Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўкадаги ИИБдан 36 ёшли йигитнинг ўлиги чиқди

Бўкадаги ИИБдан 36 ёшли йигитнинг ўлиги чиқди

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ ходимлари бир йигитни (лўли миллатига мансублиги айтилади, -таҳр.) ўғирликда гумон қилиб, терговга жалб қилгани ва тергов вақтида уни уриб ўлдириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Аслида нима бўлган?

ИИВ ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг 4 июнь куни ИИВ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида содир этилган қатор ўғирликларда гумонланиб, Юқоричирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.

Гумонланувчи У.С. соат 19:00да Бўка тумани ИИБдаги вақтинча ҳибсхонага жойлаштирилган.

Шу куни соат 23:30ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан ИИВ масъулларининг олиб борган ўрганишларида аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган.

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.

Шу сабаб Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

Шунингдек, Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

ИИВ раҳбарияти, ўз ўрнида, ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ вазиятда фуқаро У.С.нинг вафот этганлиги муносабати билан чексиз таассуфда эканлигини билдирган ва марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига чуқур таъзия изҳор этган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИБ биносидан ҳам 21 ёшли сурхондарёлик йигит оғир аҳволда олиб чиқилгани ва бир ҳафтадан сўнг вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг