Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабгача таълим вазири ўринбосари: «Болаларни керак бўлса уйига бориб тайёрлаймиз»

Мактабгача таълим вазири ўринбосари: «Болаларни керак бўлса уйига бориб тайёрлаймиз»

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Мактабгача таълим вазирлиги ташабббуси билан «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда сўз олган вазир ўринбосари Мақсуджон Йўлдошев шундай деди: «Президентимизнинг 2020 йил 30 январдаги қарорига асосан, ўтган йилнинг 1 декабригача қурилиш ишлари 25 фоиздан ошиқ бўлган лойҳаларга йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратилди. Қолган лойиҳаларга халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари жалб қилингандан сўнг Тошкент ва Нукус ҳамда вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларга 15 йил муддатга (3 йил имтиёзли давр) 12 фоиз, туман марказларига 8 фоиз, тумандан олис ҳудудларга 5 фоизли кредитлар ажратилади».

Шуни таъкидлаб ўтиш керак, халқаро молия институтларидан олинган кредитлар ставкалари 1 фоиздан юқори бўлиб, қарзнинг қолган қисмини давлат ўз бўйнига олган. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик муассасаларини очган тадбиркорларга ҳар ой ҳар бир болага бюджетдан 50 фоиз субсидия ажратилади. Тадбиркор 50 фоиз коммунал тўловлардан ҳам озод қилинади.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Давлат-хусусий шерикчилик амалиёти бизда яқин йилларгача бўлган эмас. Берилаётган имтиёзларимизнинг мақсади мактабларга болаларни сифатли савияда етказиб бериш. Шу йилдан бошлаб Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Болаларни эрта ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳаси фаолиятини бошлади. Лойиҳа қиймати 73 млн доллар. Бунга кўра, синов тариқасида мамлакатимизнинг энг чекка, транспорт етиб бориши мушкул бўлган ҳудудларга махсус тарбиячилар ҳафтасига 2-3 кун болаларнинг оиласига бориб мактабгача бўлган таълимни йўлга қўяди. Мактабларга сифатли авлодни етказиб бериш бу долзарб масала, шунинг учун болаларни керак бўлса уйига бориб тайёрлаймиз», деди Мактабгача таълим вазири ўринбосари.

Мансабдор шунингдек, ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг кредит олишга қийналаётгани ва бунда вазирликнинг кўп ҳолларда айбдор қилиб кўрсатаётганларга изоҳ берди: «Берилаётган кредитлар имтиёзли, бироқ бу тадбиркордан маълум мажбуриятларни соқит қилмайди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида ажратиладиган кредитнинг 25 фоизи тадбиркор томонидан молиялаштирилиши керак. Баъзи тадбиркорларимиз биз билан шартнома қилаяпти, лекин 25 фоизи ҳақида ўйлаб кўришмаяпти ва шартнома ўз кучини йўқотяпти. Айримлар эса очкўзлик қилиб, 100 болага мўлжалланган боғча қураман деб, 200 ўринли қилиб қуряпти.

Натижада маблағ етмай яна бизга мурожаат қиляпти».

Хусусий-шерикчилик боғчаларидаги 70 фоиз тарбияланувчилар давлат боғчалари билан бир хил нархда тарбия топиши айтиб ўтилди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг