ЖССТ дунёда ОИВ эпидемияси энг тез ўсаётган минтақа номини маълум қилди: бу – Африка эмас
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида келтирилишича, Дунёда энг тез ривожланаётган ОИВ эпидемияси Европа минтақасида қайд этилган. Бу ҳақда 1 декабр куни ЖССТ Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге маълум қилди.
ЖССТ расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда Клюге Европада касалланишнинг ортиб бораётганини «тақдирнинг шўри»деб атаган, чунки унинг сўзларига кўра, дунёнинг бошқа минтақаларига нисбатан ривожланган Европада ОИВга қарши курашнинг барча воситалари мавжуд, лекин шунга қарамай аҳоли орасида касалланиш кўрсаткичлари ўсиб бормоқда.
Таъкидланишича, Европа минтақасида 50 фоиз ОИВ юқтирган беморларга кеч ташхис қўйилади, бунга эса уларнинг узоқ вақт давомида шифокорларга мурожаат қилмагани, ўз вақтида ёрдам сўрамагани сабаб бўлади. Ҳисоботда бу тенденция сўнгги ўн йил ичида кузатилаётгани келтирилган.
Шунингдек, Клуге Европанинг бир қанча мамлакатларида ОИВдан ўлим даражаси жуда юқори экани, аммо бошқаларида вируснинг юқиши деярли тўхтаганини билдирган. Бироқ, у аниқ рақамлар ва мамлакатларни тилга олмаган.
Қайд этиш керакки, ЖССТ таснифига кўра, Европа минтақаси нафақат Европа Иттифоқи мамлакатлари, балки Россия, Арманистон, Грузия, Исландия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон каби давлатларни ҳам ўз ичига олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter