Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Болға ва сандон»: Россия ва Хитойнинг яқинлашувидан японлар ташвишда

«Болға ва сандон»: Россия ва Хитойнинг яқинлашувидан японлар ташвишда

Иллюстрация: haikudeck.com

«G7 мамлакатларидан фақат Япония бевосита Хитой ва Россия билан чегарадош. Даҳшатли қўшнилар «Кунчиқар юрт»ни болға ва сандон каби исканжага олган, Америка ва Ғарб эса йироқда».

«Катта еттилик» мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувининг сўнгги куни — 5 майда эълон қилинган якуний коммюникега япониялик ўқувчилар шундай муносабат билдиришди.

G7 баёнотига кўра, айни вақтда дунё учун энг катта таҳдидлар бу — Хитой, СOVID-19 пандемияси ва Россия. Шунингдек, баёнотда Тайван ва Украинани қўллаб-қувватлаш ҳам айтилган, аммо у нималарда ифодаланиши ҳақидаги маълумот келтирилмаган.

Ушбу ҳужжат матнига Yahoo News Japan порталида билдирилган муносабатлардан японлар Москва ва Пекиннинг янада яқинлашувидан хавотирда эканликларини сезиш қийинмас.

Осиё-Тинч океани минтақасида қуролли низо келиб чиққан тақдирда, бу баёнот Японияга қимматга тушиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда японлар. Юқоридаги йўсиндаги баёнотлар Россия ва Хитойни янада яқинлашишга ундайди, холос.

Япон фуқаролари аниқ амалий ҳаракатларга ўтиш кераклигини, хусусан, Россияни Ғарбга «тортиш» ёинки қўшнилари билан муносабатлари ўта қўрқинчли тусга кириб бораётган Япониянинг ўзи икки томонлама муносабатларга киришиши лозимлигини сўрашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, икки йиллик танаффусдан сўнг, 3—5 май кунлари Лондонда «Катта еттилик» ташқи ишлар вазирларининг юзма-юз учрашувлари бўлиб ўтди. Айтилишича, вазирлар Россия масаласини бир ярим соат муҳокама қилишган.

Якунда барча қатнашчилар Россия томонини Украина билан чегарадаги ва Қримдаги тангликни бартараф этиш бўйича чоралар кўришга чақиришган, ўз навбатида, РФ билан барқарор ва узоқни кўзланган икки томонлама муносабатлар ўрнатилишини ёқлашган. Ўша йиғилишда Япония ТИВ раҳбари Тосимицу Мотэги «Катта еттилик»га Россия билан ҳамкорлик бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқиш таклифини киритганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг