Энергетика вазирлиги жорий мавсумда аввалгидан 2,5 млрд кВт кўпроқ «ток» етказиб бермоқчи
10 октябр, душанба куни Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов тизим ташкилотлари ва ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган акциядорлик жамиятларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди.
Бунда, биринчи навбатда соҳа обектларини 2022/2023-йиллар куз-қиш даврига тўлиқ тайёрлаш, истеъмолчиларни энергия ресусрлари билан барқарор таъминлаш ишларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди.
Йиғилишда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Шундан 10,4 млрд куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 млрд куб метри – иқтисодиёт тармоқларига етказилади.
Суюлтирилган газ таъминоти тизимидаги 85 та газ тўлдириш пункти ҳамда 1058 та газ ташувчи ва тарқатувчи автотранспорт воситасининг доимий техник соз ҳолатда бўлишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга аҳоли истеъмолчиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар 12,7 минг дона қўшимча маиший газ баллони етказиб бериш лозимлиги белгиланди.
Шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)ларда кўмир, суюлтирилган газ захирасини яратишда 447 та маҳалла (овул) фуқаролар йиғинидаги 168 мингдан зиёд хонадонга 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 34 млрд 918 млн киловатт-соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўп) электр энергияси етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Мавсум давомида аҳолига 10 млрд 938 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади.
Йиғилишда масъул раҳбарларга бундан кейин ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ҳужжатлар ижроси назоратига жиддий эътибор қаратиш ҳамда топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter