«Биздан қўрқманг, раҳбарлар, хизматимиз текин», демоқда олимлар (видео)
Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг микробиал биотехнология лабораторияси раҳбари, фан доктори Бахтиёр Абдуғафур амалдорларга мурожаат қилган ва олимлар билан бирга ишлаш, маслаҳатини олиш кераклигини билдирган. Бу хизматлари учун уларга пул ҳам керак эмаслиги айтилган.
У Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Машад соҳибкори» фермер хўжалиги даласида олинган видеода ёғингарчилик кўп бўлганига қарамай, буғдой тикка ўсиб турганига эътибор қаратган. Сўнгги кунларда жала қуйиб, аксарият далаларда буғдой ётиб қолганди.
«Биоазот (илмий ишланмам) билан тўрт марта озиқлантирилган далада эса буғдой қимирламай турибди. Бошида фермер акамизга айтгандим, умуман минерал ўғит солманг, деб. Кираверишга 800 кг. минерал азот берган, буғдой ётиб қолган барибир. Биоазот билан тўрт марта озиқлантирилган далага 400 кг. минерал азот солибди. Аслида шу 400 кг. ҳам исроф, бир томондан», дея буғдой ётиб қолмаганини илмий томондан тушунтирган олим.
Бахтиёр Абдуғафурнинг айтишича, даланинг катта қисмига биоазот солинган ва айнан шу ердаги буғдой кучли жала ва шамолда ҳам ётиб қолмаган. Олимга ишонмаган ёки қулоқ солмаган фермер даланинг маълум қисмига азот, фосфор ва калийдан фойдалангани учун ўша жойдаги буғдойлар ётиб қолган (видеони кўринг).
«Илмий ишларимни устига қўйиб сотганимда миллиардер бўп кетардим. Сотиб олмоқчи бўлганлар жуда кўп эди. Хитойда мен ишлаган институт директори ҳам Ўзбекистонга келганида «ишингизни шу корхонамизда ишлаб чиқарайлик», деган таклифни икки-уч бор айтган, юзма-юз учрашган ҳам эдик. Бундай ишланмалар бегоналар қўлига ўтиб кетса, 3-4 марта қиммат бўлиб, бозорга чиқишини билардим. Мана шу истиҳолада ишлаб чиқаришни ҳеч кимга бермай, ўзимиз таваккал қилдик», деб ёзган олим.
Шунингдек, у деҳқонлар ва раҳбарларга мурожаат қилиб, олимларга қулоқ тутишни маслаҳат берган.
«Ҳурматли деҳқонлар, далага илмни беринг, кам бўлмайсиз, харажатингиз камаяди, даромадингиз ошади. Олимлардан қўрқманг, раҳбарлар, маслаҳатга чақиринглар. Биз олимлар далаларга галалашиб борамиз. Сабаби, қишлоқ хўжалиги мураккаб йўналиш. Санасангиз саноқдан адашасиз: ботаника, генетика, селекция, уруғчилик, тупроқшунослик, тупроқ микробиологияси, фитопатология, агрохимия, физиология ва биокимё... Адашиб кетдингизми? Шунинг учун мажлислар, адоқсиз селекторлар, раҳбарларнинг далама-дала юришлари фойдасиз. Олимларни маслаҳатга чақиринг, шунча илмий-тадқиқот институтлари ишлаб турибди, муаммони айтинг. Биз олимлардан фойдаланинглар, маслаҳатга пул олмаймиз. Фалон ерда муаммо бор, десангиз ўзимиз кетаверамиз», деган олим.
Агар бу ишланма Хитойга сотиб юборилганда ҳозир ўзимиз бир неча баробар қиммат нархда сотиб олаётган бўлармидик...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter