Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ олий комиссари Исроилни огоҳлантирди

БМТ олий комиссари Исроилни огоҳлантирди

Ғазонинг 1,1 миллион аҳолиси ҳалокатли очликдан азият чекмоқда.

Фото: AP

Очликдан азият чекаётган Ғазо аҳолисига инсонпарварлик кўмаги етказишга Исроил томонидан тўсқинлик қилинаётган ҳарбий жиноят сифатида таснифланади. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк баёнот берди.

Тель-Авив маъмурияти очликдан қурол сифатида фойдаланаётганини қайд этган олий комиссар агар уруш тўхтатилмаса, Ғазода гуманитар фалокат кўлами янада ошишидан огоҳлантирди.

«Исроил (Фаластин ерларини) ишғол қилган давлат сифатида аҳоли эҳтиёжига кўра озиқ-овқат ва тиббий хизматлар етказилишини таъминлаши, шунингдек, инсонпарварлик ташкилотларининг бу борадаги фаолиятига кўмак бериши шарт», – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, қамалдаги 2,3 миллион ғазоликларнинг 1,1 миллиони айни пайтда ҳалокатли очликдан азият чекмоқда.

Фолькер Тюрк бу инқироз инсон қўли билан юзага келтирилгани ва уни бартараф этиш мумкинлигини урғулаган. У Исроилни гуманитар кўмак етказишга тўсқинлик қилмасликка чақирган. 

БМТнинг Болалар жамғармаси расмий вакили Жеймс Элдер ҳам Ғазо аҳолиси учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга озиқ-овқат, сув, дори-дармон ортилган машиналар ўтказилмаётганини «номақбул ҳолат» деб танқид қилди.

«Бу юклар зудлик билан Ғазога етказилиши керак. Чегаранинг у томонида болалар очликдан нобуд бўлаётганидан ҳамманинг хабари бор», – дейди жамғарма вакили.

Куни кеча БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Ғазо секторида ҳалокатли очарчилик хавфи юзага келгани ҳақида бонг урди.

БМТ Болалар жамғармасининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Адель Ходр Исроил блокадаси туфайли Ғазода болалар, хусусан, чақалоқлар ўлими хавфи кескин ошганидан огоҳлантирди.

Сўнгги вақтларда Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортган.

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган. Айни пайтда аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.

164 кундан буён давом этаётган урушда 31819 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 73934 нафари жароҳатланди.

2023 йил октябрдан 2024 йил февралга қадар Ғазо секторида 12300 дан зиёд бола ҳалок бўлди. Бу охирги тўрт йил ичида бутун дунёдаги урушларда ҳалок бўлган болалар сонидан (12193 нафар) ҳам кўпроқдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг