Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойларнинг ғаройиб машғулотлари

Бойларнинг ғаройиб машғулотлари

Кўпчиликнинг ўйлашича, миллионер ва миллиардерлар алоҳида ақлий салоҳиятга эга бўлиб (акс ҳолда қандай қилиб пул топишарди), арзимаган машғулотлар учун вақт сарфлаб ўтиришмайди. Аммо бу янглиш фикр. Бойлар ҳам бошқалардек одам, уларнинг ҳам эрмаклари бор. Хўш, бадавлат кишилар қандай хоббиларни хуш кўради?..

Афсонавий Жон Рокфеллер гольф билан шуғуллана бошлаганида 60 ёшда бўлган. У ўзининг ҳар бир мулки жойлашган жойда гольф майдони қуриб, бир неча соатни шу ерда ўтказган. Ҳатто қор ёғаётганида ҳам, Рокфеллер отлари ва қор тозалагич ёрдамида майдонни тозалашни буюрар, ҳамкорларини қизиқтириш учун ўйин нимчаларини тарқатар, беллашувни асло бекор қилмасди.Миллиардернинг иккинчи ишқибозлиги кўчат ўтқазиш бўлган. Рокфеллер Покантикодаги қўрғонига улкан дарахтларни кўчириб келтирган (уларнинг баландлиги 30 метргача бўларди). Бундан ташқари, миллиардер ёллаган бригадалар бирваракайига 10 мингта кўчат экар, кейинчалик жаноб Рокфеллер уларни сотиб фойда ҳам кўрарди. Рокфеллерларнинг бир қариндоши Дэвид эса қўнғизларни коллекция қилади.

«Майкрософт» раҳнамоси Билл Гейтс Энн Винбладнинг кўнглини овлаш чоғида унга физика китобини ўқиб берган ва тинглаши учун машҳур Ричард Фейнман маърузаларини топширган. Бу маҳбубасига манзур бўлган эди.
Гейтс турли ўйинлар ва бошқотирмаларга ҳам қизиққан. Бир гал уйча ва қўрғонлар ясаш учун олти тонна қум келтирган. Бу ўйинда ўзи ҳам иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритган.

Кейинги вақтларда Гейтснинг машғулоти ўзгарди. У сув тубидан балиқ тутиш ва автомобилни экстремал бошқаришга берилиб кетди.

Яна бир миллиардер — америкалик саноатчи Жан Пол Гетти санъат асарларини йиғиш билан машғул бўлган. У бу хоббисига жуда кўп вақт ажратган. Гетти музей ва осори-атиқалар дўконига ҳафталаб ташриф буюрар, экспонатлар тарихини синчиклаб ўрганар, оқшомлари эса тадқиқотчилар билан гаплашарди.
Британиялик тадбиркор ва «Virgin» корпорацияси асосчиси Ричард Брэнсон хатарли трюкларни яхши кўради. У Ла-Манш узра сузиб ўтиш ва Тинч океани бўйлаб ҳаво шарида парвоз қилиш каби ўта хавфли саргузаштлари туфайли Гиннес рекордлари китобига киритилган.

«Bank of Amerika» корхонаси йирик акциядорларидан бири Клемми Дайксон Спэнглер қадимий соатларни тузатиш билан машғул. Ҳаммаси бундан 45 йил муқаддам, онаси совға қилган XVII асрга тегишли соатни таъмирлашга қарор қилган кундан бошланган. Уйдаги барча бузуқ соатларни тузатган Спэнглер ўзининг хусусий устахонасини очиш ҳаракатига тушди.

Фил Аншуц ҳар куни тонгга соат бешда уйқудан туради ва 10 мил масофага югуради. Гэри Мэйгнес эса кимсасиз йўл бўйлаб юк машинасини ҳайдашни яхши кўради.

Яна бир магнат, футбол клуби хўжайини Жеймс Айсри мусиқий асбобларни коллекция қилади. Унинг тўпламида машҳур инсонлар Жорж Харрисон ва Жерри Гарсиага тегишли гитаралар бор. Айсри ушбу хоббиси учун маблағини аямайди.
Ижод билан шуғулланадиган миллионерлар ҳам кам эмас. Масалан, нефть магнати Гарольд Лафайет Хант утопик ва автобиографик романи ҳисобланган «Альпака» устида ишлаган. Жан Пол Геттининг ўғли сармоядор Гордон Гетти эса опера ёзиш учун нефть бизнесини тарк этди. У асарларидан бирини Шекспир қаҳрамони номи билан «Фальстаф» деб эълон қилди.

Тадқиқотчи Фридсон фикрига кўра, агар сиз бой бўлишни хоҳласангиз, бадавлат одамларга ўхшашга интилинг. Бу дегани – саргузаштлардан иборат ҳар бир кунингиздан қувониш, қатъиятли бўлиш ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаб қозониш кўникмангизни ўстиришни ҳозироқ бошланг. Афтидан, олим ишлаш ва бизнес билан шуғулланиш кераклиги, акс ҳолда одат ва хоббиларнинг ўзи қоплаб пул олиб келмаслигини унутган кўринади.

Акбар ФАТҲУЛЛАЕВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг