Бир пайтнинг ўзида уч эркакка ОИВ юқтирган аёл ушланди
ОИВ инфекцияси ташувчиси бўлган аёл Бухорода бир нечта фуқароларнинг ҳаётини хавф остида қолдирди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Андижон вилояти Марҳамат туманида доимий рўйхатда бўлган 21 ёшли Қ.С. исмли аёл Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида вақтинча ижарада яшаб келган. Енгил табиатли аёл ўзининг юриш-туришлари билан бир неча бор қўни-қўшниларнинг хотиржамлигини бузиб келган.
Қ.С. жорий йилнинг 12-13 март кунлари Ромитан тумани ҳудудида жойлашган чўл зонасида 3 нафар эркаклар билан бир неча маротаба жинсий алоқада бўлган.
Орадан бир неча кун ўтгач, 3 нафар фуқаролардан бири ўзида иситмалаш ва ҳолсизлик сезган ва шифокорга мурожаат қилган. Эркакда ОИВ инфекцияси юқтиргани ташхиси қайд этилган.
Ҳолат юзасидан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари бошланган. Фуқаро бир неча кун илгари андижонлик аёл билан ишқий муносабатда бўлганини билдирган. Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида Қ.С.нинг вақтинча яшаш манзили ва шахси аниқланган. У ўзида мавжуд инфекцияни бир пайтнинг ўзида уч нафар эркакка юқтиргани очиқланган.
Маълум бўлишича, Қ.С. 2018 йил 18 май кунидан буён Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш Маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган бўлган. Унга бошқа шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, у ўзидаги касалликни бошқа шахсларга қасддан юқтириш жиноятини содир қилган.
Ҳозирги кунда Қ.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддаси (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
«Аёлнинг яна қаерда, кимлар билан яқин муносабатларга киришганлиги, қабоҳат уруғини қасддан яна кимларга юқтирган бўлиши мумкинлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,— дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter