилар келиб ичини еб кетяпти».
Зарина Рамазонова:«Менинг онам сим кароватга ўрикларни териб устига дока ёпиб қўяди. Сим кароватнинг тўртта оёғига баклажкани кесиб сув солиб кийдириб қўяди, шунда чумоли чиқолмайди. Идишнинг суви қуриб қолмаслиги учун ҳар куни сув қуйиб турилади».
Моҳидил Дадабоева: «Бизда ўзимиздан ортмайди, қариндош-уруғ, дўсту биродарлар дегандек. Фарғонада шаҳарда тураман, меваларни қўни-қўшнию ҳамкасбларга тарқатаман, айниқса, қишда қуритилгани жуда талабгор бўлади.
Буважоним туршак шарбатини канда қилмайди, худо хохласа 90 ёшга киради. Бақувват юрак билан коронавирус ва пневмонияни ҳам енгдилар».
Ўрик ва унинг қуритилгани ҳақида айтмоқчи бўлганларимиз шуларгина эмас, яна бу мавзуга қайтамиз. Гарчи ўрик ер билан битта бўлиб тўкилиб ётган бўлса-да, бозорга бориб туршакнинг нархини сўранг: 25 мингдан 50 минг сўмгача нархни айтишади. Нега шундай. Ҳамма жойда ўрик ер билан битта, бозорда эса туршакнинг нархи осмонда?
Муаллиф: Барно Султонова,
Оператор: Юнус Маҳмудов,
Монтажчи: Шерзод Қаюмов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter