Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогерликни қонун билан тартибга солиш шартмас — «Буюк келажак» эксперти

Блогерликни қонун билан тартибга солиш шартмас — «Буюк келажак» эксперти

Фото:«Freepik.com»

«Буюк келажак» эксперти Беҳзод Мамадиев айни кунларда муҳокмаларга сабаб бўлаётган блогерлик фаолияти юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. Қуйида муаллифнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

Шу кунлар Ўзбекистонда блогерлар роса гап-сўз бўляпти. Президент тилга олгандан бери уларнинг оғзи қулоғида. Мен ҳам кўпчиликдан қолмай, шу мавзуда фикримни билдирсам.

Блогер ким?

Ижтимоий тармоқда фаол ҳар бир одам блогер. Facebookда бир оғиз гапдан иборат пост ёздингизми, уни сиздан бошқа кимдир ўқидими, демак, сиз блогерсиз. Блогер фақат ижтимоий мавзуни кўтариши керак, одамларга фойдали мавзу ҳақида ёзиши керак, деган қоида йўқ. Блогерлик учун мавзу чекланмаган ва блогер деб аталиш учун ўқувчилар сони қанчадир даражага чиқиши керак, деган тушунча ҳам йўқ.

Блогер ва журналист ўртасидаги фарқ

Журналистлик бу касб. Блогерлик касб эмас. Журналистнинг вазифаси бошқаларга холис ва тўғри ахборот бериш. Тўғри ахборот бермаса, қонунни бузган бўлиши мумкин. Холис бўлмаса, этикани. Яъни журналист учун тўғрилик ва холислик энг асосий тамойил.

Блогерлар учун бундай талаб йўқ. Хоҳласа, кимнидир сўкади, хоҳласа, осмонга кўтариб мақтайди (туҳмат ва ҳақорат бошқа масала). Кимгадир бу ёқади, кимгадир эса йўқ. Шунга қарамай, исталган мавзу ва йўналишдаги блогер учун ҳар доим аудитория топилади.

Блогерлар фаолияти тартибга солиниши шартми?

Шарт эмас. Агар @davletovuz, @Xushnudbek, @Trolluz каби ўн минглаб ўқувчига эга блогерга айлансангиз, унда шарт бўлиши мумкин. Чунки бундай даражага етган одам аҳоли фикрига таъсир ўтказиши, бир оғиз гап билан ҳатто жамиятда тартибсизлик келтириб чиқариши мумкин. Демак, қасддан ёлғон маълумот тарқатмаслик, бировга туҳмат қилмаслик талабини уларга қўйиш мумкин. Шунда ҳам холисликни улардан талаб қилиш нотўғри. Чунки у журналист эмас, исталган мавзуда исталган услубда ёзиш ҳуқуқига эга.

Журналист блогерлар

Яна бир тоифа блогерлар бор. Уларни журналист блогерлар деб атайман. Яъни асли касби журналист, лекин шахсий саҳифа очиб блогерлик қилади. Элдор Асанов, Муҳрим Аъзамхўжаев каби блогерлар.

Бундай блогерлар ҳақида қарашим шундай: улар имкон қадар этика ва холислик тамойилларига риоя қилишлари керак. Чунки одамлар уларни, аввало, журналист сифатида танийди. Улардан холисликни кутади. Шахсий саҳифасида кимнидир бўралаб сўкса ёки кимнидир тинимсиз алқаса, эртага бу журналистдан шу шахс ҳақида холис мақола ёза олишига кўзингиз етадими? Менинг кўзим етмайди.
Ғарбдаги кўплаб ОАВлар журналист ходимларига шундай талаб қўяди: яъни, улар шахсий саҳифаларида ҳам касбини, ким учун ишлашини унутмаган ҳола имкон қадар холис фикр билдириши керак.

Блогерларга қонуний мақом керакми?

Менимча, йўқ. Чунки ахборот олиш ҳуқуқи нафақат журналистларга ёки блогерларга, балки барча фуқароларга бирдек берилган ҳуқуқ. Оддий фуқаролар ҳам исталган давлат идорасидан маълумот олишга ҳақли. Давлат идораси қонунда белгиланган муддат ичида фуқаро мурожаатига жавоб қайтариши шарт. Шу нуқтаи назаридан, аслида журналистлар ҳам қўшимча имтиёз ёки ҳуқуққа эга эмас. Шундай экан, блогерларга алоҳида қонуний статус беришнинг ҳожати йўқ.

Хулоса

Ҳар бир янги қабул қилинган қонун ёки қоида аслида чекловдир. Шу боис қонун-қоидаларнинг кераги йўқ. Зотан, ноқонуний хатти-ҳаракатлар рўйхати аллақачон тегишли қонунларга киритилган. Масалан, терроризм ёки экстремизмни тарғиб қилиш, нафратга асосланган материалларни тарқатиш каби фаолият турлари нафақат журналистлар ёки блогерларга, балки барча фуқароларга бирдек тақиқланган. Маълумот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳам барчага бирдек кафолатланган. Буларни журналист ёки блогер учун алоҳида ҳужжатда эслатиш шарт эмас.

Туҳмат масаласида икки ўгиз гап. Давлат арбоблари ўзларини туҳмат ёки ҳақоратга учраган деб ҳисобласа, суд бундай ишларни кўриб чиқишда фуқароларнинг давлат арбоби ҳақида маълумот олиш ҳуқуқини бу арбобнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқидан устун қўйиши керак. АҚШда ва кўплаб Ғарб давлатларида тартиб шунақа. Шу боис бирор расмийнинг журналистни судга бергани ҳақида эшитмайсиз. Чунки судда ютқазишини билади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг