«Брексит» ёхуд Евроиттифоқ эшиклари нима учун қурилган?
2020 йил 31 январь — Европада Буюк Британия учун «чиқиш эшиклари» очиладиган кун, ниҳоят, «Брексит» мавзуси ёпилиш арафасида.
«Брексит» — Буюк Британиянинг Европа иттифоқидан (EИ) чиқиб кетиш жараёни. 2016 йил июнь ойида Буюк Британия ҳукумати ўтказган референдумдан сўнг 51,9 фоиз овоз билан ижобий ҳал бўлган.
Тузилган пайтида элита давлатлардан иборат бўлган Евроиттифоқ шартлари бугунги Британия учун мос келмай қолди. Қўшма қироллик азалдан ташқи сиёсатда «Буюк Британиянинг дўсти ҳам, душмани ҳам йўқ» деган ғояга суянган, мамлакат ўз иқтисодиёти ва сиёсатига кучли таъсирга эга EИнинг чиқиш эшиклари нима учун қурилганлиги ҳақида ўйламоқда. Ўзини доимо Европанинг «ўгайи»дек сезадиган инглизлар Евроиттифоқсиз ҳам кунлари ўтишига ишонишмоқда. Азал-азалдан Европа бир томон-у, Британия бир томон бўлган. Азалий гина-кудратлар, «чўнтакка зарар ҳамкорлар»дан чарчаган оролликлар ўзларини алоҳида қитъа ҳисобламоқдалар.
Гарчи Буюк Британия ҳукумати қироллик 2017 йил март ойида Европа иттифоқидан чиқишини расман эълон қилган бўлса-да, жараён чўзилиб-чўзилиб, ниҳоят 2020 йил 31 январь куни якуний нуқта қўйилади.
Албатта, ким ҳам иқтисодиёти бақувват ана шундай давлатдан айрилгиси келади. Евроиттифоқ ва Европарламент Британияни «сақлаб қолиш учун» жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Буюк Британияда шу «Брексит» машмашасини деб сиёсат майдонидан қувилганлар-у, шу майдонга келганлар бор. Буюк Британия Евроиттифоқни тарк этишга деярли 4 йил руҳан тайёрланди. Бу «психологик иммунитет» алалоқибат Евроиттифоқдан ажралиб чиққандан сўнг содир бўлиши эҳтимолда тутилган иқтисодий тушкунликка бўлган иммунитет бўлиши мумкин. Аҳоли орасида евроскептицизм ғоялари авж нуқтасига кирди.
Евроскептицизм (ЕИ-скептицизм ҳам дейилади) — Европа иттифоқи ва Европага интеграциялашувни танқид қилишдир. Евроскептиклар Европа иттифоқи тизими ва сиёсатига қарши чиқишади ва ЕИ аъзолигига очиқдан-очиқ норозилик билдирадилар.
«Ошпаз кўп бўлса,...»
«Брексит»ни евроскептиклар фаоллик билан қўллаб-қувватлашмоқда. Аммо Британияда иттифоқпарастлар (ЕИ назарда тутиляпти) ҳам озчилик эмас.
Буюк Британия Европа иқтисодий ҳамжамиятига (European Economic Community) 1973 йилда аъзо бўлган. Ажабланарлиси, сиёсий савияси юқори аҳоли розилиги орадан икки йил ўтиб, 1975 йилги референдумда олинган. Британиянинг ЕИдан чиқиб кетишга уриниши ХХ асрнинг еттинчи ўн йиллигининг ўзидаёқ авж олган эди. 1970-1980-йилларда Европа иттифоқидан чиқиш асосан сиёсий сўллар томонидан қўллаб-қувватланди. Лейбористлар партиясининг 1983 йилги сайловлар манифестида ҳозирги атамага айланиб қолган «Брексит» масаласи кўтарилган, бироқ референдумга қўйилмаган.
Буюк Британиянинг «UK Independence Party» (Буюк Британия Мустақиллик партияси) ва «People's Pledge» (Буюк Британиянинг Европа иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисида референдум ўтказувчи сиёсий кампания) бош вазир Дэвид Кэмеронни Европа иттифоқида қолиш бўйича референдум ўтказишга мажбурлашганди. Оқибатда Кэмерон истеъфога чиқиб кетиб, ўрнига Тереза Мэй келганди. Хуллас, «Брексит» Британия бошқарувида зиддиятларни юзага келтирди. Сўнгги йилларда британ сиёсатчилари ушлаб олган мавзу айнан «Брексит» бўлиб қолди.
2017 йилнинг 29 мартида Буюк Британия ҳукумати парламентнинг рухсати билан, Европа иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 50-моддасини қўллаган ҳолда, ЕИни тарк этиш жараёнини расман бошлади. 2017 йил июнь ойида бўлиб ўтган умумий сайловларда Бирлик демократик партияси (Democratic Unionist Party) томонидан қўллаб-қувватланадиган Консерватив озчилик ҳукумати пайдо бўлди. ЕИдан чиқиб кетиши бўйича музокаралар ўша ой бошида бошланди. Буюк Британия ЕИ божхона иттифоқи ва ягона евробозорни тарк этиш тўғрисида музокаралар олиб борди. Бунинг натижасида 2018 йил ноябрь ойида чиқиш битими пайдо бўлди, аммо Буюк Британия парламенти унинг ратификациясига қарши уч марта овоз берди. Хуллас, британлар нима қилишни билишмасди. «Ошпаз кўп бўлса, ош шавла бўлади» деганларидек, ҳеч бир ҳукумат раҳбари «Брексит оши»ни пишита олмай жони ҳалак эди.
ЕИ тарк этилгач, божхона тарифлари ошиб, чегарадаги товар айирбошлашда юзага келадиган қийинчиликлар мамлакат иқтисодиётига қаттиқ таъсир ўтказиши тайин. Шу боисдан лейбористлар партияси божхона иттифоқини сақлаб қолиш учун ҳар қандай келишувни имзолаш тарафдори эканлигини очиқча эълон қила бошлади.
Либерал-демократлар Евроиттифоқни сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишди. Шотландия миллий партияси ва бошқалар иккинчи референдум орқали «Брексит»ни бекор қилишга ҳаракат қилишди. Ҳамманинг ўз фикри бор. Ҳар бир «арава» мамлакатни ҳар тарафга тортмоқда.
2019 йил март ойида Буюк Британия парламенти бош вазир Тереза Мэй ҳукуматидан «Брексит»ни апрелгача, кейинроқ октябргача кечиктиришни сўради. Аммо муросага келинмади ва Мэй 2019 йил июль ойида истеъфога чиқди.
Ўрнига Борис Жонсон тайинланди. Борис Жонсон ҳукумат тепасига айнан «Брексит халоскори» сифатида келди. Янги бош вазир ЕИни тарк этишга ваъда бергани учун ҳам қўллаб-қувватланди. 2019 йил 17 октябрда Буюк Британия ҳукумати ва Европа иттифоқи Шимолий Ирландия учун янги келишувлар билан қайта кўриб чиқиш тўғрисида келишувга келишдилар.
Борис Жонсон 2019 йил 12 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда ютса, албатта Евроиттифоқни тарк этишга ваъда берганди. Бахтига сайловларда айнан консервативлар ҳукуматда кўпроқ ўрин эгаллади. Шундан сўнг Жонсон Буюк Британия 2020 йил бошида Европа иттифоқини тарк этишини расман эълон қилди. Шунча «қурбонлар»ни кўрган «Брексит» ўз интиҳо палласига кирди. Ниҳоят, Британия «ўгай отаси»дан ажралиб чиқишга яқин.
Ким кўпроқ ютқазади?
Бугунги кунга келиб Британияда Евроиттифоқнинг 3 миллион фуқароси визасиз ишлаб келмоқда. ЕИда эса Буюк Британиядан келган 1,3 миллион одам худди шундай шароитда ишламоқда. «Брексит» биринчи навбатда иммигирацияга ёмон таъсир қилиши кутилмоқда.
Буюк Британия «ажрашиш тўғрисидаги ариза» учун 33 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги товон тўлаши керак. Бу иқтисодиётнинг чуқур инқирозига сабаб бўлиши мумкин.
Чиқиб кетиш тўғрисидаги ариза, товон пули тўлангач, Европа иттифоқининг махсус саммитида маъқулланади. Шундан сўнг, Европа иттифоқи ва Қўшма Қироллик савдо битимлари бўйича музокаралар олиб боришга ҳақли.
«Брексит»нинг Британия учун оқибатлари
Буюк Британия аллақачон «Брексит»дан азият чекишга улгурди. Иқтисодиёти ўсиши секинлашди ва кўплаб Евроиттифоқ компаниялари бош офисларини Британиядан кўчириб кетди. Мегабизнес марказлари ҳисобланган Лондон, Шимолий Ирландия ва Шотландия иқтисодий тушкунлик ҳолатига рўбарў бўлиши, аҳоли жон бошига даромаднинг камайиши кутилмоқда.
«Брексит» кампаниясининг энг катта ноқулайлиги унинг британ иқтисодий ўсишига зарар етказиши ҳисобланади. «Брексит эффекти» Британия иқтисодиёти ўсишини 2015 йилдаги 2,4 фоиздан 2018 йилда 1,5 фоизга пасайтирди. Деярли 1 фоизлик пастлаш, аслини олганда, кутилаётганидан кўра яхши натижа. Хомчўтларга кўра, «Брексит» Қўшма Қироллик иқтисодиёти ўсишини 15 йил давомида 6,7 фоизга пасайтирган. Келгусида Европа товарларининг Британия ҳудудига бож билан кириши ижобий саналса-да, экспорт ҳажмининг қисқариши ички бизнесга зарар келтириши мумкин. «Брексит» Британиянинг Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар билан тарифсиз савдо ҳолатини йўқ қилади. Тарифлар экспорт нархини кўтаради. Бундан аввало товарлари Европа иттифоқи ҳудудига кириш нархи қимматлашган экспортчилар зарар кўради. Фунтнинг еврога нисбатан ўсиш кўрилажак зарарни қоплай олмаслиги эҳтимоли катта.
Тарифлар, шунингдек, импорт нархларининг ошишига ҳам олиб келади. Мамлакат импортининг деярли учдан бир қисми Европа иттифоқидан келади. Шунингдек, британ компаниялари ҳар қандай Европа иттифоқи давлатларида умумий шартномалар бўйича қатнашиш имкониятини йўқотиши мумкин. Лондон учун энг катта йўқотиш Евробанк хизматлари бўлиши кутилмоқда. Валюта бозорида инқироз кутилмоқда. Буюк Британияда Европа давлатларига чипталар, интернет ва ҳатто телефон хизматлари нархи кўтарилиши мумкин
«Брексит» Британиянинг ёш ишчилар синфига зарар келтиради. Германияда 2030 йилга бориб малакали ишчилар танқислиги 3 миллион нафарга етиши кутилмоқда. «Брексит»дан кейин британ ишчиларига Германияга бориб ишлаш учун виза керак бўлади.
Шимолий Ирландиянинг Буюк Британия таркибида Евроиттифоқни тарк этишини ҳисобга олсак, Ирландия Республикаси билан муносабатларни тартибга солиш ҳам долзарб масала бўлиб қолади. Бу жараён Ирландия учун ҳам иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқаради.
ЕИ учун оқибатлар
Евроиттифоқ Британияни иттифоқда сақлаб қолишга астойдил уринди. Буюк Британиянинг Еврозонани тарк этиши иттифоқ тақдирига салбий таъсир қилиши мумкин. Агар британлар ортидан Франция ёки Германия каби иқтисодиёти кучли мамлакатлардан бири ЕИни тарк этса, иттифоқ тарқаб кетиши мумкин.
Бу тахминлар аслини олганда жуда ҳам асосли эмас. Масалан, британ аҳолисининг деярли ярми ҳали ҳам иттифоқни қўллайди. Бундан ташқари, бошқа мамлакатларда ҳали ҳам Евроиттифоқдан манфаат кучли. «Брексит» Буюк Британияни молиявий дунёнинг асосий поғонасидан чиқариб ташлаши мумкин.
Албатта, «Брексит», худди Буюк Британияга бўлгани каби, Европа иттифоқи иқтисодиётига ҳам катта таъсир ўтказади. Бироқ оқибатлари унчалик катта бўлмаса керак. Евроиттифоқсиз ҳам Буюк Британия ва ЕИ бир-бирининг энг йирик савдо шериги бўлиб қолаверади. «Британиядан ажралиш»дан айнан кимлар кўпроқ зарар кўради? Экспертларга кўра, иқтисодий зарба кучини Бельгия, Кипр, Ирландия, Германия ва Нидерландия бошқалардан кўпроқ ҳис этади.
Хулоса ўрнида…
Буюк Британия Европа иттифоқига аъзо бўлганига деярли ярим аср бўлди. Бу даврда нималар ютилди-ю, нималар ютқазилди; кимлар шу «Брексит» муаммоси оқибатида сиёсат майдонига келди-ю, кимлар бу майдондан қувилди. «Брексит» якун паллага киришига ҳам саноқли кунлар қолди. 31 январда Буюк Британия Европа иттифоқини расман тарк этади. Шундан сўнг ким нимага эга бўлиши ойдинлашади.
Ҳар қандай иттифоқ ва ташкилот ташкилотчининг манфаатларини акс эттиради. Ташкилотчининг манфаатларига тўғри келмаган иттифоқ ва битимлар ниҳоя топади. Буюк Британия Евроиттифоқдан чиқишни мамлакат ва унинг фуқаролари учун ижобий бўлишига ишонмоқда. Буёғи энди вақтнинг ҳукмида. Кўрамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter