Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Божхоначилардан қочишга уринган шахс ушланди. Унинг сумкасидан ноёб ва қимматбаҳо лочинлар чиқди

Божхоначилардан қочишга уринган шахс ушланди. Унинг сумкасидан ноёб ва қимматбаҳо лочинлар чиқди

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Шаҳарнинг чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган шахс тезкор ходимлар томонидан кузатувга олинганини сезиб қолгач, шу ердаги уйлардан бирига қочиб киради ва яширинишга уринади.

Мазкур хонадон белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, қочишга уринган шахснинг қўлидаги сумка очиб кўрилганида, унинг ичида 7 бош лочинлар борлиги аниқланди. 

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

«Ноқонуний равишда олиб ўтишда атрофдагиларга сездирмаслик мақсадида қушларнинг кўзи, оёқлари боғлаб қўйилган, қанотлари эса скотчланган. Шунингдек, улар сумкага зич ҳолатда жойлаштирилган бўлиб, бу ҳолатни қушларга нисбатан ваҳшийлик деб изоҳлаш мумкин», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур лочинлар Тошкент ҳайвонот боғида сақланмоқда. Келтирилган куни уларнинг 4 нафари оғир аҳволда бўлган. Ҳайвонот боғи ветеринарлари томонидан кўрсатилган муолажа ва парваришлардан сўнг уларнинг ҳолати яхшиланган.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Амалдаги тартибларга кўра, лочинларга чип ўрнатилди ва энди улар Халқаро реестрга киритилди. 90 кунлик карантин шароитидаги парваришдан сўнг лочинлар яна она-табиат қўйнига учириб юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига «Итолғи» номи билан киритилган ушбу лочинлар асосан Ғарбий Тянь-Шан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмалари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда бу каби итолғи лочинлари кескин камайиб, ҳозирда атиги 70 жуфт сақланиб қолгани тахмин қилинади.

Лочинларни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган шахслар уларнинг ҳар бирининг баҳосини ўртача 30 млн. сўмдан эканлигини таъкидлашган. Ваҳоланки, дунё бўйлаб қора бозорларда лочинларнинг нархи 15 минг АҚШ долларидан 150 минг АҚШ долларигача баҳоланади. Уларнинг қўлга ўргатилганлари эса ҳаттоки бир неча миллион доллар туради.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг