Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир лаҳзалик хато...

Бир лаҳзалик хато...

Фото: «Media.az»

Автомобил кашф этилганига бир асрдан кўпроқ вақт ўтди. Унинг мамлакатимизда пайдо бўлганига эса, ҳали 100 йил ҳам тўлгани йўқ. Одамлар дастлабки кезлар чор-атрофга шовқин солганча ҳаракатланаётган бу темир «жонивор»нинг ҳатто номини ҳам билишмаган, уни ўзларича «оташ арава» деб атай бошлашган. Ўша  «жонивор» бир куни келиб, инсон ва жамият ҳаётини ўзгартиришга қодир бўлган беминнат «дастёр»га айланиши, турмушга файз киритиши, обод ва фаровон этишини, кези келганида эса, умр ва соғлиқ кушандаси сифатида намоён бўлишини эса хаёлларига ҳам келтирмаган бўлса, не ажаб?!

Ҳа, албатта, автоуловнинг жилови ҳамиша инсон қўлида ва билган киши учун ҳамон яқин ва ажралмас «дўст», беназир «дастёр», ишончли ва қудратли ҳамкор. Билмаганлар учун эса, уқдирилганидек, фалокат ўчоғидир.

Ҳазорасплик Алижон Жуманиёзов ўзига қарашли «Ласетти» русумли автомашинасини босар-тусарини билмай, оқибатини ўйламай бошқарди.

...Фалокат шу йилнинг 30 апрель куни Ҳазорасп туманининг Овшар қишлоғи бўйлаб ўтган «Урганч — Питнак» автомобил йўлида содир бўлди. Мазкур йўналишда ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автомашина катта йўлни велосипедда кесиб ўтаётган Р.Тожиевни хиёл бўлмаса уриб кетаёзди. Хайрият, ҳайдовчи автомашинани йўл чеккасига олишга улгурди. Ҳеч кутилмаганда пайдо бўлган хавф-хатардан эсини йўқотаёзган йўловчи ҳам ўша сонияда ўзини четга олиб, орқага қайтди.

Чинакам фожиа айни шу дамда рўй берди. «Нексия»га изма-из келаётган «Ласетти» ҳайдовчиси йўлнинг ўртасидан ортига қайтган велосипедчини кўрди-ю, жон-жаҳди билан автомашинасини тўхтатишга уринди. Афсуски, бундан наф чиқмади: зарб билан велосипедчига урилиб, уни йўлнинг қарама-қарши тарафига итқитиб юборди. Энг ёмони, йўлнинг қарама-қарши тарафидан «Кобалт» келаётганди...  Ҳайдовчи оралиқ масофа ниҳоятда яқин қолгани боис ҳатто тўхташ мурватини босишга ҳам улгуролмай қолди.

Фожиа «Ласетти» русумли автомашинани бошқараётган А.Жуманиёзовнинг қўпол қоидабузарликдан иборат жиноий қилмиши оқибатида рўй берди.

Оқибатда бир бегуноҳ киши касалхонага етмаёқ йўлда ҳаётдан кўз юмди. Ҳайдовчининг оддийгина эътиборсизлиги ана шундай фожиага сабаб бўлди. Бу камлик қилгандек, ўзга бир улов — қарама-қарши тарафдан келаётган «Кобалт» автомашинасига ҳам жиддий шикаст етди.

Жабрланувчи тараф ҳайдовчининг оғир оқибатли бу қилмишини кечирмади. Бундай вазиятда уни қонун ҳам кечирмайди. Суд бир инсоннинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган қоидабузар ҳайдовчини Жиноят кодексининг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишга доир 266-моддаси 2-қисми бўйича айбор, деб топди. Шикастланган автомашина эгаси, фуқаровий даъвогар Ж.Машарипов эса, ўз автоуловига етказилган зиён тўлиқ қоплангани боис судланувчига нисбатан эътирози йўқлигини билдирди.

Лекин бағрикенглик тамойили барибир устун келди. Айбланувчи қилмишига иқрор ва пушаймон экани, муқаддам судланмагани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, ногирон сифатида эътироф этилгани, оиласи ва уч нафар фарзандининг таъминоти зиммасига юклангани каби жазони енгиллатувчи ҳолатлар суд жараёнида назарда тутилди. Судланувчи 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилди. Шу билан бирга Жиноят кодексининг 45-моддаси талабига мувофиқ 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.

Шу ўринда яна бир мисолга эътибор қаратсак, рўй берган бошқа бир йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида қоидабузар ҳайдовчининг жигарбанди — ёш қизи бевақт қурбон бўлди.

Воқеа шу йилнинг 4 февралида «Тошкент — Нукус» магистрал автомобил йўлининг Саримой қишлоғи ҳудудида тунда рўй берди. «Ласетти» автомашинасида Тошкент шаҳридан Ҳазорасп туманига кетаётган Одилбек Салаев ушбу йўлнинг 449-километрига келганда хушёрликни бутунлай йўқотди. Олдинда кетаётган «ГАЗ 53-14» русумли юк автомобилини катта тезликда қувиб ўтишга уринди. Бироқ қаршисидан келаётган бошқа бир автоуловнинг тунги ёритгичларига кўзи тушиб, автомашинаси тезлигини оз бўлса-да, камайтиришга уринди. Бироқ кеч. Юк автомашинаси билан ёнма-ён кетаётган «Ласетти» йўналишини йўлнинг ўнг тарафига ўзгартирди. Қаршидан келаётган автомашина эса, ҳамон шитоб билан олдинга ҳаракатланаяпти. Одилбек ўз автомашинасини йўлнинг ўнг тарафига олар экан, юк автомашинаси ҳамон ёнма-ён ҳолда кетаётганлигини инобатга олмади. Йўл чеккаси томон кескин бурилган енгил автомашина зарб билан юк автомобили шинасига бориб урилди. Шу ондаёқ фожиа юз берди.

Автомашина ичидаги йўловчилар наздида, ер гўёки осмонга ўрлади, осмон эса, ерга қулади. Сўнгра...

«Ласетти»нинг йўловчилари бегонлар эмас экан. Бирови автомашина ҳайдовчисининг ўғли — А.Салаев, яна бири қизи — Ў.Салаева, қолгани жиянлари — М.Салаева ва С.Сафарбоева бўлиб чиқди.

Фалокатга учраганларнинг бари тезда Ҳазорасп ва Тўрткўл туманлари шифохоналарига ётқизилди. Тун ярми — кимсасиз саҳрода рўй берган воқеанинг бутун борлиги эртасига аён бўлди. Шифохонада муолажа олаётган О.Салаевга қизи олган жароҳати боис касалхонада вафот этгани, яна бир фарзанди ва икки жияни жиддий шикастлангани, юк автомашинаси ҳайдовчиси эса, деярли соғ-омон қолгани, бироқ автоуловига анчайин зарар етганини маълум қилишди.

...Ҳайдовчи жавобгарликдан қочиб қутулолмади. Лекин жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар сифатида эътироф этилганлар уни кечиришди. Бундай вазиятда унга қонун ҳам мурувват кўрсатади. Қилмишига яраша тайинланиши лозим бўлган жазо кодекснинг 72-моддасига асосан жиддий равишда енгиллаштирилди. Судланувчи 1 йил муддатга шартли жазога ҳукм қилинди ва яна шунча муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Шу ўринда суд ҳукми, қарори, ажримини кутаётганларга нисбатан инсоний бағрикенглик, кечиримлилик тамойилларини янада кўпроқ қўллаш, озодликдан маҳрум этишга қаратилган оғир жазо чораларини тарбиявий таъсири катта ва самарали бўлган енгил жазо чораларига алмаштириш амалиёти юртимизда кенг расм бўлгани алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳазорасплик яна бир фуқаро, туманнинг Карвак қишлоғида яшовчи Баҳодир Бекчонов айнан ана шу тамойил боис ўзини муқаррар равишда кутаётган оғир жазодан халос бўлди. Афсусланарли жиҳати: унинг айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида яна инсон ўлими қайд этилди. 2018 йилнинг 29 май куни юз берган машъум ҳодиса боис туманнинг Янгибозор қишлоғида яшовчи О. Хўжаев бевақт оламдан ўтди.

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандида қайд этилишича: «Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгиланганидан оширмасдан бошқариши керак.

Тезлик ҳайдовчига ушбу қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши зарур. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириш ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши шарт».

Б. Бекчонов ушбу қоидани қўпол тарзда бузганди.

Эътиборингизга ҳавола этилган мазкур битиклар машъум транспорт ҳодисасини содир этиб, бировларнинг ўлими, яна бировларнинг жиддий жароҳатига сабабчи бўлганларга нисбатан анча мурувват кўрсатилгани, қонуннинг бағрикенглик, кечиримлилик сингари тамойиллари устуворлик касб этганидан далолат беради. Юқоридаги мисоллар бунинг бир ифодаси, холос. Бу борада Жиноят кодексининг 7-моддаси талабига мувофиқ: «Жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўлган жазо тайинланиши ёки ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак».

Таъбир жоиз бўлса, жазонинг ўзгалар томонидан қўлланилмайдиган тури ҳам бор. Бу — виждон азоби. Ножўя қилмишга қўл урган одам, ўз қилмишини ҳечам унутолмайди, унинг зил-замбилдай оғир юкини гарданига ортиб юради. Бинобарин, қилмиш унутилмасдир. Чинакам жазо — виждон азоби, десак тўғри бўлади.

Қонуний жазо ва виждон азобига рўбарў келмасликнинг мақбул чораси ҳам бор. Уни ҳаётнинг ҳалол, фидоий ва айни пайтда бироз машаққатга йўғрилган кенг, нурафшон, тўғри ва равон йўлларидан изламоқ лозим.

Қонунга, эзгуликка, инсонийликка, амалдаги тартиб-таомилларга қўл берган, ҳалол ва машаққатли меҳнатнинг қадрига етган, унинг нони чандон ширин эканлигини дилдан англаган киши бу йўлни осонгина топади.

Акбар Аминов,
жиноят ишлари бўйича
Ҳазорасп тумани судининг раиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг