Бир гуруҳ олимлар маданий мерос ва санъатга қўшган ҳиссаси учун тақдирланди
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» китоб-альбоми устида ишлаган бир гуруҳ олимлар ҳамда ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаган расмий шахслар «Келажак учун мерос» мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда бир гуруҳ олимлар, музей раҳбарлари иштирок этишди.
Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда маданий меросни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш бўйича кенг кўламли лойиҳа ва тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистоннинг бой ва серқирра маданиятини ўрганиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган дунёнинг юзлаб таниқли олимларини бирлаштирди. Ва улар кўмагида ўзбек санъатининг жаҳон ва маҳаллий тўпламларда сақланаётган дурдоналарига бағишланган «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидаги 50 томдан иборат ноёб китоб-альбоми яратилди.
«Келажак учун мерос» мукофоти қуйидаги йўналишлар бўйича ўз эгаларига топширилди:
1.«Маданиятни ривожлантириш, Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш ғояларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашга қўшган ҳиссаси учун»;
2.«Ўзбекистон тарихи, археологияси ва санъати тарихини ўрганиш соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун»;
3.«Ўзбекистон қўлёзма меросини, эпиграфик меъморий ёзувларни сақлаш ва ўрганишга қўшган ҳиссаси учун»;
4.«Рассом ва вақт»;
5. «Ўзбекистон маданий мероси» туркумига оид китоб-альбомлар муаллифлари;
6. «Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ҳужжатли фильмлар туркуми учун»;
7. «Ўзбекистон фан ва маданиятини оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун».
Тадбир давомида давлат ва жамоат ташкилотлари кутубхоналарига ҳам ушбу китоб-альбомлари тақдим этилди. Лойиҳанинг бош ҳомийлари Eriell Group ва Enter Engineering компаниялари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter