Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ фуқаролиги йўқ шахслар билан ишлашда Ўзбекистондан ўрнак олишга чақирди

БМТ фуқаролиги йўқ шахслар билан ишлашда Ўзбекистондан ўрнак олишга чақирди

Шабия Манту

Фото: Unrefugees.org.au

Ўзбекистонда март ойида фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Унга кўра деярли 50 минг киши фуқаролик олиши мумкин. Ушбу ҳолат бошқа бир қатор давлатлар учун ўрнак бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг қочоқлар иши бўйича бўлими вакили Шабия Манту Euronews'га берган интервьюсида маълум қилди.

Қирғизистонда 2019 йилда фуқаролиги бўлмаган шахслар қолмади ва бу борада дунёдаги биринчи давлат сифатида тан олинди.

«Биз ушбу ҳудудда фуқаролиги бўлмаган шахслар билан боғлиқ муаммолар ечимида бемисл ривожланишни кўрмоқдамиз», —дейди Манту. У Ўзбекистонда қабул қилинган қонун таҳририни юқори баҳолаган ва бошқа мамлакатлар ҳам бундан ўрнак олишларига умид билдирмоқда. «Бутун дунё мамлакатлари сиёсий ирода бўлган тақдирда ушбу муаммонинг ечимини осон топади», — дейди БМТ вакили.

1991 йилда собиқ иттифоқ заволга юз тутгандан сўнг Марказий Осиёда 100 минглаб одамлар фуқароликсиз қолиб кетди. БМТ томонидан бутун дунё бўйлаб 12 миллион атрофида фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобга олинган. Улар бирор мамлакат томонидан тан олинмаслиги боис эксплуатация хавфи остида яшайди, тиббий ёрдам олишдан мосуво ва бошқа бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида 10 мингга яқин шахслар фуқаролик олган. Аммо 2007 йилдан то 2016 йилнинг декабрига қадар бирор кишига фуқаролик берилмаган.
Шавкат Мирзиёев март ойида янги таҳрирдаги қонунга имзо чекди ва унга кўра 1995 йилнинг 1 январига қадар мамлакатга келган ва мунтазам яшаб келаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилмоқда. Ушбу қонун қабул қилингани заҳоти БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга табрик юборди.

Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилишни истаган шахслар Давлат тилини мулоқот қила олиш даражасида билишини исботлаши лозим бўлади. Аввал фуқаролиги бўлган ва уни йўқотган шахсларга фуқароликни қайта тиклаш учун фақат бир марта имконият берилади (бунга қадар уринишлар сони белгиланмаган эди).

Аммо хориж давлатларида ҳарбий хизматда бўлган, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки бошқа куч ишлатар тузилмаларда фаолият олиб борган ва бошқа мамлакат фойдасига иш кўрган ҳамда дунё тинчлиги ва хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш оқибатида фуқаролигини йўқотган шахсларнинг фуқаролиги қайта тикланмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг