Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Болангизни нега «айти»га ўқишга бермайсиз?

Болангизни нега «айти»га ўқишга бермайсиз?

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 11 декабрь куни Давлатимиз раҳбари Тошкентдаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT-Паркни бориб кўрди.

Президент мазкур технологик паркка 2019 йил 20 ноябрда ҳам келган ва мажмуа қурилишига старт берган эди. Хўш, давлат раҳбари нега бунчалик бу соҳага катта эътибор бермоқда? Сабаблар кўп. Биринчиси, ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатларнинг тез ривожланиши, иқтсодиётини кўтаришда етакчи соҳага айланган. Иккинчиси, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтиришда бу соҳанинг ўрни катта. Энг муҳими, «айти» соҳаси ёшларга замонавий касб эгаллашларида жудаям катта имкониятлар беради.

Шу сабабли ҳам Президент Юқори Чирчиқ туманида «Astrum» IT aкадемиясида ёшлар билан мулоқот давомида «Агар замонга муносиб бўламан, ўз ишимни топаман, яхши яшайман десаларингиз, шу соҳани ўрганинг. Келажакка инвестициянгиз – шу. Ҳам билим олиб, ҳам амалда татбиқ қилиб, оилангиз, эл-юртимизга кўмакдош бўласизлар, деб ишонаман»,  деганди.

Мамлакатимизда дастурчи, фрилансер, стартапчи, робототехник  ёшлар кўпми, уларнинг натижалари зўрми?

Келинг, билганларимиз ҳақида бир-иккита мисол келтирайлик.

Бухоролик, дастурчи фрилансер сифатида иш бошлаган Саидравшан Шокиров дастлабки маблағи – 100 долларни 15 ёшида топган.

25 ёшли фрилансер «Toptal.com» жаҳон фрилансерлар дастурчиси саналади. Айни пайтда у toptal.com аутсорсинг платформасида дунёнинг энг кучли дастурчиларидан бири сифатида топ-3таликдан ўрин олган. Ҳозиргача 38 та йирик лойиҳа устида иш олиб борган. У ишлаб топаётган йиллик маблағ миқдорига минтақанинг энг кучли АТ-тадбиркорлари ҳам ҳавас қилади.

2020 йил бошида Саидравшан Шокиров «Monday Labs» дастурчилар мактабини ташкил қилди. «Monday Labs» дастурчилар мактабини шу вақтгача 214 нафар ўқувчи тамомлаган. Улар орасидан 10 нафари Саидравшан Шокиров раҳбарлик қилаётган «Monday Labs» МЧЖга ишга олинган. У 2023 йилгача халқаро талабларга жавоб берадиган 250 нафар кучли дастурчи тайёрлашни режалаштирган.

Бухоронинг яна бир фарзанди Наврўз Эргашев биринчилардан бўлиб вилоятда робототехника бўйича ўқув маркази очган. Наврўз Бухородаги 34-мактабдан сўнг шаҳардаги политехника касб-ҳунар коллежида таҳсил олган. 2013-2019 йилларда Москва электрон илмий-тадқиқот университетининг бакалавр ва магистурасида ўқиган. Ўқиш билан бирга «Informunity» компаниясида веб-дастурчи ҳамда уч йил давомида Москва IT-паркида робототехника бўйича ўқитувчилик қилган. У Москвада қолиши, карьерасини ўстириши ё бўлмаганда моддий тарафдан яхшигина пул ишлаши мумкин эди. Аммо Наврўз 2019 йилнинг сентябрь ойида она шаҳрига қайтиб, ўқув маркази очишга киришди.

Наврўз Эргашев «кўпчилик робототехника ҳаракатланадиган ўйинчоқ, деган янгилиш фикрга боради, аслида ундай эмас, уни барча соҳаларда қўллаб юқори натижаларга эришиш мумкин», деб ҳисоблайди.

Шу ўринда, кучли робототехник бўлиш учун нима қилиш керак, улар дастурчилардан кам маблағ топадими, робототехниканинг қандай турлари бор, деган саволларга жавоб, умуман, робототехника олами ҳақида билишни истасангиз видеоинтервьюни билан танишишни тавсия қиламиз: «Бу ҳаракатланадиган ўйинчоқ эмас». Хориж компаниясидаги ишини ташлаб келган робототехник билан суҳбат (видео).

Мустафо Муҳаммадов 14 ёшда. 2007 йилда Марғилонда туғилган. Ҳозир пойтахтимиздаги 246-мактабнинг 7-синфида ўқийди. График дизайнга қизиқади. Тошкентдаги ИНҲА университетидаги курсларда бир ярим йил давомида ўқиган. Камига интернет орқали дастурлаш бўйича курсларда билимини ошириб боряпти.

– Карантин даврида «айти» йўналишидаги қизиқишларим бўйича кўп нарсани  ўргандим, – дейди Мустафо. – Танишларим иш таклиф қилишди. Бўш вақтимда тайёр дизайнни «жонлантириб», яъни анимациялаштириб бердим.

Эътиборлиси, ўн тўрт ёшли Мустафо ҳар ойда 300-400 доллар ишлаб топади.

Тошкентлик 37 ёшли Нодир Икромов оилада тўрт ўғилнинг иккинчиси. Тиниб-тинчимас бу йигит ўз олдига катта мақсадларни қўйганди. Аммо автофалокат туфайли биринчи гуруҳ ногиронига айланди.

Шахсий бизнесига, яъни онлайн бизнесига эга, у «NEMAKLER» лойиҳасига асос солган. Яхшигина пул топади. Ана шу топаётган маблағларнинг кўп қисмини хайрия ишларига сарфлайди.

Бу биз билган ёш юртдошларимиз, билмаганларимиз қанча.

Ҳар йили мамлакатмизда миллион нафардан зиёд абитуриентлар олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширади ёки чет эл ОТМларига киришга ҳаракат қилади. Аммо ҳаммаси ҳам талаба бўлаолмайди. Хўш, унда нима қилиш керак? Бу борада ёшларга ахборот технологиялари ёрдам беради. Мисол учун, республикамиз бўйлаб қарийб 200 тага яқин Рақамли технологиялар ўқув марказлари – IT-марказлар бор. Ана шу марказларда турли муддатли гуруҳларда ўқиш имкони мавжуд. Ўқишни битириб IT-Паркка резидент сифатида ишга кириш, фрилансерлик фаолияти билан шуғулланиш мумкин. Ёки марказ битирувчиси стартап жамоасини шакллантириши, ахборот технологиялари бўйича компания ташкил қилиб, IT-Парк резиденти бўлиши, имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Қисқа муддатда «айти»нинг бирор йўналишида ўқиб, малака ошириб, жуда катта маблағ ишлаб топишлари мумкин бўлади.

IT-Парк раҳбари Фарҳод Ибрагимов биз билан суҳбатда «Мен бир сурхондарёлик фрилансер йигитни биламан. Унинг йиллик даромади 150 000 долларга яқин. Фрилансерлар асосан лойиҳалар орқали пул олишади. Бу соҳа вакиллари ўзига хон, ўзига бек бўлади. Корхоналардаги ходимлар ҳақида гапирадиган бўлсак, етакчи «айти» корхонадаги ходимни биламан, бир ойда 10 000 доллар ойлик олади», деган эди. Бу осмондаги гап эмас, ҳақиқатда орамизда мана шундай катта маблағ ишлаб топадиган «айтишник»лар кўп.

«Айти» соҳаси хотин-қизлар учун ҳам энг қулай соҳа ҳисобланади. Электр, тезкор интернет ва зўр компютер бўлса, бўлди, уйда ўтириб ҳам буюртмаларни бажариб, яхшигина маблағ топиш мумкин.

Хўш, ёшларимиз, шу жумладан, хотин-қизлар ёппасига «айтишник» бўлишса нима бўлади? Биринчидан, ишсизлик сезиларли даражада камаяди, мамлакатимиз иқтисоди кўтарилади, иккинчидан, четга бориб қора иш қилишга эҳтиёж қолмайди. Учинчидан, мамлакатимизнинг кўплаб рейтингларда ўрни кўтарилади. Тўртинчидан, масалан, хорижга машина сотувида моддий ресурс, яъни темир четга чиқиб кетади, унинг захираси камайиб боради, ўрнини тўлдириш эса мураккаб жараён. Аммо дастурий маҳсулот етказиб беришда фақат ақлий меҳнат сарфланади.

Ҳозир бутун дунёда ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларга талаб жудаям катта. Бу талаб ошса ошадики, асло камаймайди. Кузатишларимизга кўра, ҳозир дунёнинг энг етакчи «айти» компаниялари раҳбарлари ҳиндистонликлар. Хўш, нима учун ҳинд «айтишник»лари талабгир? Улар арзонга ишлайдими ё... Жавоб турлича, аммо бир нарса аён: бу йўналишда ҳинд мутахассислари зўр, деган тушунча пайдо бўлган. Талаб ҳам шунга яраша кўп.

Сизу биз, умуман, бутун дунё ҳозирда фойдаланаётган смартфонларда буюк ватандошимиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг хизмати катта. Буни англашимиз ва ҳис қилишимиз учун озгина эътибор берсак, ёшларимизни шу йўналишга тортсак, мотивация берсак бўлди. Қонимизда бор, биздан ҳам зўр дастурчилар, стартапчилар, фрилансерлар, робототехниклар чиқиши аниқ.

Хўш, унда нега, болангизни «айти»га ўқишга бермайсиз?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг