Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир йилдан буён беҳуш ётган аёл соғаймоқда

Бир йилдан буён беҳуш ётган аёл соғаймоқда

Фото: «Turon24»

2018 йилнинг 6 февраль куни тўртинчи фарзандини дунёга келтиргач, комага тушиб қолган, 2019 йилнинг январ ойигача беҳуш ётган бувайдалик Мадинахон Йўлдошева ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди.

Интернет нашрларида бу аёл ҳақида ёзилгач, риштонлик блогер Дима Қаюм ижтимоий тармоқларда аёлнинг тузалиб кетиши, унинг оёққа туриши учун ёрдам кераклигини айтиб, видеомурожаат қилган эди. Видеомурожаат натижасида аёлнинг даволаниши учун саховатпеша инсонлар томонидан 15 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилди.

— Қизим яхшиларнинг дуоси ва бераётган ёрдами билан ўзига келмоқда, — деди Мадинанинг онаси Гулчеҳра Назарова. — Қизим ҳақидаги хабар интернетда чиққанидан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси уни тажрибали докторлар текшириб, аниқ ташхис қўйиши учун Тошкент тиббиёт академиясига бир марталик ордер тўғрилаб беришди. Бувайда туманида реанимобиль йўқ экан, қўшни Учкўприк туманидан чақиртириб, ўша машинада текширувларга бориб келдик. У ердаги докторлар «бизга кеч мурожаат қилибсизлар, организм асосан мия ишлаш фаолиятини энди тикламайди» деб жавоб беришди.

Уйга қайтганимиздан сўнг яхши одамлар қизимнинг соғайиши учун хайрия ташкил этишди. Оғир касаллик билан курашиб, уни табиб ёрдамида енгган бир киши Андижонда яхши табиб борлигини, қизимни ўша даволай олишини айтди. Халқимизда чўкаётган одам хасга ёпишади, чиқмаган жондан умид деган гаплар бор. Замонавий тиббиёт ожиз қолганида халқона табобатга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Бир ойда етти марта Андижонга табибнинг олдига боряпмиз. Ҳозир қизимда ўзгариш бор. Кулгули гапларга куляпти, суяб турсак ўтиряпти. Табиб худо хоҳласа, етти ойда тузалиб кетади деди, шунга умид қиляпмиз,  — дейди у.

Гулчеҳра Назарованинг айтишича, Бувайда тумани ҳокими Б.Ибрагимов ҳам хонадонга келиб, Мадинанинг ҳолидан хабар олган. Моддий ва маънавий кўмак кўрсатган. Туман ҳокими беморни яна бир марта тажрибали шифокорлар кўригига олиб бориш учун ёрдам беришини айтган.

Шарифа Мадраҳимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг