Бўка – «тажриба полигони»га айланди (инфографика)
Президентнинг «5 та ташаббус» лойиҳаси бўйича Тошкент вилоятининг Бўка туманида кенг кўламли амалиётлар бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди.
Белгиланган вазифаларни республика бўйлаб сифатли амалга оширишда Тошкентдан 65 км. узоқликда жойлашган Бўка туманида дастлабки тажриба амалиётлари бошланди. Бундан мазкур концепция ва таклиф этилаётган ҳар бир лойиҳаларни пухта опрабациядан ўтказиб, уларни амалиётда самарали қўллаш кўзда тутилган.
Учинчи ташаббус
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ушбу тажриба амалиётлари якунлангач, Бўка туманида ёшларнинг сифатли таълим олиши учун шарт-шароитлар бутунлай ўзгаради.
Буни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасидаги учинчи ташаббус – «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш» доирасида қилинаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Рақамли технологиялар ўқув маркази
АКТ вазирлигидан хабар беришларича, бугунги кунда Бўка тумани марказида жойлашган «Ўзбекистон почтаси» АЖ биносида 130 кв.м майдонда «Рақамли технологиялар ўқув маркази»ни ташкил этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Мазкур ўқув марказида 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, шунингдек, ахборот технологиялари, электрон тижорат, дастурлаш ва киберспорт асослари бепул ўқитилади. Йил давомида қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларида 430 дан ортиқ ёшларни ўқитиш режалаштирилган.
Мактабларда замонавий тўгараклар
Тумандаги барча мактабларда ҳамда Баркамол авлод маркази ва Болалар интернатида компьютер технологиялари, робототехника, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгаракларни ташкил этиш белгилаб олинган. Мазкур тўгаракларда йил давомида ташкил этиладиган ўқув курсларида 4 500 дан ортиқ ёшларни ўқитиш режалаштирилмоқда.
Юқори тезликдаги интернет ва Wi-Fi ҳудудлари
Сифатли телекоммуникация ва юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида туман марказигача транспорт телекоммуникация тармоғини ўтказувчанлик қобилияти 2 баробарга ёки 1 Гбит/с.дан 2 Гбит/с.га кўтарилди ва бир пайтнинг ўзида телефон алоқаси, юқори тезликдаги интернет, IP-телевидение ва бошқа замонавий хизматлардан файдаланиш имконияти берувчи 768 портли замонавий станциялар ишга туширилди.
Тумандаги 49 та мактаб, 14 мактабгача таълим ва 10 соғлиқни сақлаш муассасаларини юқори тезликдаги интернет хизматлари билан таъминлаш мақсадида 328,5 км. оптик толали алоқа линияларини қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Шу билан бирга, бугунги кунда мобиль алоқа қамрови бўлмаган «Катта Ровот» МФЙдаги Боғ маҳалласига мобиль алоқа станциясини ўрнатиш ва мобиль алоқа сифатини яхшилаш мақсадида қўшимча 19 та база станцияларини ўрнатиш режалаштирилди.
Ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича бугунги кунда 18 та мактаб, 8 та мактабгача таълим ва 4 та соғлиқни сақлаш муассасаларигача 30 км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, бешта мактабда интернет хизмати ишлатиб берилди. Бугундан қўшимча мутахассислар жалб қилиниб, ишларни янада тезлаштириш чоралари кўрилди.
Ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш билан биргаликда чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам сифатли телекоммуникация ва юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш имконияти яратилмоқда.
Қолаверса, туман марказининг Тинчлик кўчасида жойлашган мусиқа мактаби, А.Қодирий кўчасида жойлашган Бўка марказий маданият ва аҳоли дам олиш маскани, Ёшлар ижодиёт маркази, Амфитеатр майдони ва «Бўстон» маданият ва истироҳат боғида Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter