Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз учун ҳар бир мамлакатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи муҳим» – Анналена Бербок Ўзбекистонга ташрифи хусусида

«Биз учун ҳар бир мамлакатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи муҳим» – Анналена Бербок Ўзбекистонга ташрифи хусусида

Фото: АFP

31 октябрь тунида Ўзбекистонга келган Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ташрифдан кўзланган асосий мақсадни очиқлар экан, суверенитет ва давлатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи муҳим қадрият бўлиб қолишини таъкидлади. Бу ҳақда олмон бош дипломати номидан Марказий Осиёга ташриф арафасида тарқатилган баёнотда сўз боради.

Қайд этилишича, Россиянинг Украинага босқини ортидан бир вақтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган давлатлар ҳам ўз суверенитетига қарши эҳтимолий таҳдидлар ҳақида бош қотирмоқда.

«Шу боис ҳам биз – европаликлар учун ҳар бир мамлакатнинг ўз тақдирини ўзини белгилаш ҳуқуқи, БМТ Устави ва ЕХҲТ тамойиллари, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни муҳофаза этиш муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё мамлакатлари ҳамиша Россия, Хитой ва Европа ўртасида кўприк бўлишга умид қилган. Эндиликда улар ўзларини ўртада қолиб кетгандек ҳис этмоқда ва пиёда бўлиб қолиш қўрқуви билан юзма-юз келган», – дейди Анналена Бербок.

Таъкидланишича, минтақа давлатлари истиқболда Россия ва Хитойга боғлиқ бўлиб қолмаслиги мақсадга мувофиқдир.

«Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташрифимдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – ҳозирги вазиятда (минтақа) одамларининг Европадан кутаётган умид ва истакларига қулоқ тутишдан иборат. Германия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатганининг 30 йиллигида амалга оширилаётган ташриф орқали «Германия (сизлардан) юз ўгираётгани йўқ» дея мужда йўлланмоқда. Аксинча, биз Марказий Осиё билан нафақат иқтисодий ва маданий жабҳада, балки шахсий робиталар борасида ҳам мустаҳкам ришталарни сақлаб келмоқдамиз», – дейди сиёсатчи.

Бербок хонимга кўра, 35 миллион нуфусли Ўзбекистон 2021 йилда 7,4%  ўсиш кўрсактичини қайд этди. Бу эса улкан салоҳияти мавжудлигидан далолат беради.

Европа Иттифоқи томонидан 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган «Глобал дарвоза» (Global Gateway) деб номланган янги стратегияда рақамлаштириш, иқлим, энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни тараққий эттириш йўналишлари белгиланган.

Германия ТИВ Марказий Осиё билан кўҳна қитъа ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда «Глобал дарвоза» каби ташаббуслардан кенгроқ фойдаланишни тавсия этган.

«Германия ва Европа янги тобелик ёки молиявий таъсир воситаларини истисно этувчи ҳалол ва адолатли имкониятларни таклиф этади. Менинг назаримда, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик – иқтисодий тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари танганинг икки томони эканини мудом тушунтиришни англатади. Негаки, ишончли тартиб-қоидалар компаниялар учун сармояни самарали муҳофаза этишни таъминлайди; негаки, барқарор тараққиёт ва хавфсизликка фақат инсонлар ҳуқуқи кафолатлангандагина эришиш мумкин», – дея хулоса ясайди А.Бербок.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь тунида юртимизга ташриф буюрган Германия ташқи ишлар вазирини аэропортда ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов кутиб олди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Вазирнинг ташриф дастуридан Ўзбекистон ТИВ ҳамда президенти билан учрашув ва Самарқандга сафар ўрин олган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг