Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беш талаба. Беш она. Беш мусибат. Тинчлик замонида ўлишга ҳаққинг йўқ эди, болам! (видео)

Беш талаба. Беш она. Беш мусибат. Тинчлик замонида ўлишга ҳаққинг йўқ эди, болам! (видео)

Фото:«Xabar.uz»

Мусибат бўлаётган хонадонга журналист сифатида кириб боришдан оғири йўқ. Сизни ёзмоқчиман, ютуқларингиз билан ўртоқлашинг, деб қанчадан-қанча қаҳрамонларни кашф қиламиз. Лекин мусибатзада одамларга нима дейсиз... Улар билан учрашганда, аввало, нигоҳларига қарашга ботинолмайсиз, кейин тилингиз калимага келмайди.

Қишнинг сўнгги кунларида Тошкентнинг Юнусобод туманида ижарада яшаётган беш нафар талаба номаълум моддадан заҳарланиб вафот этди. Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабалари Мавлонбек Усмонов, Раҳматуллоҳ Солиев, Давронбек Ғофуров, Сингапур университети 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Иброҳимов ҳамда Тошкентдаги ИНҲА университети 1-босқич талабаси Сардор Ҳакимжонов — уларнинг ҳаммаси Андижон вилоятидан.

Ўлим хабари, тафсилотлари эшитишга ҳам, айтишга ҳам, хабарлашга ҳам азобли ҳақиқат. Энди бу болаларнинг яқинлари аҳволини тасаввур қилаверинг.

Мана битта партада ўтирган, битта синфда ўқиган Андижон давлат университети академик лицейи йигитлари. «Болалар ҳақида гапирадиган ўқитувчилар керак», дейишимиз билан одатда ҳар доим интервю беришда ўзини четга оладиган қаҳрамонларимиз бу сафар «Мен Сардор ҳақида гапирмоқчийдим», «Мен Оятуллоҳни ҳеч кимга ўхшамайган томонларини айтсам майлими», «Раҳматуллоҳ йўлбошчи эди, ҳамма болаларни ортидан эргаштирган, тил ўрганишга қизиқтирганди, унга ҳавас қилиб эргашганлар кўп эди», дея шошилишди...

Дилноза Мирзаева, математика фани ўқитувчиси, куратор:

— Бу ўқувчилар менинг фарзандларим, дўстларим эди. Шу хабарни эшитган кундан бери на ўтираримда, на тураримда ҳаловат бор. Сардорим, Раҳматуллоҳим, Оятуллоҳим... орамизда йўқ энди. Ўзбекистон келажакда элу юртга фойдаси тегадиган яхши мутахассислардан ажради, улардан яхши инсонлар чиқарди... Ўзбекистон шунчаки талабадан эмас, беш нафар катта-катта ҳарфлар билан ёзишга арзийдиган ИНСОНлардан айрилди.

Санобар Сиддиқова, физика фани ўқитувчиси:

— Бу болалар бошқача эди. Шўх бўлса ҳам шўхлиги ўзига ярашган, безарар тўполончи болаларим эди улар. Раҳматуллоҳ кўзингизга қараб нима демоқчи эканлигиингизни билиб турарди. Уларнинг орзулари олам-олам эди, мақсадлари катта-катта эди. Бугунги кунда юртимизга қандай касб фойда келтиришини, қайси касбни танласа келажаги порлоқ бўлишини олдиндан билган пишиқ болалар эди. Ҳаммаси ўз кучи билан ўқишга кирган, интилувчан болалар эди. Саккизинчи мартда бизни табриклашга келмоқчи эди, бирга йиғилиб ўтирмоқчи эдик...

Лицейда ҳар бир ўқитувчидан бу болалар ҳақида илиқ гаплар эшитдик. Бизни кузатиб қўйганлар ушбу ўқувчиларнинг бемаврид кўчада санқишга вақти йўқлигини, бирортаси зарарли одатларга ошно эмаслигини, ишкал чиқариб биров билан жанжаллашмаганини, рус ва инглиз тилларини ўрганишга қатъий бел боғлаганини, оддий қишлоқ одамларининг буюк келажакни олдига мақсад қилган болалари эканлигини бири қўйиб, бири гапирди, гапираверди...

Гулшаной Исроилова, Раҳматуллоҳнинг онаси, Хўжаобод тумани:

— Менинг ширинтой болам, менинг асал болам, болажонимнинг орзулари жуда кўп эди. Тил ўрганаётганди, дастурлашни ўрганаётганди. Уйни ишигаям бирдай қарашарди. Севган китоблари физика, математика эди, биргина ёлғиз ўғлим эди. У қизларимга тиргак эди. Мен ҳам ўқитувчиман. Ўғлим учун она эмас, талабчан ўқитувчи бўлганим учун лицейни ҳам қизил дипломга битирганди. Ундан умидим катта эди. Ўқувчиларимга яхши ўқинглар, яхши ўқисаларингиз ўғлимга ўхшаб институтга кирасизлар, деб фахрланардим, ўғлим бошқалар учун ўрнак эди. Энди бу гаплар билан болаларни қандай руҳлантираман. Қизим ҳам бўлғуси ўқитувчи, у энди келгусида ўқувчиларига яхши «ўқисаларинг институтларга кирасизлар», деб қандай айтади. Шу гапни ўқувчиларимизни руҳлантириш учун айтаётганимизда улар бизга  фарзандингиз ёки укангиз яхши ўқиб институтга кириб нима бўлди, деган саволни бермайдими, бермаган тақдирдаям, нигоҳларида бир умр шу савол қотиб қолмайдими? Қаранг, мен ўғлимни тўйига сарпо қилиш ўрнига бугун гўрковга тугун қилиб ўтирибман.

— Мен ҳам талабаман, — дейди ғамдан юзлари қорайиб кетган, Раҳматуллоҳнинг опачаси Одинахон. — Мен ўқиганларни қадрлайдиган оилага келин бўлганман, эгиз фарзандларим бор, уларга қайнонам қарайди, мендан кейин бир синглим талаба, бир синглим академик лицей ўқувчиси. Айтмоқчиманки, биз илм олишга ташнамиз, худди укам каби, аммо ҳеч биримиз учун ётоқҳона мавжуд эмас. Мени бир армон қийнайди, агар укам ҳамма қатори ётоқхонада яшаганида ўлмасмиди? Ўйлайман, укамнинг шунча хатти-ҳаракатлари, шунча меҳнатлари, ўқишга кириш учун беҳаловат ўтказган тунлари биргина бефарқлик сабаб изсиз йўқолдими?

Муножот Жиянбекова, Давроннинг онаси:

— Тўрт қизимдан кейин топган ёлғиз ўғлим эди. Биз Гулшаной билан ёнма-ён қўшнимиз, ундаям ёлғиз ўғил, менинг ҳам ёлғиз ўғлим, ака-ука эди улар, гўёки мен икки ўғлимдан ажрадим, ака-ука бир кунда кетгандек мен учун. Бир кўчада яшади, бирга катта бўлди, бир лицейда ўқиди, бир хил касбни танлади, бир квартирада ижарада турди. Булардан яхши қадрдон дўст ҳам чиқарди келажакда. Болаларимизга қўшилиб ажойиб дўстлик ҳам ўлди, ерга кўмилди. Мен Гулшанойни кўрганимда ўзимни кўргандек дардим янгиланаверади. У мени кўрганида Раҳматуллоҳни эслайверади. Бизнинг ярамиз нафақат янгиланади, балки ҳеч қачон эскирмайди, ҳеч қачон тузалмайди. Бир биримизга қараган нигоҳларимиздаёқ, бир-биримизнинг ҳовлимизга кўзларимиз тушгандаёқ бу яра тирналаверади, кўчаверади, қонайверади...

Болам бировни кўзига тик қараган бола эмас эди. Айтингчи, шундай яхши, шундай чиройли, қад-қомати келишган болаям ўлама-а, ўлама, мен ҳозир карахтман, одамлар нега йиғилган, нега уввос солади, назаримда ўғлим ҳар доимгидек табассум билан кириб келадигандек. Охирги келганида беш мингта карам уруғини қадашиб бериб кетувди. «Онагинам опамлар узоқда туради, боғни иши сизларга қолиб кетмасин» деганди. Бу карамлар ҳосилга кирса қандай томоғимдан ўтади. Кўчада саёқ юрмасди, китобдан бош кўтармасди, футболга борсаям сўраб кетарди...

Қатор ўтирган опачаларининг кўзидан ёш тинмайди.

«Айланайин укажоним бирам яхши эди», — дейди опаси Шоҳсанам. — «Дадамдан кейинги ўринда турадиган суянчиғимиз эди, кулиб турарди, қатор-қатор қизлардан кейин дунёга келган бўлса-да, сира тантиқ эмасди».  Опа қўлидаги суратни силаб нигоҳлари билан эркалайди, бағрига босиб ўпиб қўяди. «Ишонгимиз келмаяпти опа, шундай укамнинг, шундай келбатли укамнинг энди йўқлигига. Ўқишдан келса уйимиз тўлиб кетарди, бизам ҳар ёқдан укамни дийдорини кўриш учун ошиқардик. Менинг шундай укам бор, деб фахрлансак арзигулик эди. Тўйи бўлса, уйланса биз севимли амма бўлардик, аммо бизни ҳеч қачон жиянларимиз бўлмайди, амма деган сўзларни эшитмаймиз. Қўли теккан нарсалар кўкарарди, эккан гуллари бу йил ҳам гуллайди, эккан дарахтлари мева тугади, лекин укамни ўзи йўқ энди...» — уксинади опаси.

Бу ердан учинчи хонадонга йўл олдик. Борган сари елкамиздаги оғир мусибат юки босиб бораётгандек эди.

Умида Ғуломова, Оятуллоҳнинг онаси, Булоқбоши тумани:

— Мен интервю бермоқчи эмасдим, аммо болам ўлганда ҳам ўртоқлари билан бирга эди, қаторидан қолса бўлмас. Мана шу уй-жойлар ким учун — шу болаларимиз учун, ким учун яшаймиз, ким учун ҳаракат қиламиз, ким учун ҳаётимиз мазмунли. Мана шу болалар учун, бир кунда барча орзуларим, барча умидларим чил-чил синди. Мени болам ўлди, бошқа оналар болам, деб йиғламасин. Оналар болаларини мусофирликка ишониб жўнатсинлар, бу жуда оғир йўқотиш, бундан буёғига бу юк, бу дард билан қандай яшайман?..

16-17 ёшлардаги қизгинани кўзлари шишиб кетган. Моҳина Оятуллоҳни синглиси экан. Лицейда ўқиркан, акаси уни ўқишга кириши учун ўқишга тайёрлантираётган экан. «Синглисини ўқишга киришига ёрдам бермоқчи эди, ортидан эргаштирмоқчи эди», дейди Оятуллоҳнинг бувиси Солия хола...

Орзухон Жамолова, Мавлонбек Усмоновнинг холаси:

— Мен жияним, болам қатори бўлиб кетган болажоним ҳақида гапираман, мен холасиман. Онаси тилдан қолгандек, ўзини билмайди, эслатмайлик, ҳозиргина тинчиди. Менинг ҳам болам эди Мавлонбек. Олдимизда катта бўлган бола эди...

Орзухон опа бизга интервю бераётгани учун болажонни гавдасидек катта суратини тўсиб қўйди, шунда 83 ёшли Саломат буви аёлнинг орқасидан неварасига интилиб қарайверди, қарайверди, худди қарамаса, бувисини нигоҳлари тушмаса болажон хафа бўладигандек. Кетгунимизча юзлар марталаб қайрилиб қарагандир неварасини тўрда турган суратига...

Абдулазиз Саидов, Андижон давлат университети қошидаги лицейи инглиз тили фани ўқитувчиси:

— Ўқувчиларингдан бир эмас, тўрттаси ҳақида бирданига нохуш хабар эшитсанг, ғалати бўлиб кетар экансан. 2019 йили талаба бўлиб Тошкентга кетишган эди. Биттаси Тошкнтдаги ИНҲА университети, қолганлари ТАТУга қабул қилинишганди. Мусофирчиликда ўқишаётган эди. Қўрғонтепалик Сардорга ва булоқбошилик Давронга инглиз тилидан сабоқ бергандим. Интилиши ва қизиқиши кучли, билимли ва лицейимизнинг фахрли ўқувчилари эди улар. Намунали олийгоҳларга ўқишга киргани уларнинг яхши ўқиганидан дарак.

Энг муҳими, ота-оналарига Аллоҳим сабр берсин...

Жуда оғир юк, жуда оғир таассуротлар билан ортга қайтаяпмиз. Ким билан нима ҳақда суҳбатлашганимизни таҳлил қилишга-да очиғи, Хаёлларимиз чалкашиб кетди. Фақат кўз олдимда карахт ўтирган ОНА, бир нафар онани кўрдим, беш нафар ЎҒЛОНИДАН АЙРИЛГАН қадди дол, ҳардамхаёл, ҳалиям ёмон туш кўраяпман, дея ўзини чалғитаётган, ишонаётган онаизорни кўрдим. Уларни исмларини йўл-йўлакай хотирамда тиклашга ҳаракат қилдим.

Мана Муножот опа, Мана Гулшаной опа... Бошини юз марталар қайрилтириб неварасини деворга тиркаб қўйилган суратидан нигоҳларини уза олмаётган Саломат буви... кўзларида чексиз қайғу, чексиз мусибат. Қулоғимда уларнинг шикаста овозлари такрорланади: «Ўғлимнинг охирги гапи: «онажон пицца олдик, энди хонага кириб овқатланмоқчимиз», «Онажон душанба куни контрактимни тўлайман»... «Укам кечаси билан дарс қиларди, ўша куни тунги соат икки яримгача онлайн бўлган», «Ўғлимнинг телефони тунги 11 гача онлайн турган, нима бўлган экан-а?», «Ўғлимнинг қўллари теккан компютерлари, телефонлари қолиб кетди ижарасида, уни хотиралари қолиб кетди ўша мудҳиш уйда»... «Мени укам ҳеч қачон чекмаган, ичмаган, зарарли одатлардан нафратланган йигит эди», «Жуда ёмон иш бўлди, неварагинамнинг ўлими жуда катта мусибат бўлди», «Нега ҳалигача номаълум моддадан заҳарланган, деб аниғини айтишмайди, ахир газдан заҳарланса мутахассислар орқали лаборатория текширувларини ўтказиш мумкин-ку, синаб кўриш мумкинку қандайдир йўллар билан», «Агар овқатдан заҳарланса, еган овқатларини қолдиқларидан текшира оладиган аппаратлар бор, 21-асарда яшаймиз, техника асрида яшаймиз, наҳот аниқлаб бўлмаса»... Уларни эзаётган, шубҳалантираётган, гумонлантираётган саволлар кўп, жудаям кўп эди...

Ҳа, беш нафар инсон кетди орамиздан. Яқинларини адоқсиз саволларга, чексиз мусибатларга кўмиб кетди ўғлонлар. Улардан суратлар, яхши хотиралар, ушалмаган орзулар, сўнмаган умидлар қолди.

Кечагина ота-онасини ҳаётини қувончга, чексиз ёруғликка тўлдириб юрган алп йигитлар бугун орамизда йўқ. Беш онанинг нигоҳида бир саволни кўрдим: «Шундай болаям, шундай йигитам ўладими?.. Тинчлик замонида ҳам бирданига шунақа йигитлар ҳам ўладими?..» Йиғлаётган онаизорнинг қайси бирининг дилидаги гаплар тилига кўчганини ҳалигача эслай олмаяпман. Сабаби бир хил мусибат, бир хил азоб, бир хил йўқотиш оналарни яхлит бир фарёди кўксига сиғмаётган мушфиқ ОНАИЗОРга айлантирган эди. Уларнинг сийратлари, сувратлари, дардлари, қалб оғриқлари, ҳижрону азобларигача бир хил эди. Уларни дард ва армонлар бирлаштирди. Уларнинг дил нолалари кучли ҳайқириққа айланди. Бу Ўзбекистон оналарининг, Ўзбекистон ОНАИЗОРларининг ҳайқириғи эди: «ТИНЧ ЗАМОНДА, ОСМОНИ МУСАФФО ЮРТДА ЎЛИШГА ҲАҚҚИНГ ЙЎҚ, БОЛАМ!»

Журналист: Барно Султонова,

Тасвирчи: Акмал Қудратов,

Монтаж устаси: Фаррух Алиев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг