Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биз аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қилайлик?

Биз аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қилайлик?

Фото: «Спутник»

«Xabar.uz» сайтининг телеграм канали ботига бир мурожаат келиб тушди. Қуйида уни қисқартиришларсиз, тўлиғича эълон қиламиз.

Ассалому алайкум, севимли «Xabar.uz»  жамоаси.

Мен бир она, аёл сифатида юртимизда яшаб келаётган, ёлғиз ўзи фарзандларини боқиб, катта қилаётган, тарбиялаётган Ўзбекистон аёллари номидан ёзмоқчиман. Исм, фамилиям сир бўла қолсин.

1981 йилда Хоразм вилоятининг Хива туманида туғилганман.

Маълумотим — олий.

Собиқ турмуш ўртоғим Т.Ж. билан 2006 йилда турмуш қурганмиз. Маълумоти — ўрта-махсус. Ўртамизда 2 нафар фарзанд бор: қиз, ўғил.

У ҳар йили Россия давлатига кетиб ишларди. Қишда келарди. Лекин турмушимиз бошиданоқ тинч эмасди. Кўп ичарди, ичиб келиб мени урарди. Қанча марта ажрашишга аҳд қилганман. Аммо фарзандларимни ўйлаб, сабабсиз хўрлашларига чидардим. Нималар ўтмаган бошимдан. Ҳар жанжалдан кейин, Аллоҳим агар шу сафар омон қолсам, ажрашаман дердим. 2014 йили собиқ эрим яна Россия давлатига ишлашга кетди ва бошида оз-моз пул жўнатиб турди. Кейинчалик умуман йўқ бўлиб кетди.

2018 йили никоҳни бекор қилиш ва алимент ундиришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судига мурожат қилдим ва аризам қаноатлантирилди.

Лекин Т.Ж. шу кетганича Россиядан қайтмади.

Алимент ундируви Мажбурий ижрога ўтказилди. Аммо мен ҳалиям фарзанларим учун 2018 йилдан буён алимент ололмадим.

Сабаби Т.Ж. 7 йил бўлдики, Россияда.

Бормаган жойим қолмади.

Хива туман прокурори, МИБ ҳаммаси бир гапни айтди. Фақатгина келса ундириб берамиз деб. Никоҳ даврида биргаликда сотиб олган 2 хонали уйимиз бор Хива шаҳрида.

Ҳалиям ўша уйда рўйхатдаман. Аммо уй Т.Ж.нинг номида. Уйнинг ярмига қонуний эгалик ҳуқуқим бор. Алиментни собиқ турмуш ўртоғимнинг ўша уйдаги улушидан қайтармайсизми десам, МИБга, уни ҳам иложи йўқлигини айтишди. Сабаби Т.Ж.нинг Россиядалигию, уни Ўзбекистон МИБ хизмати олиб келолмаслиги... Қисқаси ҳеч нарса қила олишмас экан.

Аммо уйнинг ҳамма коммунал, солиқ тўловларини ўзим тўлаб келмоқдаман.

Яқинда 2021 йил, 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президент қабулхонасига бордим. Улар республика МИБга жўнатишди. Яна натижа йўқ.

Ўзбекистонга келмаса, ундириб беролмаймиз дейишди.

Соғлигим сабаб 2016 йилдан бери Тошкент шаҳрида яшайман. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. 5 йил бўлди ижарадан ижарага ўтиб, яшаб келяпман. Агар уйдаги улушимни ва алиментни олсам, фарзандларим учун, билим олиши учун нимадир қилармидим...

Хақсизликни енгган бўлармидим...

Чет элда юрган эридан ҳаққини ололмаётган аёллар учун умид бўлармидим...

Оталик меҳрини кўрмай, марҳаматини сезмай катта бўлаётган болажонларга ҳеч бўлмаганда, сизу бизнинг орқамизда мана давлат бор, қонун бор деб далда берармидим...

Энди эса саволим: мен ва менга ўхшаган қийналиб юрган аёллар кимга, қаерга мурожат қилади?

Ўзбекистондаги аёллар, эри Россияга, чет элга кетса, боласи учун алимент ололмайдими?

Агар эр Ўзбекистонга қайтмаса-чи, унда умуман алимент ёки болаларнинг ҳақи, аёлнинг уйдаги улуши эрнинг чўнтагида қолаверадими?

Биз аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қилайлик?

Айтинг, жавоби борми бу саволларни???

Ҳурмат ила «Пинхона».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг