«Бошқа дастурлаш тилларига ҳам ўқитинг» — ўқитувчиларни курслар қизиқтириб қўйди (видео)
Навоий вилоятининг 368 та мактабидаги 757 нафар информатика ўқитувчисидан 150 нафари «C++» дастурлаш тили бўйича Халқ таълим вазирлиги ташаббуси, «SmartGov» ҳамкорлигидаги 144 соатлик ўқув курсларида қатнашмоқдалар.
Информатика ва ахборот технологиялари бўйича янги дарсликлар жорий қилиниши кутилмоқда. Бу китобларда дастурлаш тиллари бўлади, албатта. Республика фан олимпиадаларида «C++» дастурлаш тилидан саволлар пайдо бўла бошлаган.
12-мактаб ўқитувчиси Зарифа Хожиева бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Ўтган йили информатика ва ахборот технологиялари фанидан Республика олимпиадасида ўқувчим қатнашди. Унга тушган масалада «C++» дастурлаш тилидан савол бор эди. Мен бугун олаётган билимларим эндиликда шундай масалаларни ўқувчиларимга тушунтиришда ёрдам беради».
Мамлакатимиз ёшлари орасида «айти» бўйича жаҳон олимпиадалари иштирокчилари ва ғолиблари улушини ошириш, дастурлаш билимларини ёшликдан ўргатиш, сифатли билим бериш бугуннинг долзарб масаласи бўлиб қолмоқда.
«Бошланишида қийинчиликлар ҳам бўлди. Бу тил билан таниш эмас эдилар, ёш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор эди. Лекин ҳозир ёмон эмас, аъло даражада десак ҳам, бўлади», — дейди Қизилтепа туманида тренерлик қилаётган Феруз Тоҳиров.
Феруз Тоҳиров ҳар куни Навоий шаҳридан Қизилтепага келиб дарс ўтади. Унинг айтишича, ўқитувчиларнинг қизиқиши сабабли ҳам ўзида шижоат топади.
Навоий вилояти АКТ мутахассиси Бекзод Ниёзов ҳам ўқув жараёнлари бўйича маълумот берди: «Вилоятимизда жами 757 нафар информатика ўқитувчиси бор. Уларнинг 150 нафари «C++» дастурлаш тили бўйича дарсларда қатнашяпти. Ҳар сафар жараённи кузатгани борганимда «Бошқа дастурлаш тилларига ҳам ўқитинг!» деб сўрашади. Ўқитувчиларимизнинг қизиқиши кутилганидан ҳам юқори. Биз, албатта, уларни замонавий дастурлаш тилларига ўқитишда давом этамиз».
Навоий вилоятининг 3 та шаҳар 8 та туманида ишлар жадал кетмоқда. Буни Навоий, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор туманлари мисолида кўриш мумкин. «Xabar.uz» жойларда бўлиб, жараёнларни бевосита кузатди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter