Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беш ташаббус ижроси: Ёшларни нималар ҳайратда қолдирди (видео)

Давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш мақсадида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Ёшларнинг эртанги истиқболи, маънавиятимиз ривожи учун хизмат қилувчи эзгу ташаббусларнинг амалиётга татбиқи Тошкент шаҳри Учтепа туманида ҳам бошланди.

Жумладан, 18 май куни «Маънавият карвони» лойиҳаси доирасида мазкур туманда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасидаги учинчи ташаббус – «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш» борасида амалга оширилаётган ишларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирлар давомида «Ёшларда техник билимлар савиясини юксалтириш»га бағишланган тадбир, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда «Ўзбектелеком» компанияси кўргазмали стендларининг тақдимоти ташкил этилди.

Айниқса, киберспорт бўйича амалий машғулотлар, ўйинлар таҳлилидан тортиб, коммуникация стратегиясини ишлаб чиқишгача бўлган жараёнлар, ақлий ривожланишнинг таъсирчан воситаси саналувчи робототехника, мобил иловалар ишланмалари билан шуғулланиш бўйича амалий машғулотлар ҳамда сунъий идрок (интеллект) лойиҳа тақдимотини ёшлар, мактаб ўқувчилари ҳамда туман аҳолиси катта қизиқиш билан кузатди.

Туманда ташкил этилган тадбирлар доирасида таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларига замонавий компютер жиҳозлари топширилди. Шунингдек, Учтепа туманида Рақамли технологиялар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Юқоридаги видеорепортажда беш ташаббуснинг Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги ижроси ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг