Бошқарма бошлиғининг буйруғи «теппа»миди?
Шарифа Рустамованинг мактаб директорлиги ортидан бошига тушган можаролар наинки кулчадек мақолага, ҳатто телесериалга мавзу бўлгудек. Ноҳақликни исботлаш учун кетган уч йил шундай хулосага ундайди, сираси. Воқеликнинг батафсил баёнига имкониятимиз чеклангани боис, уларнинг энг муҳим нуқталарига эътиборни қаратиш билан кифояланамиз.
Шарифа Рустамова Избоскан тумани халқ таълими бўлимида 22 йил методист бўлиб ишлади. Туман халқ таълими бўлими мудираси Назира Қобилова билан ўртасида келишмовчилик юзага келгач, ҳам ошкора, ҳам орқаворотдан унга «РайОНО»дан кетсин!» деган талаб қўйилаверди. Тазйиқлардан чарчаган Ш.Рустамова ахийри мудирага дангалини айтди-қўйди: «Хўп, кетман, бирорта мактабни берсангиз...».
Муросани мудира жон деб қабул қилди...
2015 йилнинг январь ойида 11-мактабга директор этиб тайинланганида, тизимдаги меҳнатлари учун раҳбарият томонидан сийлов деб баҳолашди. Аслида сийлов эмас, синов экан! «Бу халқ таълими бўлими мудирасининг мендан қутулиш учун қўллаган чораси эди», дейди Шарифа Рустамова.
Мактаб жамоасига Шарифа Рустамовани таништириш чоғида мудира унга «Директор Гулнора Соҳибова сизга ўзининг иссиқ ўрнини бўшатиб беряпти, уни ўзингизга ўринбосар қилиб олинг!» деб топшириқ берди. Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозими халқ таълими бўлими номенклатурасига киради. Бунинг учун мудиранинг буйруғи бўлиши шарт. Бироқ Н.Қобилова бу қоидани «унутди» ҳамда Ш.Рустамовага «ўринбосарингизни ички буйруқ билан ишлатаверасиз», дея «йўл-йўриқ» кўрсатди. (Айни масалада мудиранинг ўзи бош туриб ноқонуний фаолиятга йўл очиб берганлиги алоҳида мавзу).
Ш.Рустамованинг директор сифатидаги биринчи иш куни шу тариқа бошланди...
Янги директор мактабда бир қатор ўзгаришлар қилди. Таълим самарадорлигини белгиловчи ижобий кўрсаткичлар кўзга ташлана бошлади. Бироқ бу жараён бир ярим йилга ҳам етмади. Чунки собиқ директор бошчилигида беш нафар ўқитувчи Ш.Рустамова устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят битишди. Муаллимлар келтирган даъволар туман молия бўлими томонидан ўтказилган текширишда исботини топмади.
Шундан сўнг яна «ходимларга мукофот пули тайинлашда таъмагирлик қилган, мактаб таъмири учун пул йиққан» деган мазмундаги иддаолар юзага чиқдики, бу тергов ҳаракатларини бошлашга етиб ортар эди. Анча давом этган суриштирувдан сўнг жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди (2016 йил, 28 октябрь) Шарифа Рустамовани эгаллаб турган лавозимидан четлатиб, камига фирибгар деган тамға ҳам босди.
Унга қўйилган айбловлар қай даражада асосли эди?
Шарифа Рустамованинг айтишича, ўзига «ёпиштирилган» барча айбловлар собиқ директор ҳамда унинг ҳамфикрларидан бири томонидан уюштирилган туҳматлар натижасидир. «Ходимлардан мукофот пули устидан «шапка» ёки бошқа мақсадда ҳеч нарса талаб қилмаганман. Тергов жараёнида бу ҳолат чуқур ўрганилмади, масала «юмалоқ ёстиқ» қилиб судга тақдим этилди», деб таъкидлайди у.
Судда директорга нисбатан даъвогар сифатида номлари тилга олинган айрим ўқитувчилар ҳамда бошқа гувоҳларнинг тушунтириш хатлари нусхалари қўлимизга келиб тушди. Уларнинг умумий мазмуни шуки, Ш.Рустамова устидан тўпланган маълумотларга аксарият ўқитувчилар тушуниб-тушунмай, собиқ раҳбарнинг босими остида имзо чекишган.
У тушкунликка тушмай, номини, шаънини оқлаш учун саъй-ҳаракатдан тўхтамади ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай оқланди.
Ҳа, айнан оқланди!
2017 йилнинг 28 март куни жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани судида «Рустамованинг иши» қайта кўрилди ҳамда аввалги суд хулосаси билан тасдиқланган жиноий хатти-ҳаракатларнинг қатор бандлари, хусусан, суд томонидан қўлланилган лавозимдан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораси бекор қилинди.
Бошига тушган кўргуликлардан иродаси синмаган аёл энди ёруғ юз билан жамоасига қайтиши, вазифасини давом эттириши мумкин эди: қўлида суднинг оқлов ҳукми ҳамда шу асосда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг уни лавозимига қайтариш тўғрисидаги буйруғи (2017 йил, 6 май) бор.
Бироқ орзу орзулигича қолиб кетди!
Нега?
Бошқарма бошлиғининг юқоридаги буйруғи чиққан санадан бир ой ўтиб, мактабнинг беш нафар ўқитувчиси «Ш.Рустамова вазифасига қайтган, лекин 2017 йил 6 майдан 2 июнгача иш жойида бўлмаган» деб далолатнома тузишган. Шарифа Рустамованинг таъкидлашича, ишга тикланиш куни аниқ бўлгач, бир ой давомида туман халқ таълими бўлими мудираси Назира Қобилова уни қабул қилмаган, айни масалада гаплашишни ҳам истамаган. Чунки маълум муддатдан сўнг мактаб директорлигига қайтган раҳбарни этика нуқтаи назаридан халқ таълими бўлими мудири ёки ўринбосари жамоага таништириши керак эди. Ахир шаъни, қадр-қиммати, қолаверса, вазифасига қайтиш учун деярли бир йил курашган инсон муроди ҳосил бўлгач, сабабсиз ишга бормаслиги мантиққа тўғри келмаяпти-ку!
Шу масалада халқ таълими бўлимининг ўша вақтдаги мудираси, айни дамда Избосканда мактабгача таълим бўлимига раҳбарлик қилаётган Назира Қобиловадан изоҳ сўралганда, шундай деди:
— Шарифа Рустамова «РайОНО»да методист сифатида яхши ишламаган, шу сабаб бир неча марта интизомий жазолар қўллаганман. Ўзининг илтимоси билан директорликка тайинладим. Узоқ давом этган можаролардан сўнг судланди. Бошқармадан берилган ишга тиклаш ҳақидаги буйруғи «теппа»! (Шу сўзни айнан келтирдик. Шевада бу сўз «сохта» деган маънони беради).
Шарифа Рустамованинг ишга қайтишига энг аввало туман халқ таълими бўлими мудираси қаршилик билдирганини англаш мумкин. Суд ҳукми ижросининг тан олинмаслиги қонуний жиҳатдан қай даражада баҳоланади? Ш.Рустамова яхши ишламагани учун чоралар кўрилганлигини қайси далил билан исботлаш мумкин? Вазифасини яхши торта олмаса, мактаб директорлиги лавозими «туҳфа» қилинадими?
Мана, шу воқеаларга ҳам икки йил бўлди. Сарсон-саргардонликдан сўнг Шарифа Рустамова яна эски вазифаси – методистликни давом эттиряпти. Тизимда раҳбар алмашгач, яъни Назира Қобиловадан сўнг ишга қайтди.
— Таълим соҳасида ишлаш учун суднинг оқлов ҳукми чиққан кундан бошлаб салкам бир ярим йилдан зиёд – то 2018 йил декабрь ойигача кўп югурдим. Вилоят ҳокимининг қабулига бордим. Избоскан тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси кўриб қолиб, дарҳол туман ҳокими билан боғланди. Вилоят раҳбариятига учрашмаслигимни, ишга қайтишимни, ёрдам беришларини айтди. Шундан сўнг халқ таълими бўлимига қайтдим.
Ажаб-а, ажаб... Қуйи бўғин раҳбари бошқарма бошлиғини буйруғини «теппа» деб бажармаса, суд қарори ижроси ортидан Мажбурий бюро ходимлари эмас, ноҳақлик азобини обдон тортган инсоннинг ўзи чопиб юрса... Бу нима, «Ўзинг учун ўл, етим!» деганими ёки «Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойвачча гапириши»ми?!
Шунча гап-сўзлар ўтиб, масала тинчибди, аввалги ишига бўлса-да қайтибди, энди бу гап-сўзларни қўзғашнинг не ҳожати бор дерсиз? Бироқ салкам уч йил бесамар ўтган умр, сарсон-саргардонлик, бошига тушган кўргуликлар учун ким жавоб беради? Бу ғурбатларнинг товони-чи?
Нурилло Нўъмонов, журналист
Андижон вилояти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter